11:55 / 09.06.2021
2 171

Тошкентда бузилаётган реклама баннерларидан бири ҳаракатланаётган Spark устига қулади (видео)


Фото: Telegram
Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Ғафур Ғулом боғи олдида демонтаж қилинган реклама конструкцияси ҳаркатланаётган Spark устига қулагани тасвирланган видео тарқалди.

8 июнь куни Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчасида, Ғафур Ғулом истироҳат боғи қаршисида демонтаж қилинаётган реклама билборди кўчада ҳаракатланиб кетаётган Spark автомобили устига қулади. «Kun.uz»нинг автомобиль ҳайдовчисига таяниб ёзишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, аммо машинага зиён етган.

Ҳайдовчининг сўзларига кўра, реклама конструкцияларини бузаётган кишилар Тошкент шаҳар ҳокимлигидан эканини, конструкциялар шаҳар ҳокими ўринбосарининг буйруғи асосида бузилаётганини билдирган.

Шундан сўнг, ҳокимлик вакиллари йиқитилган конструкция туфайли автомобилга етказилган зарар икки ўртада, 50/50 тарзида қопланишини айтган. «Биз ҳам буйруқни бажаряпмиз, пулини тўлаб беролмаймиз», деган масъуллар.

Ҳайдовчи бунга рози эмаслигини айтиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимини чақирган. Унинг айтишича, ЙҲХ ходими ҳам ҳокимлик вакилининг гапларини қувватлаб, бу «баҳсли вазият» эканини билдирган ва автомобилни жарима майдонига олиб бориб қўйган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида реклама конструкцияларини оммавий бузиб ташлаш ишлари 8 апрелдан бошлаб амалга оширилмоқда. Ташқи реклама объектларининг эгалари конструкциялар қонун бўйича ўрнатилгани, «снос» бўйича кўрсатма «юқоридан» бўлганини маълум қилган. Тадбиркорлар ҳозирга қадар 700 дан ортиқ баннерларни олиб ташлаган ҳукуматнинг ҳаракатини ноқонуний деб айтмоқда, чунки баннерлар суд қарорисиз бузиб ташланмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият