11:16 / 02.07.2021
3 441

Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазият юзасидан фикр билдирди


Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни Ботаника боғида ўтказилган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида Афғонистондаги вазият юзасидан фикр билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, минтақамиз ва дунёдаги вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Ўзбекистоннинг миллий хавфсизлиги, тинч ва осойишта ҳаётимизга нисбатан таҳдид ва хатарлар кучаймоқда.

«Мана, ўзингиз телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали кўряпсиз, қўшни Афғонистондаги аҳвол мураккаблашиб бормоқда. Бундай вазият Қуролли Кучларимиз салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишларни, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси билан уйғун ҳолда олиб боришни талаб этмоқда. Шу боис ҳушёрлик ва огоҳликни ошириш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлигимизни мустаҳкамлаш, ҳар қандай таҳдидларга муносиб жавоб беришга тайёр бўлиб яшаш ҳаётнинг ўткир заруратига айланмоқда», — деган Президент.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ёш авлоднинг онгини салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш ўзини ватанпарвар деб ҳисоблайдиган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, айниқса, ёшларнинг асосий бурчи бўлиб қолиши шарт.
«Ҳозирги вақтда миллий армиямиз, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, чегара қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбийларимиз чинакам Ватан ўғлонлари, жасур аждодларимизнинг муносиб давомчилари эканини амалда исботламоқда. Улар халқаро ҳарбий мусобақаларда, жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз байроғини баланд кўтараётганларини барчамиз яхши биламиз», — деган давлат раҳбари.

Президент ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва спортга жалб этиш масалаларига устувор аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлаган.
«Шу мақсадда Мудофаа вазирлиги ҳузурида ‘Ватан ўғлони’ болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлайман. Ҳаракатнинг ҳар бир мактабда тузиладиган отрядлари жами 200 мингдан ортиқ ўқувчиларни қамраб олиб, уларни тарбиялашда асосий кучга айланиши керак», — деган Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, Мудофаа ва Халқ таълими вазирликлари вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга ушбу тизимни самарали йўлга қўйишга масъул бўлади.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Афғонистон шимолида ҳукумат қўшинлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасида жанговар тўқнашувлар давом этмоқда. Ушбу мамлакатда бўлаётган воқеалар бўйича шу йилнинг 24 июнь куни Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон давлати ва ҳукуматининг расмий позициясини эълон қилди.

23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтди. Зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг, улар ватанига қайтарилди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Афғонлар Ўзбекистон ҳудудига бундан кейин ҳам яна бир неча бор қочиб ўтганини маълум қилди.

23 июнь куни Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон телефон орқали суҳбатлашиб, Афғонистоннинг шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларида, икки мамлакатнинг Афғонистон билан давлат чегараси ўтадиган ҳудудлари бўйлаб вужудга келаётган таҳликали вазиятни жуда кескин деб баҳолади. Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам телефон орқали мулоқот қилиб, Афғонистон чегараолди ҳудудларидаги вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазият юзасидан фикр билдирди