11:58 / 28.09.2021
2 009

Шавкат Мирзиёев ОАВ вакиллари билан суҳбатлашди

Шавкат Мирзиёев ОАВ вакиллари билан суҳбатлашди
Наманганда сайловчилар билан учрашув якунланганидан сўнг Шавкат Мирзиёев Давлатобод тумани "Орзу" МФЙда янги қуриб битказилган "Саховат уйи"га ташриф буюрди.

Намангандаги "Саховат уйи" уйи муаммоси амалдаги президентнинг вилоятга аввалги ташрифида кўтарилган, 2021 йил 19 февралда Шавкат Мирзиёев қариялар турмуш шароити билан танишиб, мутасаддиларга зудлик билан чора кўришни тайинлаганди. Ўтган 4 ой давомида 120 ўринли комплекс тўлиқ қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди.

Бир кам дунё дейишади, ҳамманинг ҳам ўзига яраша ташвиши бор. Менинг мақсадим сизларнинг ташвишингизни оз бўлсада енгиллатиш. Ўйлайманки сизлар учун яратилган бу шароитлардан хурсанд бўласиз. Ўзи ўтган сафар сизлардан хабар олиш учун келмоқчи бўлганимда менга йўл ёмонлигини айтиб чалғитмоқчи бўлишганди. Мен “Отда бўлса ҳам кўришга бораман”, дегандим. Кўнглим сезган экан, олдинги жойингиз сизларга муносиб эмасди. Энди бу ерда бемалол дам олиб, ёшларни дуо қилиб ўтирасизлар”, – деди Шавкат Мирзиёев.

"Саховат уйи"даги шароитлар билан танишув чоғида Шавкат Мирзиёев ОАВ вакиллари билан ҳам суҳбатлашди:
Мана, сайловчилар билан учрашувларимизни кузатиб боряпсизлар. Катта ислоҳотлар ваъда қиляпмиз, ҳар бир ҳудуднинг шароитидан келиб чиқиб алоҳида дастур ва режалар тузяпмиз. Биламан, ислоҳотлар осон бўлмайди. Мен ҳам осон йўл тутишим мумкин эди. Лекин инсон бу дунёга бир марта келади ва ўз халқи оғирини енгил қилиш учун яшаши лозим.

Менга йиғилишларни кўп ўтказяпсиз, дейишади. Лекин айтинглар-чи, бир соҳани муҳокама қилиб, бошқа соҳа ҳақида тўхталмаслик мумкинми? Ахир ҳамма сайловчилар ўзининг соҳаси бўйича янгиликлар кутади, “қани, бизда нима ўзгариш бўлар экан?” деган савол қўяди. Мен ҳар бир учрашувдан кейин катта масъулият билан қайтаман, чунки айтилдими, бажарилиши керак.

Андижонда 400 минг аҳолига шаҳар қуряпмиз, энди наманганликлар савол қўйишяпти, бизда бундай шаҳар барпо этилмайдими, деб. Албатта, бу ерда ҳам қурамиз. Фақат аввал инфраструктурани яратамиз, йўлини қиламиз, коммуникацияни олиб келамиз, мактаб, боғчаларини ҳам тенгма-тенг барпо қиламиз. Ёдингизда бўлса пойтахтнинг Сергели туманида 500 та уй қуришга киришгандик. Ўшанда биринчи масала аҳолини уй-жойи билан таъминлаш эди. Аммо кейинчалик мактаб, боғча каби ижтимоий объектларга табиий эҳтиёж пайдо бўлди.

Маҳаллаларга янги масъулият юклаяпмиз, энди қуйи бўғинда тумандаги маҳаллаларга бириктириладиган “ҳоким ёрдамчилари” лавозимлари жорий этилади.

Улар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш орқали, камбағалликни қисқартириш ва янги иш жойларни яратиш бўйича, ишлар олиб боради. Маҳаллада бюджет қачон кўпаяди – тадбиркорлик ривожланса.

Хўш, тадбиркорлик қачон ривожланади – зарур шароит яратилса ривожланади. Газ керак, свет керак, сув керак. Аммо бу борада имкониятларимиз чекланган, янгича ёндашув, инновациялар лозим. Биргина шамол ёки қуёш станциялари каби энергия манбалари бунга мисол бўла олади. Мустақиллигимиз иқтисодимиз бақувват бўлса янада мустаҳкам бўлади
”, – деди Шавкат Мирзиёев.

28 сентябрь куни Наманган вилоятидаги учрашувларини якунлаган Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига етиб келди. 29 сентябрь куни бу вилоятда номзод ўз дастури билан маъруза қилиши режалаштирилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев ОАВ вакиллари билан суҳбатлашди