08:36 / 27.07.2021
1 082

Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш яқин орада йўлга қўйилиши айтилди

Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш яқин орада йўлга қўйилиши айтилди

Фото: Global Look Press
Ўзбекистон яқин орада Россиянинг «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. «РИА Новости»нинг хабар беришича, бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Рашид Нургалиев маълум қилди.

Нургалиев «Российская газета»га берган интервьюсида Россия МДҲ мамлакатларига табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, биологик таҳдидларга қарши кураш, хавфли юқумли касалликлар тарқалишига қарши курашда кўмак беришини таъкидлаган.

«Таъкидлаш жоизки, COVID-19 пандемияси ушбу муаммони ҳал қилишнинг мураккаблигини кўрсатди ва давлатимиз ва МДҲдаги шерикларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига яна бир бор урғу берди.
Беларусь ва Қозоғистонда унинг (‘Спутник V’ вакцинаси — таҳр.) ишлаб чиқарилиши Россия технологиялари асосида йўлга қўйилган, Ўзбекистонда эса вакцина ишлаб чиқаришни яқин орада бошлаш режалаштирилмоқда», — деган Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, май ойининг охирларида Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга келишиб олганини, Ўзбекистон томони дори воситаси ишлаб чиқариладиган ҳудудни ҳам танлаганини маълум қилганди.

Июль ойининг бошларида Zuma-Pharma МЧЖ фармацевтика корхонасининг сифат назорати бўйича раҳбар ўринбосари Илҳом Сабуров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Тошкент вилоятидаги «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зонасида «Спутник V» вакцинаси ишлаб чиқарилиши мумкинлигини айтганди.

«Шприсларда ишлаб чиқариладиган дори воситалари линиясида инактивация қилинган вакциналарни ишлаб чиқариш имконига эга бўламиз, яъни коронавирусга қарши ‘Спутник V’ вакцинасини ишлаб чиқариш имкони бўлади. Агарда лойиҳамиз ишга тушса, йилига 18 миллион дона вакцина ишлаб чиқариш имконияти бўлади», — деган эди у.

Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини оммавий қўллаш жараёнига 17 февраль куни рухсат берилган. 5 июль куни Ўзбекистонга Россиядан «Спутник V» вакцинасининг навбатдаги 40 минг дозали 1-компоненти олиб келинди. 1 июнь куни ушбу вакцинанинг 70 минг дозали 1-компоненти, 10 июнда 70 минг дозали 2-компоненти, 15 июлда 70 минг дозалик 1-компоненти, 20 минг дозалик 2-компоненти олиб келинди. Апрель ойида ушбу вакцинанинг 100 минг дозаси келтирилганди (унинг 50 минг дозаси 1-компонент, 50 минг дозаси 2-компонент).

Шундай қилиб, Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинаси захираси 370 минг дозага етди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш яқин орада йўлга қўйилиши айтилди
[/banner_pushhouse