Фото: «Финансовая култура»
Куни кеча Тошкентда йилига 260 фоизгача фойда кўришни ваъда қилган Golden Cash Store молиявий пирамидаси тафсилотлари ошкор қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Golden Cash Store компанияси ҳужжатларда улгуржи савдо билан шуғулланиши кўрсатилган бўлишига қарамасдан, амалда Ўзбекистон фуқароларига олтин ва кумуш буюмларини сотиб, уларнинг пулларини корхонага ишлаб чиқариш учун сармоя киритишини таклиф қилган.
Компания ҳисса қўшишнинг бир нечта: ҳафталик 2−3 фоиз, ойлик 40 фоиз ва йиллик 262 фоизлик даромад келтирадиган вариантларни таклиф қилган. Пуллар очилган пластик карталарга ўтказилиши керак бўлган.
Бундан ташқари, мижозлар Gold, Platinum тоифаларига ажратилиб, уларга қимматбаҳо совғалар, iPhone ва автомобиль ваъда қилинган, бироқ якунда фуқаролар ҳеч нарса олишмаган.
Натижада бир неча минг фуқаро ташкилотчиларнинг таклифларини қабул қилиб, уларга қиймати 100 мингдан 10 минггача бўлган олтин ва кумуш буюмлар, шунингдек, бошқа мол-мулкни ҳам топширган.
Бунақа аҳволга тушиб қолмаслик учун «Дарё» молиявий пирамида нималиги ва уни қандай таниш мумкинлиги ҳақида маълумот беради.
Молиявий пирамида ҳақида
Молиявий пирамида — фирибгарлик асосига қурилган лойиҳа бўлиб, худди фойдали инвестициядай кўринади. Пуллар доимий янги иштирокчиларни жалб қилиш эвазига берилади. Иштирокчилар ҳам пул тикиб, лойиҳага янги аъзолар қўшади — пирамида ўсиб бораверади.
Бу орада, «пирамиданинг учи», албатта, сезиларли фойдага эга бўлиши мумкин. Аммо, пастдагилар ҳеч нима қўлга киритмайди. Улар соддалик билан ўзларидан бир поғона юқоридагиларга пул тиккани қолади, холос.
Замонавий пирамидалар тез суръатларда ўсиб боради: агрессив рекламалар, мўъжизага ишонувчилардан пул йиғиш ва шу билан тамом (тугади). Ташкилотчилар янги жойда яна бир инвестиция лойиҳасини очиш учун аввалги тузоққа илинган омонатчиларнинг пуллари билан қамоққа тушгунига қадар яшириниб юради.
Молиявий пирамидалар сони йилдан йилга ўзгариб боради. Аммо йўқ бўлиб кетмайди. Бири тугатилади, янгиси очилади.
Пирамида худди катта тушумли инвестициядек кўринади
Ҳамма фирибгарлар ҳам ўз фаолиятини молиявий пирамида, деб айтавермайди (шуниси билан ҳам улар фирибгар).
Кўпинча улар ўзини инвестицион корхона сифатида кўрсатади. Улар ёрқин ва эътиборни тортадиган номлар билан пайдо бўлади: истиқболли бизнес, юқори технологияли компания, инновацион лойиҳа...
Улар акция ва облигациялар, криптовалюта ва кўчмас мулк сотиб олишни таклиф қилади. Пулларни катта, фойдали қурилиш ва қишлоқ хўжалигига, олтин қазиб олиш ёки IT-стартапларига сармоя сифатида киритилишига ваъда беради.
Юқори тушумли ишлаб чиқаришга инвестиция қилишни тарғиб қилади. Янги жалб қилинаётган иштирокчи шунча омадли бизнесменлар билан ҳамкорлик қилишини эшитиб, боши айланиб қолади.
Фирибгарлар баъзан ташкилотнинг бошқа аъзоси — компания бошқарувчиси, истеъмол кооперативи, букмейкер кўринишидаги ниқоб остига ҳам яширинади. Улар ҳеч қачон тўловларни нақд пул кўринишида ваъда қилмайди.
Масалан, улар янги иштирокчига круизда ярим нархига саёҳат қилиш, тилла буюмларни сотиб олиш эвазига кэшбэк олиш, ҳатто бошқа қарздорларни олиб келиши эвазига мавжуд кредитларини ёпиб беришни ҳам таклиф қилиши мумкин.
Бугунги кунда пирамидалар кўпроқ интернет лойиҳа кўринишида амалга оширилмоқда. Лекин онлайн рекламаларда фаоллик қилиб, потенциал инвесторлар билан шахсий мулоқотни умумлаштираётган «бизнесменлар» ҳам мавжуд.
Пирамида қурувчилари ижтимоий тармоқлардаги тематик гуруҳларда ёрқин реклама, шаҳар марказидан чиройли ва қулай офислар таклифи билан янги аъзоларни жалб этади.
