23:57 / 22.05.2021
2 147

Ботаника институти олимлари фанга номаълум ўсимлик турини аниқлашди


Фото: Фанлар академияси
Фарғона водийсининг шимолий қисмида олиб борилган дала тадқиқотларидан бирида илмий экспедиция Қирғизистонга чегарадош ҳудуддан ҳозиргача фанга номаълум бўлган янги ёввойи пиёз турини топди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси ахборот хизмати маълум қилди.
Фото: Фанлар академияси

«Ўзбекистон ёввойи пиёзларнинг келиб чиқиши ва турлар хилма-хиллиги мавжуд ҳудуд ҳисобланади. Терилган гербарий намуналари лаборатория шароитида таҳлил қилинганда янги топилган ўсимлик тури фан учун янгилик экани аниқланди.

Унга энг яқин бўлган ўсимлик тури Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари ҳудудларидаги Баланд тоғ ҳудудида ўсадиган Аллиум минитум Введ, яъни кичик пиёз номи билан киритилган ўсимликдир. Ўхшаш белгилари улар гулининг тузилиши ва оқ рангда бўлиши, фарқи эса экологик макони ҳисобланади», дейилади академия хабарида.

Қайд этилишича, Аллиум минитум, яъни фанга ҳозирда маълум бўлган тур Алп минтақасида 3000 метрдан баландликда учраса, янги топилган ўсимлик тури адир минтақасида 1000-1100 метр баландликда ўсади.

«Ҳозирда мазкур ўсимлик турининг гули тузилиши бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, мазкур ўсимликнинг уруғи электрон микроскоп орқали ўрганилади. Шундан сўнг Институт олимлари охирги хулосани беради ва унга ном қўйилади. Ўрганиш натижалари эълон қилинади», дейилади хабарда.

Маълумот учун, ЎзР ФА Ботаника институти Ўзбекистон флораси лабораторияси ҳамда Ўзбекистон Миллий гербарийсининг энг устувор йўналиши - мамлакат ҳудудида ўсаётган ўсимликлар биохилма-хиллигининг инвентаризацияси ва даврий инвентаризациясини амалга ошириш, ўсимлик турларининг тарқалишини геоахборот технологиялар воситасида хариталаш ва маълумотлар базасини тузишга қаратилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ботаника институти олимлари фанга номаълум ўсимлик турини аниқлашди