11:53 / 17.08.2021
2 060

«Маишатга берилган ҳокимни мутлақо кечириб бўлмайди» — Шавкат Мирзиёев

«Маишатга берилган ҳокимни мутлақо кечириб бўлмайди» — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида ҳокимлар ҳақида гапираркан, уларнинг мансабпараст ва маишатга берилганларини кечиролмаслигини айтган.

«Жойларда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши биринчи навбатда ҳокимларга, уларнинг билим ва тажрибаси, ишбилармонлик хусусиятларига боғлиқ. Энг муҳими, улар одамларнинг ишончини қозонган бўлиши шарт. Аҳоли жойлардаги раҳбарларга, уларнинг иши, хизмат ва муомала маданияти, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий савиясига қараб, давлат ҳокимиятига баҳо беради. Лекин очиқ айтадиган бўлсак, ҳокимлар, умуман, қуйи бўғиндаги раҳбарларнинг барчаси ҳам эл-юрт ўртасида етарли обрў-эътиборга эга эмас.

Афсуски, кўпчилик раҳбарлар халқнинг ичига кириб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшашни қандайдир иккинчи даражали иш, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам улар кўп-кўп масалаларда заиф ва ожиз бўлиб қолмоқда.

Аслида халқ билан мулоқот, доимо инсонлар ташвиши ва муаммоларини ўйлаб яшаш ҳар қандай раҳбар учун биринчи ва муқаддас вазифа бўлиши шарт. Раҳбарлик ва бошқарув маданияти, ҳаётий билим ва тажрибалар қаердан бошланади? Халқ билан бевосита мулоқот қилишдан бошланади. Айниқса, қуйи поғонадаги раҳбарлар ўз дунёқарашини ўзгартириб, оддий фуқарога елкадош бўлиб, тадбиркорга дўст бўлиб ишламаса, биз қанчалик кўп куч ва маблағ сарфламайлик, фармон ва қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, жойларда ислоҳотларимизнинг олдинга юриши қийин бўлади.

Яширишнинг ҳожати йўқ – жуда оғир, таҳликали ва шафқатсиз рақобат замонида яшаяпмиз. Дунё шундай шиддат билан ўзгаряптики, кечаги сиёсий-иқтисодий таҳлил ва башоратлар бугунги кунга тўғри келмаяпти. Ўзаро қарама-қаршилик, “савдо урушлари”, экологик муаммолар кучайиб бормоқда. Ана шундай мураккаб шароитда эл-юрт билан ҳамдард, ҳамнафас бўлиб яшамайдиган, ҳаётнинг ўзи тақозо этаётган оддий ҳақиқатларни тушунмайдиган мансабдорларнинг раҳбар сифатида келажаги йўқ. Уларга бирон-бир масъулиятли вазифани ишониб ҳам бўлмайди.

Бир пайтлар мен ҳам ҳоким бўлиб ишлаганман. У вақтлардаги шароитни ҳозирги имкониятлар билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Кўп-кўп масалаларда қўл-оёғимиз боғланган эди, ҳамма нарсани “тепа”нинг қош-қовоғига қараб бажаришга тўғри келарди. Энг ёмони, қуйи бўғиндаги муаммолар бўйича юқори идоралардаги салқин кабинетларда ўтирган, қишлоқ ёки овулларда қийналиб яшаётган одамларнинг дарду ташвишларидан бутунлай йироқ бўлган, жойларда аҳвол қандай эканини тасаввур ҳам қилолмайдиган валломатлар қарор қабул қиларди.

Бугун эса ҳокимлар мустақил қарор қабул қилиб, мустақил иш олиб бориш ваколатига эга. Улардан илгаригидек ҳар бир қадамини Тошкентда, марказий идоралардаги мутасаддилар билан келишиш, бўлар-бўлмасга ижозат сўраш талаб этилмайди.

Ҳоким, раҳбар инсон сифатида, ниманидир билмаслиги ёки кўздан қочириши, хатога йўл қўйиши мумкин, буни тушунса бўлади, лекин у ана шу хатоларини тан олмаса, уларни тузатишни истамаса, ўқиб-ўрганишга, янгича ишлашга, ўз билим ва тажрибасини оширишга интилмаса, манфаатпарастлик ва маишатга берилган бўлса, бу ҳолатни мутлақо кечириб бўлмайди.

Менинг асосий талабим – одамларни тушуниш, уларнинг қувончу ташвишлари билан яшаш, ён-атрофдаги вазиятга оддий халқнинг кўзи билан қараш ва баҳо бериш, эл-улусдан ажралиб қолмаслик керак. Шундагина ҳудуд ёки тармоқни бошқариш ва муҳим қарорлар қабул қилишда аниқ самара бўлади.

Ҳар бир раҳбарнинг фаолият мезони – бу халқнинг орзу-умидларини ўзи учун асосий мақсад қилиб, уларни изчиллик билан рўёбга чиқаришдан иборат.

Ҳоким ва вазирларимиз, компания ва банкларимиз раҳбарлари орасида фаол, ишнинг кўзини биладиган, чуқур фикрлайдиган янги авлод вакиллари етишиб келаётгани мени қувонтиради. Улар халқ билан очиқ мулоқот қилмоқда, ташаббус кўрсатмоқда, юқоридан кўрсатма кутиб ўтирмасдан, мустақил ва дадил иш олиб бормоқда.

Афсуски, баъзи етакчи ва мутасаддилар манманликка берилиб, ҳаволаниб, оёғи ердан узилганини билмай қолади. Бу – улар учун ҳақиқий фожиа. Албатта, бундай раҳбарларга бизнинг сафимизда ўрин бўлиши мумкин эмас. Бу нафақат Президентнинг, айни пайтда халқимизнинг, ҳаётнинг талабидир», деган Шавкат Мирзиёев.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Маишатга берилган ҳокимни мутлақо кечириб бўлмайди» — Шавкат Мирзиёев
[/banner_pushhouse