07:30 / 06.12.2021
2 666

Қачон китобхон миллатга айланамиз?

Қачон китобхон миллатга айланамиз?
Фото: «Xabar.uz»
Журналист ва Ўзбекистондаги энг йирик электрон кутубхона асосчиси Давронбек Тожиалиевнинг китоб ва китобхонлик тарғиботига бағишланган янги тўплами чоп этилди. «Китоб ҳақида китоб» дея рамзий номланган тўпламни «мутолаа қомуси» деб аташ мумкин.

«Аkademnashr» нашриёти чоп этган китоб тўрт бўлимдан иборат бўлиб, унда муаллифнинг китобхонлик ва мутолаа маданиятига доир мақолалари, суҳбат, сўровнома ва таҳлилий-суриштирув материаллари жамланган.

Китоблар сони шиддат билан ўсиб бораётган бугунги ахборот асрида муҳим ва фойдали асарларни танлаб-саралаб ўқиш ҳам жиддий масалага айланди. «Китоб ҳақида китоб» бу борада замонавий ўқувчига ўзига хос йўлкўрсаткич вазифасини ўтаса ажаб эмас. Хусусан, «Guardian: барча даврларнинг энг яхши 100 китоби», «BBC: барча даврларнинг энг яхши 200 китоби» каби қизиқарли маълумотлар муштарийда айнан китоб танлаш малакасини шакллантиришга кўмак беради.

Фикр аҳли, зиёлилар ёшларнинг китобхонликдан тобора йироқлашиб бораётганидан хавотирда экани сир эмас. Янги тўпламдан ўрин олган мақолаларда ҳам ана шу оғриқли масала теран таҳлил этилган.

«Ахборотлашаётган дунёда технологиялар маълум маънода инсонни дангаса қилиб қўяётир. Шунданми, ота-боболаримиз эришган илмий-маърифий ютуқларга етишиш бугун эртакдек туюлади. Илм-маърифатнинг орамиздан кўтарилиши даҳшат эмасми? Нега ёшлар орасида кучли тафаккур эгалари кам? Навоийлар, Улуғбеклар бизнинг ёшимизда эришган илм чўққиларининг ўндан бирига етдикми? Нима учун ўн ёшгача Қуръони каримни ёдлаб мукаммал билган, минг-минг мисра шеърни ёддан айтган, ёш бўлатуриб улкан кашфиётларни амалга оширган, жуда кўп тилларни мукаммал билган, ижодда катта рутбаларга эришган аждодларимизга муносиб бўлиш учун етарли ҳаракат қилмаяпмиз? Нега уйимизда кутубхоналаримиз йўқ? Нега илм, китоб талаш эмас? Нима учун кутубхоналаримиз бозорларимиздек гавжум эмас?» – дея мушоҳада юритади Д.Тожиалиев.

Муаллифга кўра, жамиятимизда китобхонликнинг юксалишига тўсқинлик қилувчи бир қанча сабаблар мавжуд: китоб маҳсулотларининг нисбатан қимматлиги (ривожланган давлатларда ойлик даромад миқдорига нисбатан китобга сарфланадиган маблағ фоизи кам); ҳар томонлама профессионал нашриёт ва матбаа корхоналарининг камлиги (қоғоз ва матбаа маҳсулотлари ва техникасини эркин импорт қилиш, ўзаро рақобатнинг ўсиши китобларнинг нархи ва сифатига ижобий таъсир этади); имло билан боғлиқ муаммолар (кирилл ва лотин алифбосида ўқийдиган авлодлар орасида тафовутнинг пайдо бўлгани).

Китобдан дунёнинг энг китобхон миллатларидан бирига айланмоғимиз учун керакли тавсиялар ҳам берилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қачон китобхон миллатга айланамиз?