
ОАВни қўшимча қиймат солиғидан озод қилиш бўйича президент қарори тайёрланган ва ушбу қарор айни кунларда имзоланиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров 23 сентябрь куни ўтказилган давра суҳбатида маълум қилди, дея хабар берди Kun.uz нашри.
Уюшма раҳбари журналистнинг шу мазмундаги саволига жавобан шунингдек, ўз шахсий қарашларини ҳам билдириб ўтди.
«Бу жойда қизиқ бир ҳолат бор. Оммавий ахборот воситаларини қўшимча қиймат солиғидан озод қилиш бўйича имтиёз бериш бошқа давлатлар тажрибасида кузатилмаяпти.
Бугун ОАВга уни ҚҚСдан озод қилиш имконини берсак, эртага унинг олдига бошқа соҳалар ҳам кириб келиши мумкин. Кейин уларнинг кўпайиши ОАВ учун берилган имтиёзнинг ёппасига бекор қилинишига ҳам сабаб бўлади.
Шахсий фикрим шундайки, бу масалада бошқачароқ ёндашув мақсадга мувофиқ. Яъни ОАВни ялпи ҚҚСдан озод этиш эмас, балки уларга бошқача кўринишдаги имтиёзни бериш керак. Чунки қўшимча қиймат солиғи имтиёзи қачондир бекор бўлиши мумкин. Шунинг учун биз қонунчиликда муайян норма топишимиз керакки, у ОАВни қўллаб-қувватласин», – деди Олимжон Ўсаров.
Уюшма раисининг қўшимча қилишича, 2007 йилда оммавий ахборот воситаларини моддий қўллаб-қувватлайдиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган, аммо у ҳанузгача имзоланмаган.
«Шу қонун қабул қилинганда эди, ҚҚС билан боғлиқ қийинчилик бўлмасди. Ўйлашимча, бу жараён жуда чуқур ўрганилиши керак», – Олимжон Ўсаров. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар