10:53 / 03.06.2021
2 889

АҚШ комиссияси Ўзбекистондаги диний эркинликка оид вазият бўйича ҳисобот эълон қилди


Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича АҚШ комиссияси Ўзбекистонда диний эркинликка риоя этилиши бўйича 2020 йилги кузатувлари хулосасини тақдим этди.

Ҳисобот аввалида Ўзбекистонда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун янгиланаётганига эътибор қаратилган.
Ҳукумат 2020 йил давомида халқаро ҳуқуқшунос олимлар билан дин тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш масаласида маслаҳатлашувлар ўтказди, дейилади ҳисоботда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон расмийларининг илтимосига кўра, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа Кенгашининг Венеция комиссияси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ўрганиб чиқиб, қўшма хулоса берган.

Хулосада лойиҳадаги айрим ижобий янгиликлар эътироф этилган, бироқ ҳукумат дин ва диний эркинлик устидан «қатъий ва кескин чоралар кўриши мумкинлиги» белгилангани салбий қарши олинган.

«Қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга ва ЕХҲТ олдида инсон ҳуқуқлари борасида олинган мажбуриятларга тўла мос келиши учун жиддий қайта кўриб чиқилиши керак», – дея таъкидланган ЕХҲТ ва Венеция комиссиясининг қўшма хулосасида.

Халқаро ташкилотлар қонун лойиҳасида диний фаолият ва диний ташкилотлар мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилиши, давлат рўйхатидан ўтказиш учун ортиқча талаблар борлиги, диний материалларга цензура сақланиб қолаётгани, давлат амалдорларининг диний соҳада ҳаддан зиёд эркинлиги ва диний ташкилотнинг автономия ҳуқуқига аралашув борлигини танқид қилган.

АҚШ комиссияси докладида «таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси»га иқтибос келтирилган ҳолда айтилишича, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасининг амалдаги қонундан деярли фарқи йўқ, чунки унда «ҳали-ҳамон давлат рухсатисиз дин эркинлигини амалга ошириш тақиқланади, давлат рухсатисиз диний таълим бериш ман этилади, ҳукумат дин ҳақидаги барча материалларни цензура қилади ва динига бошқаларни даъват этиш тақиқланади».

Kun.uz Сенат матбуот хизматидан олган маълумотга кўра, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири юқори палатага келиб тушган. Қонун ҳозирда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича АҚШ комиссияси Ўзбекистонни яна махсус рўйхатга қайтаришни тавсия қилганди.

Конституциявий суд 666-сонли қарор устидан берилган шикоятни рад этди
АҚШ комиссияси ҳисоботида, шунингдек, 2020 йилда ҳам соқол ва рўмол мавзуси актуал бўлиб тургани, масжидлар ва черковлар каби диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш қийинлиги, Умра зиёратига бориш учун ваколатли қўмиталарга мурожаат қилиш кераклиги ҳам таъкидланган.

«Диний эътиқод эркинлиги ҳимоячилари йил бошида айрим мактаблар ва университетларга ҳижоб ўраган қизлар киритилмаётгани ҳақида хабарлар олинганини маълум қилди.
Августда адвокат Абдувоҳид Ёқубов Конституциявий судга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилда чиқарилган қарорини бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси киритди, ўша қарорда ўқувчилар ва талабалар «замонавий форма» кийиши шартлиги айтилган эди, адвокат бу қарорни конституцияга зид деб ҳисоблади. Мактаблар ва университетлар маъмурияти 2018 йилги қарордан ҳижоб ўрашни тақиқлаш учун асос сифатида фойдаланди. Конституцион суд 16 сентябрда Ёқубовнинг аризасини асоссиз деб ҳисоблаб, рад этди. Ёқубов суд қарори устидан шикоят қилмади», – дейилади докладда.

Кузатувчилар Ўзбекистондаги аэропорт ва вокзалларда намозхоналар ташкил этилгани, аввалги йиллардан фарқли равишда ибодат маросимларининг давлат органлари томонидан тасвирга олиниши ҳолатлари ҳақида хабарлар келиб тушмаганини эътироф этган.

