01:00 / 16.06.2021
2 375

Иштихон ҳокимлиги матбуот хизмати ходими журналист камерасининг флешкасини «еб қўйди»


Самарқанд вилояти Иштихон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ходими «Менинг юртим» (MY5) телеканали журналистларининг ишига аралашишга уринган. Қайд этилишича, ходим хотира картасини оператор камерасидан олиб ташлаб, оғзига солиб «еб қўйган».

Телеканал журналистининг сўзларига кўра, ижодий гуруҳ 14 июнь куни туман деҳқон бозорида содир бўлган ёнғин оқибатлари тўғрисида репортаж тайёрлаш учун Самарқандга йўл олган. Унинг таъкидлашича, тадбиркорлар билан суҳбатлашган туман ҳокимидан изоҳ олмоқчи бўлганида, ҳокимият матбуот хизмати ходими Илҳом Бобоев журналистларга қаршилик кўрсатишни бошлаган.

«Ҳокимлик ахборот хизмати айнан ёнғин жойидан тасвирлар олишимизга қаршилик кўрсатиб, муаммо ҳал бўлганини айта бошлади. Биз ҳеч қандай муаммони эмас, бўлган воқеани ёритмоқчимиз, дейишимизга қарамасдан қаршилик кўрсатишда давом этди.

Кейин эса тўсатдан камерамиздан хотира картасини олиб қўйди. Шерикларим унинг картани оғзига солиб, чайнаб юборганини айтмоқда. Ахборот хизмати ходими картани чайнаб йўқ қилдими, ютиб юбордими, нима қилди, аниқ билмайман. Аммо унда жуда муҳим ишларимиз бор эди. Тезда вазиятга ИИБ ходимлари аралашиб, Илҳом Бобоевнинг бизга қаршилигини тўхтатди, аммо барибир хотира картасиз қолдик», — дейди мухбир.

Иштихон туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари мазкур ҳолат бўйича изоҳ ҳам берган.
«Бозордаги ҳолатни ўрганиш учун кечаси соат 01:00 да боргандик. Тушга яқин энди одамларни тинчлантирай деганимизда ҳаммаси қайтадан бошланди. Фуқаролардан интервью олишлари жараёнида яна одам йиғилиб кетди. Одамлар жазавада эканини бир неча бор тушунтирдим, одамлар, аёллар яна уришиб кетишди. Хуллас, тушунмовчилик бўлди», — деган у.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги мазкур ҳолат назоратга олинганини маълум қилган.
«Иштихон туманида ҳокимлик матбуот хизмати ва журналист билан боғлиқ ҳолат вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда АОКА ҳудудий бошқармаси томонидан иккала томон иштирокида тўлиқ ўрганиб чиқилиши белгиланди», — дейилган хабарда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Иштихон ҳокимлиги матбуот хизмати ходими журналист камерасининг флешкасини «еб қўйди»