20:46 / 26.12.2021
1 451

«Вилоят раҳбарларининг имзосигача сохталаштирилган» - Зоир Мирзаев

«Вилоят раҳбарларининг имзосигача сохталаштирилган» - Зоир Мирзаев
Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зоир Мирзаев депутатлар ва халққа мурожаатида ер ажратиш масалалари, шунингдек, фермерлар тасарруфидаги ер майдонлари ноқонуний равишда сотиб юборилганига эътибор қаратди.

Маълум қилинишича, вилоятдаги 902 та корхона ҳокимликлар билан ер ижара шартномаси тузмасдан фаолият олиб борган. Бундай корхоналар Янгийўл туманида 216 та, Қибрайда 375 та, Тошкент туманида 109 та, Пискентда 62 тани ташкил этади.

- Хатлов шуни кўрсатдики, вилоятдаги айрим майдонларда ер кўп, айрим ҳудудларда ер етишмаяпти. Масалан, 3428 та корхонада ер майдонлари 3058 гектарга кўп. Яъни фермер хўжалигининг ери бор. ‘Менда 50 гектар ерим бор’, дейди. Бориб тепадан ўлчаса, 55—60 гектар чиқяпти. Ер ортиқча.

Лекин 4523 та ҳолатда эса ер 3914 гектарга кам. Бу ер сотилган, бошқа одамга бериб юборилган. Бу бўйича энг кўп салбий ҳолат Пискент (260 та корхонада ер майдони 1236 гектарга кўп) ва Бекобод (257 та фермерда 1239 гектар ер етмаяпти) туманларида аниқланган. Ер сотилган, контурда турибди, ернинг эгаси бошқа, у ерга уй қурган, эгаллаб олган, ноқонуний боғ қилиб олган
, — дейди Зоир Мирзаев.

Тошкент вилоят раҳбари ердан фойдаланишдаги бошбошдоқликлар оқибатида вилоятда 2021 йилда 1409 та ҳолатда 263 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, ноқонуний қурилишларга йўл қўйилганини маълум қилди. Унинг айтишича, 7214 та ҳолатда контурлар кесимида 8304 гектар майдон бўйича тафовут бор. Яъни фермер хўжаликлари тасарруфидаги ерлар билан ҳужжатлар рақамлар ўртасида бир-бирига мос эмас.

- Мен ҳақиқий, ҳалол тадбиркорларни ҳурмат қиламан. уларни қўллаб-қувватлаймиз, ёнида туриб беришга тайёрмиз. Лекин хатловда шунақанги нарсалар чиқяптики, тадбиркорлик субъекти аукционда ер майдонини сотиб олган, лекин тагидаги ҳужжатлар сохта бўлиб чиқяпти. Ҳаттоки, очиқ айтаман, вилоят раҳбарларининг имзосигача сохталаштирилган.

Аукционда сотиб олинган ер бошқа контур, лекин объект бошқа контурда қуриляпти. Битта йўналишга сотиб оляпти, бошқа нарса қуряпти. Маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил қиламан, деб сотиб олиб, уй қуриб олган. Ҳозирги тизимда ҳамма нарса базага киритилади. Бир томондан ҳокимнинг қарори базага киритиляпти. Иккинчи томондан ернинг ҳақиқий ҳолати базага киритиляпти. Мана шу иккаласини солиштирганда ўртадаги тафовут чиқиб келяпти. Ҳозир бизда етти мингдан зиёд шунақа объект бор.

Иккита тадбиркор билан гаплашдим, қўлида қарор бор, вилоят ҳокимлигида у қарор йўқ. Тасаввур қиляпсизми? Рақамини олиб келяпти, рақамдаги қарорда бошқа нарса турибди. Уларга бу қарорларни кимдир ясаб берган. Агар вақтида буни аниқламасак, ҳурматли тадбиркорлар, сизга жабр қилиб қўямиз
, — дея таъкидлаган вилоят раҳбари.

Зоир Мирзаев Халқ депутатлари кенгаши сессиясида, шунингдек, қурилиши бир неча йилга чўзиладиган объектлар ҳақида гапириб, «Шаффоф тендерда қатнашишни чидаганга чиқарган», деган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда ер балансини тўғри тасарруф этиш масалалари ҳақида гапирганди. «Ер балансини тўғри юритиш, ерни асраб-авайлаш ҳокимларнинг конституциявий мажбурияти ва асосий вазифасидир. Буни уддалай олмайдиган ҳоким менга керак эмас», — деган эди давлат раҳбари.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Вилоят раҳбарларининг имзосигача сохталаштирилган» - Зоир Мирзаев