«Экстремизм тушунчасининг таърифи жуда кенг»
Ҳисоботда қайд этилишича, фаоллар экстремизм тушунчасига қонунчиликда берилган таъриф жуда кенглиги, у зўравонликсиз диний эътиқод ва зўравонликни дастаклайдиган мафкуралар ўртасидаги тафовутни аниқлашга имкон бермаслигидан хавотир билдириб келади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг сўзларига кўра, диний экстремизмда гумон қилиниб қамоққа ташланган кишиларга жисмоний куч ишлатиб, шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари барҳам топмаган.

«Феврал ойида ОАВ тарқатган хабарга кўра, ННТ вакиллари Навоий вилоятидаги ахлоқ тузатиш колониясида қамоқда ўтирган диний маҳбус Амирбек Хўжаевга шафқатсиз муносабатда бўлингани юзасидан Омбудсманга шикоят қилган. Хўжаевнинг онасига кўра, унинг ўғлини яланғоч ечинтиришиб, қўлларини боши ва бўйни орқасига қўйиб, кишан тақиб, дўппослашган.
Шунингдек, ННТларнинг хабар қилишича, масъул шахслар маҳбусларни Рамазон ойида рўза тутишига имкон бермай, оғзига овқат тиқиб, таҳқирлаган», – дейилади америкалик кузатувчилар хулосасида.

Диний маҳбуслар
2020 йилда Ўзбекистон ҳукумати террористик ва экстремистик фаолият билан шуғуллангани учун судланган кишиларнинг умумий сони ёки расман тақиқланган ташкилотларга мансуб ва айни чоғда қамоқ муддатини ўтаётган кишилар сони ҳақида маълумот бермаган.
Ҳукумат сўнгги марта 2018 йилда юқорида санаб ўтилганидек турдаги жиноятлар учун 1503 нафар маҳбус қамоқда ўтирганини маълум қилган. ННТ вакиллари бу рақам юзасидан мустақил текширув ўтказиш имконсизлигини билдирган.

Ўзбекистон расмийларига кўра, 2020 йил давомида диний сабабларга кўра бирорта ҳам фуқаро ҳибсга олмаган.
Йил давомида диний-экстремистик ташкилотларга аъзолик ёки диний экстремистик фаолият билан шуғулланганлик учун 38 кишига нисбатан 18 та жиноят иши қўзғатилган. Тақиқланган диний материаллар сабаб 22 та жиноий иш очилган.

АҚШ Комиссиясининг дин фаоллари берган маълумотларга таяниб ёзишича, қамоқхона нозирлари диний сабабларга кўра қамалган маҳбусларга янги айбловлар қўйган, янги айбловлар эса янги ҳукмларга асос бўлган; оқибатда дастлабки қамоқ муддатини анча йиллар олдин ўтаб бўлган кўплаб кишилар қамоқда қолишда давом этган.

«Президент Шавкат Мирзиёев йил давомида 5 та алоҳида ҳолатда жами 616 нафар маҳқумни озод қилди ёки қамоқ муддатини қисқартирди, шулардан 243 нафари дин ҳақидаги қонун талабларини бузгани учун қамалган эди.

Ҳукуматнинг 1 августда чиқарилган ва режалаштирилган қамоқдан озод қилиш ҳолатлари тўғрисидаги видеоролигида Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги собиқ президент Ислом Каримов 2016 йилда вафот этганидан сўнг 4500 нафар маҳбус, жумладан, 1584 нафар диний маҳбус озод қилингани ёки афв этилгани, улардан 1215 нафари озод этилгани, 369 нафарининг эса ҳукми енгиллаштирилганини эълон қилди.

1 августдаги эълондан сўнг, 27 август ва 7 декабрда ҳам янги маҳбуслар озод этилди, натижада 2016 йилдан бери озод этилган ёки ҳукми енгиллаштирилган маҳбуслар сони 1710 кишига етди», – дейилади ҳисоботда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » АҚШ комиссияси Ўзбекистондаги диний эркинликка оид вазият бўйича ҳисобот эълон қилди