11:00 / 28.09.2021
2 221

Сурхондарёда ЙПХ ходимини Lacetti капотида судраб кетган ҳайдовчи қамоққа олинди

Сурхондарёда ЙПХ ходимини Lacetti капотида судраб кетган ҳайдовчи қамоққа олинди
Сурхондарёда ЙПХ ходимини Lacetti капотида 3-4 километргача судраб кетган ҳайдовчи қамоққа олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Воқеа 13 сентябрь куни Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманида юз берган. Туманнинг «Сурхон соҳили» МФЙ ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Lacetti ҳайдовчиси Т.Ҳ. йўлнинг қатнов қисмида сабабсиз тўхтаб, сунъий тирбандлик ҳосил қилгани сабабли ушбу автомашина ҳайдовчисининг ёнига бориб, ўзини таништирган ва тегишли ҳужжатларни тақдим этишни, машинани йўлнинг четига олишини айтган.

Ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабини бажармасдан, автомашинани унинг устига ҳайдаган. Ходим тўхтаб турган автомашина олдида бўлганлиги сабабли унинг олд капотига осилиб қолган. Ҳаракатланиб бораётган автомашина олд қисмида бўлган ЙПХ инспектори ҳайдовчини бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан уни, тахминан, 3-4 километр масофагача ҳайдаб кетган.

Автомашинани буриб ҳаракатланиш жараёнида ЙПХ ходимини йиқитиб юбориб, тан жароҳати етказиб, уни хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган ҳолда воқеа жойидан қочиб кетган.

Ҳолат юзасидан 25 сентябрь куни туман прокурори томонидан фуқаро Т.Ҳ.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Унинг жиноий ҳаракатлари бодикамерада ёзиб олинган видеотасма, суд тиббий, криминалистика, авто тех, тросология экспертизалари, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва жиноят ишидаги бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

27 сентябрь куни унга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан айб эълон қилиниб, жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган. Шу куни ЖИБ Қумқўрғон туман судининг ажрими билан туман прокурорининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, Т.Ҳ.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сурхондарёда ЙПХ ходимини Lacetti капотида судраб кетган ҳайдовчи қамоққа олинди