23:55 / 15.05.2021
3 448

Суриядан Ўзбекистонга қайтарилган 5 фарзандли аёлнинг иқрори

Суриядан Ўзбекистонга қайтарилган 5 фарзандли аёлнинг иқрори

Фото: Видеодан кадр
Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган «Меҳр» операцияси доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёл ва болалар Ўзбекистонга олиб келинганди. 30 апрель куни навбатдаги инсонпарварлик намунаси кўрсатилиб, Суриядаги уруш кетаётган ҳудудларга бориб қолган ва лагерларда уч йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 64 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди. Ватанга қайтарилганлар орасида 5 фарзанднинг онаси Дурдона Муҳитдинова ҳам бор. У Суриядаги уруш ўчоқларига қандай бориб қолгани ҳақида «Зўр тв» телеканалининг «Бу кун» дастурига сўзлаб берди.

«Чиқиб кетишимдан бир йил олдин турмуш ўртоғим катта қарзга ботиб, Швецияга ишлашга кетган эди. Ундан бир йил ўтиб ишчи виза қилдириб, мени икки фарзандим билан ўз олдига чақиртирди. Кундошим борлигини билганимда 4 нафар фарзандим бор эди. 2014 йил баҳор-ёз ойларида Skype орқали ҳар хил дарслар қила бошлашди. Шу сабаб деб ўйлайман хўжайиним ўзгаришига. Лекин бизга бир оғиз Сурия мамлакатига кетамиз, демаган. Орада кундошим ҳомиладор бўлди. Туғишига Туркияга кетамиз, деди. Шу билан у Туркияга учиб кетди. Орадан уч ой ўтиб, мен кетдим», — дейди аёл.

Дурдона Муҳитдинованинг айтишича, орадан икки ой ўтиб, турмуш ўртоғи Швецияга қайтишларини, кундошида ҳужжатлар йўқлиги сабаб самолётда қайтолмасликларини айтган. Шундан сўнг улар автобусда йўлга чиқишган.

«У ерлар Суриянинг Туркияга чегарадош жойлари экан. Бу ердан югуриб ўтасиз, дейишди. Кейин бизга қуролланган шахс ‘Газел’ машинасига ўхшаган машинада келди. Бизни ўтқазди ва катта мақорга олиб борди. Ана шу мақорга етганимизда билдим Сурияга келганимизни. У ерда қўпол муомалада бўлиб, қора ҳижоб беришди».

Орадан икки кун ўтгач у турмуш ўртоғидан жанг майдони, бомбалар портлайдиган деб эшитган бу жойга нега келишганини сўраган. Эри тинч жойда яшашларини, у ерда бомбалар бўлмаслигини, жанг аҳоли яшайдиган жойдан ташқарида эканлигини айтиб, уни тинчлантиришга ҳаракат қилган.

«Тўғриси, оёқ-қўлим бўшашиб кетади, болаларимга қарайман, орқага қайтишнинг иложи йўқ. Фарзандларим келажаги нима бўлади, бу ёғига энди нима бўлади…», — дея ўша вақтдаги ҳиссиётларини хотирлайди аёл.

Дурдона Муҳитдинованинг айтишича, уларни Сурияга олиб бориб хато қилган турмуш ўртоғи 2017 йил 5 февралда вафот этган. Оила аъзоларидан эса уларнинг Сурияда эканини фақат укаси билган.

«Ўлимга олиб борадиган инсонни жаллод дейди. Мен бу нарсаларни болаларимга айта олмайман. Отам шунақа инсон деб, бўйни эгик бўлиб, синиқ ҳолатда катта бўлишини хоҳламайман. Отаси бизни ўша ерга олиб бориб хато қилди. Билишади барибир, чунки катта фарзандларим ҳамма нарсани кўрди.

Хўжайиним 2-3 ойда бир марта интернетга олиб борарди. Олдимизда туриб ёздирарди, Швециядаман, яхшиман, тузукман, аҳволим яхши, деб турарди, холос. Айта олмаганман. Фақат укамга айтдим, Ал-ҳолдалигимизни (Суриядаги қочқинлар лагери — таҳр.) биларди, бошқа ҳеч ким билан алоқага чиқмаганман. Ёлғонларим, уларни алдаганларим… ҳозир уларнинг юзига қандай қарайман?» — дейди Суриядан қайтарилган аёл.

Унинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда, ҳеч нарсасиз қолиб кетган, очарчилик  пайтлари ҳар томонларидан бомбалар ташланган, ёнларидан ўқ узилган, кечаси жуда қаттиқ жанглар бўлган.

Аёл йўл қўйган хатоси учун ота-онаси, ватанидан кечирим сўраб, бошқаларни алданиб қолмасликка чақирган. «Биз ёлғон гапирмаймиз. Бизнинг ҳаётимиз ибрат бўлмайдими уларга? Бизнинг шунча гапларимиз ибрат эмасми? Ўйлашсин ҳар бир гапимизнинг мантиғини. Бошдан кечириб келганлармиз. Ибрат олинг, алданиб қолманг», — дея сўзларини якунлаган у.

Айни пайтда Суриядан қайтарилган фуқаролар Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаториясига жойлаштирилиб, уларга тиббий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда.

3 май куни ўтказилган брифингда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги қуролли тўқнашувлар ҳудудларидан қайтарилаётган ўзбекистонликлар ҳақида сўз юритиб, «Меҳр» операцияси доирасида қуролли тўқнашувлар ҳудудларидан она-болаларни қайтариш осон бўлмаганини айтганди.

«Кимдир билади, кимдир билмаслиги мумкин, лекин бу жуда машаққатли, қалтис жараён. Бунинг замирида Президентимизнинг қатъияти, дипломатик ваколатхоналар, хавфсизлик тузилмалари, тиббиёт ходимларининг фидойилиги ва юксак профессионаллиги ётибди. Қайтарилган юртдошларимизни реабилитация қилиш, тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш, моддий кўмаклашиш бўйича ҳам катта ишлар қилинмоқда», — деган эди у.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Суриядан Ўзбекистонга қайтарилган 5 фарзандли аёлнинг иқрори