22:30 / 07.09.2021
2 509

Қарздор ижро ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатганлиги боис, жиноий иш қўзғатилган

Қарздор ижро ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатганлиги боис, жиноий иш қўзғатилган
Жорий йилнинг 5 сентябрь куни «Telegram» ижтимоий тармоғидаги «Turon24» каналида «Қашқадарёда ўқитувчи алимент сабабли қамалди» сарлавҳали видеохабар тарқалди. Ушбу хабар Бюронинг вилоят бошқармаси томонидан ўрганилди.

Айтиб ўтиш керакки, Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочилари суд ва бошқа ваколатли органлар қарорларини ижро этади. Ушбу қарорлардан норози бўлган фуқаролар судга мурожаат қилишлари керак бўлади ва бу ҳақида уларга тушунтирилади. Аммо баъзида қарздорлар буни билишса-да, ўз аламини давлат ижрочиларидан олмоқчи бўлишади. Қарздор фуқаро Э.Садинов ҳам шу йўлни танлади.

Аниқланишича, ФИБ Қарши туманлараро судининг 08.09.2018 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор Э.Садиновдан ундирувчи З.Раҳмонованинг фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ¼ қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати 20.09.2018 йилда Бюронинг Қамаши тумани бўлими иш юритувига келиб тушган. Шу куннинг ўзида ижро иши юритиш тўғисида қарор қабул қилиниб, тарафларга маълум қилинган. Шунингдек, уларга ўз қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган, қарздор Э.Садиновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрсида қарор қабул қилинган.

Э.Садинов 2021 йилнинг май ойига қадар бўлган алимент пулларини тўлаган. Давлат ижрочиси томонидан 24.08.2021 йилдаги алимент қарзини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорига асосан қарздор июнь, июль ва август ойлари учун алимент пулларини тўламаганлиги боис, қарздорлиги 1.947.615 сўмга етган.

Э.Садиновга алимент тўлаш билан боғлиқ қонунчилик талаблари яна бир бор тўлиқ тушунтирилиб, алимент пуллари тўланмасдан қолган тақдирда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47/4-моддаси талаблари асосида жавобгарликка тортилиши ҳақида расмий огоҳлантириш берилган.

Даъвогар З.Раҳмонованинг мурожаати асосида жорий йилнинг 24 август куни қарздор Э.Садиновнинг алимент қарздорлигини ундириш мақсадида, унинг ижро варақада кўрсатилган манзилига бўлим бошлиғи ўринбосари, давлат ижрочилари ва холислар иштирокида борилган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор ва унинг онасига суд қарорида кўрсатилган талаблар тушунтирилиб, қарздорликни бартараф этишлари, акс ҳолда, қарздорлик унинг мол-мулки ҳисобидан ундирилиши такроран айтилган. Аслида қарздорга бу ҳақида суд қарори чиққан пайтда ҳам, ундан кейин бир неча маротаба айтилган. Шунингдек, ҳаммамиз яхши биламизки, қонунни билмаслик, ҳеч кимни жавобгарликдан озод қилмайди.

Қарздорлик бартараф этилмаганидан сўнг, давлат ижрочилари томонидан қарздорнинг мулкий ҳолати кўздан кечирилиб, яшаш уйидан бир дона 32 дюмли рангли телевизор хатлаб чиқилаётган вақтда қарздор ва унинг оила аъзолари томонидан ижро ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатилган. Ножўя сўзлар билан ходимларни хақорат қилиб, уларнинг қўл, юз ва танасининг турли қисмларига енгил тан жароҳати етказиб, (шунингдек, темир жисм билан ҳам) давлат органи ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан, Қамаши туман прокуратураси томонидан олиб борилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, қарздор Э.Садиновга нисбатан Жиноят Кодексининг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси
Қашқадарё вилоят бошқармаси

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият