17:50 / 04.08.2021
3 933

Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этадиган биринчи расмий номзод эълон қилинди


Фото: «Gazeta.uz»
Ўзбекистон президентлик сайловида Экопартия томонидан партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов номзод сифатида қатнашадиган бўлди.

UzReport’нинг хабар беришича, бу ҳақда 4 август куни Экологик партия марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида маълум қилинди.

Пленумда мамлакатда тобора долзарб бўлиб бораётган экологик муаммоларни ҳал этиш, жамиятда аҳолининг эътиборини экологик муаммолар ва уларнинг ечимига қаратиш, инсон саломатлигини асраш ва соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасида жамият олдида турган ўта муҳим масалаларни ҳал этишни ўз зиммасига олган ҳолда партиянинг мазкур сайловда қатнашиши тўғрисида пленум қарори қабул қилинди.

Ушбу долзарб масалаларни ўзида акс эттирган дастур билан Ўзбекистон Президенти сайловида қатнашиши учун партия ўзининг бўлажак номзодини сезд муҳокамасига киритиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Маълумот учун, Нарзулло Обломуродов 2019 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган. 2021 йилнинг февралида Экопартия этиб сайланган. Ундан аввал Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида раис ўринбосари бўлган, ундан ҳам аввал эса Президент администрацияси Халқ қабулхонаси фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўлимини бошқарган.

Қонунчиликка кўра, партия юқори органи унинг номзодини маъқуллаши, Республикадаги жами сайловчиларнинг камида 1 фоизи номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши керак бўлади.

Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Мазкур сайловларда 5 та партия – «Адолат» СДП, «Миллий тикланиш» ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга. Экопартия 2021 йилги президентлик сайловида биринчи бўлиб ўз номзодини кўрсатди.

Президент сайлови 24 октябрь куни ўтказилади. Сайловга жами 300 миллиард сўм, ҳар бир номзодга эса 3 миллиард сўмдан ажратилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этадиган биринчи расмий номзод эълон қилинди