16:00 / 17.05.2021
1 952

«Биз фақат тинчлик бўлиши тарафдоримиз» — Шавкат Мирзиёев Фаластин-Исроил можароси ҳақида


Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Тошкентнинг Учтепа тумани «Тепақўрғон» маҳалласи аҳолиси билан суҳбатда Фаластин-Исроил можаросига изоҳ берди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».

«Фаластин ва Исроилдаги воқеалар, ал-Ақсо масжиди атрофидаги ҳаракатлар ҳақида гапирар эканмиз, биз фақат тинчлик бўлиши тарафдоримиз. Албатта, ҳар қандай масала бир стол атрофида ўтириб, муроса қилинсагина ҳал бўлади», — деб таъкидлаган давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди.
«Яна бир масала борки, тўхталмасам бўлмайди. Афғонистон воқеалари — бу ҳам бизни ташвишлантирмай қолмайди. Нимага десангиз, Афғонистон бўйича шунча қилган ҳаракатларимиз бизни ҳам тинчлигимизга замин яратади», — деган у.

«АҚШ қўшинлари ва уларнинг НАТОдаги иттифоқчилари чиқиб кетганидан кейин қилган ҳаракатларимиз туфайли у ерда ҳаёт қандай бўлади? — деб сўради Шавкат Мирзиёев. — Агар узоқроқ бўлган бошқа давлатлар бу ҳақда ўйлаётган бўлса, биз учун улар — қўшни. Худо кўрсатмасин, у ерда бирор-бир можаро келиб чиқса, бу биз амалга оширган барча саъй-ҳаракатларимизга қандай таъсир қилади? Буни ёдда тутган ҳолда, тинчликни сақлаш устида ҳар куни ишлашимиз керак. Биз доим энг оғир шароитларга тайёр бўлишимиз лозим ва тайёр бўла олсак, ҳеч қачон ютқазмаймиз», — деб таъкидлаган у.

Президент йиғилганларга, шу жумладан, аёллар, оқсоқолларга қарата «адашганларни тўғри йўлга бошлаш»ни сўради.
«Тасаввур қилинг, тинчлик бўлса ва иқтисодиётимиз шу тахлит ривожланишда кетса, 10 йилдан кейин нималарга эришса бўлади? Иқтисодиёт бу — фарзандларимиз, невараларимиз келажакда қандай яшайди дегани. Бунинг учун сабр, матонат ва албатта тинчлик керак», — деган давлат раҳбари.

17 май, душанба кунги брифингда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Фаластин ва Исроил ўртасидаги вазиятнинг қатъийлашиши борасида қилган суҳбати тафсилотларига ҳам тўхталиб ўтганди.

«Мазкур масала икки давлат етакчилари телефон орқали мулоқотлари чоғида атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазиятни кескин тус олишидан жуда ҳам хавотирда. Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, томонларни зўравонликка чек қўйиш ва қон тўкилишини дарҳол тўхтатиш, бу борада мавжуд имкониятларни сафарбар қилиш керак деб ўйлаймиз», — деб таъкидлаган у.

Ўзбекистон ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлиги статус-квогача бўлган ҳолатга қайтиши керак, деб ҳисоблайди.

«Қуддусдаги ал-Ақсо масжиди ва бошқа қадамжолар урушдан аввалги ҳолат қайтарилиши керак деб ҳисоблаймиз. Ва албатта, Фаластин—Исроил муаммоси халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, БМТнинг тегишли резолюциялари ва биз кўп йиллардан бери қўллаб-қувватлаб келаётган ‘икки халқ учун икки давлат’ тамойили асосида ечилиши керак деб ҳисоблаймиз», — деган Президент матбуот котиби.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Биз фақат тинчлик бўлиши тарафдоримиз» — Шавкат Мирзиёев Фаластин-Исроил можароси ҳақида