01:21 / 02.08.2021
5 192

Қашқадарё вилоят Молия бошқармаси бошлиғи Косон тумани молия мудирини ҳақорат қилди


Файзулла Юсупов / Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Қашқадарё вилояти Молия бошқармаси бошлиғи Файзулла Юсупов Zoom орқали ўтказган йиғилишида ўзига эътироз билдирган Косон тумани молия бўлими мудирини ҳақорат қилган. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Ф.Юсупов бу хатти-ҳаракати юзасидан қатъий огоҳлантирилган. Шунингдек, Молия вазирлигига тақдимнома киритилган.

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Молия бошқармаси бошлиғи Файзулла Юсупов ходимлари билан Zoom орқали ўтказган йиғилишида Косон тумани молия бўлими бошлиғи Ш.Сафаровни ҳақорат қилгани ёзилган аудиоёзув тарқалди. Унда Ф.Юсупов Ш.Сафаровга «Йиғилишга тайёргарлик кўриб кел, сен ноинсоф, эшак» деган. Сўнг унинг ушбу ҳақоратига «Бир эшак деб юборяпсиз, бир ҳайвон. Ким ҳайвон?» деб эътироз билдирган Ш.Сафаровга бошлиқ «Сен ҳайвонсан. Тўхтаб тур, сен бола. Сен факсограмма олмасдан туриб молия мудири бўлиб ўтирибсанми ҳали? Чиқиб кет йиғилишдан. Чиқар бу ноинсофни», деб баттар ҳақорат қилган.

Мажлис давомида Ф.Юсупов ходимларидан бирига Косон туман ҳокимига ўзи номидан молия мудирини ишдан олишини сўраб хат ёзишни, нусхасини вилоят ҳокимига юборишни буюрган. Бундан ташқари, у ходимни «Ҳайвон дедингиз», деб ликиллайди. Ҳайвондан нима фарқи бор бу эшакнинг?! Ҳайвон бу, «натуральний», деб яна ҳақорат қилган. Бундан ташқари, яна бир нечта туман молия мудирларига пўписа қилган.

Маълум қилинишича, ҳолат вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Эркаев раҳбарлигида Ф.Юсупов ва Ш.Сафаров иштирокида вилоят ҳокимлигида муҳокама қилинган. Муҳокама давомида Ф.Юсупов иш фаолиятида ходимларга нисбатан одоб-ахлоқ нормаларига амал қилган ҳолда муносабатда бўлиш ҳамда масалаларни қонун доирасида кўриб чиқиш юзасидан қатъий огоҳлантирилган.

Бундан ташқари, бу каби ҳолатлар вилоятнинг бошқа ташкилотлари раҳбарлари иш фаолиятида қайтарилишининг олдини олиш ҳамда раҳбарларнинг масъулиятини ошириш мақсадида, вилоят Молия бошқармаси бошлиғи Ф.Юсуповнинг масъулиятини кўриб чиқиш юзасидан Молия вазирлигига тақдимнома киритилган.

«Вилоят ҳокимлиги келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ташкилотларининг барча раҳбарлари билан ходимлар ва фуқаролар билан муносабатда бўлишда одоб-ахлоқ нормаларига риоя қилиши тўғрисида профилактик суҳбатлар ўтказилади», дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарё вилоят Молия бошқармаси бошлиғи Косон тумани молия мудирини ҳақорат қилди