Шундай ёлғон ваъдаларга учган кўпчилик унинг қаршисида ҳақиқий компания ёки молиявий «пуфак» турганини фарқлай олмайди.
Молиявий пирамидани қандай таниш мумкин?
Молиявий пирамида қурувчиларини аниқлашда ёрдам берувчи бир нечта белгилар мавжуд.
Компания фуқаролардан пул жамғарувчи фаолият билан шуғулланиши ҳақида банк лицензиясига эга бўлмайди
Бундай компаниялар одатда уларнинг фаолияти лицензия талаб қилмаслиги, улар «махсус» фаолият билан шуғулланишини таъкидлайди.
Аслида эса қонун билан тартибга солиниши керак бўлган фаолият тури билан шуғулланади. Шунинг учун агар компаниянинг банк ёки Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган лицензияси мавжуд бўлмаса – бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш керак.
Ҳеч қандай зарарларсиз (хавфсиз) катта фойда ваъда қилади
Ташкилот фаол рекламада бўлади ва омма олдида қўшни бозор даражасидан анча баланд, қулоқ эшитмаган даромадни ваъда қилади.
Одатда бундай баёнотлар молия бозорида тақиқланади. Шу билан бирга, даромадни ҳисоблаш системаси жуда мураккаб ва тушунарсиз бўлади.
Ҳисоблашда адаштириб юбориш учун қийиндан қийин, узоқ формулалар берилади. Хавф йўқлигига ишонтиради. Лекин бунақаси бўлмайди – ҳақиқий молия бозоридаги исталган инвестиция маълум даражада фойда бериши ёки аксинча, йўққа айланиши мумкин.
Янги мижозлар олиб келиш шарти қўйилади
Ҳар бир ишга жалб қилинган омонатчи ҳисобидан фойда ундириб берилиши ваъда қилинади. Шундай қилиб, жиноятчилар имкон қадар кўпроқ одамни ўзининг фирибгарлигига жалб қилишга, улардан пул йиғишга, сўнгра тезроқ яширинишга уринади.
Тизимнинг шаффоф эмаслиги. Киритилган инвестициялар тасдиқланмайди ва пуллар айнан қаерга кетишини билишнинг имкони йўқ
Мижозга чиройли тақдимотлар кўрсатилади-ю, молиявий ҳужжатларни кўришга берилмайди. Пулларни компания билан тузилган шартномада кўрсатилган реквизитлар орқали эмас, бошқа юридик шахс ҳисобига ўтказиш сўралади.
Баъзан улар пулли ўтказмаларни қандайдир банк картасига ёки жисмоний шахснинг телефон рақами орқали бегона электрон ёки криптоҳамёнга юборишни сўрайди.
Ёки нақд пул кўринишида тўлаш сўралади ва тўлов ҳақида чек ҳам, тушумни тасдиқловчи ҳужжат ҳам берилмайди. Якунда эса инвестор ҳеч қандай йўл билан инвестиция киритганини исботлолмайди.
Компания сайтида алоқа учун ҳеч қандай рақамлар бўлмайди
Компания сайтида на телефон рақами, на электрон почта манзили, на почта манзили кўрсатилади. Иштирокчи фақат чатлар ёки мессенжерлар орқали операторлар билан боғланиши ва қайта алоқага чиқишларини айтиши мумкин.
У компания ҳақида бошқа қўшимча маълумотлар бўлмайди. Ўзининг контакт-маълумотларини фақат фирибгарларгина яширади. Муаммо юзага келганида эса на жабрланувчи, на милиция ходимлари ёлғончини топа олади.
Шу белгилардан биттасига бўлса-да дуч келинса, рўпарада ким тургани ҳақида жиддий ўйлаб кўриш зарур.
Юқорида оммалашган схемаларгина келтирилди. Аммо вақт ўтгани сари пирамида услублари ҳам ўзгариб, кўпайиб бораверади.
Масалан, ноёб товар, ўзимиздан мисол келтирадиган бўлсак, сизга 100 долларга сотилиб, бир йилдан сўнг 1000 доллардан сотиб олиниши айтилган страус (туяқуш)лар пайдо бўлди.
Бошида кимдир уларни 100 доллардан сотган пуллари эвазига кўпроқ сотиб олган бўлиши мумкин. Аммо охирида ўзидан бошқасига керак бўлмаган ва бозор нархидан бир неча баробар қимматга сотиб олинган страуслар фермаси билангина қолган.
Яна бир бор таъкидлаш жоизки, барча шу каби схемалар тезда пул топишни режа қилган, бироқ иқтисодий билимга деярли эга бўлмаганларни кўзда тутган ҳолда яратилади.
Шунинг учун бундай таклифларни қабул қилишдан аввал ҳақиқий инвестиция ва пирамидаларнинг фарқига борувчи соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашишни ёдда тутиш керак. Бу соҳадан хабардор таниши бўлмаганларга эса Google ҳам маълум даражада ёрдам бера олади.
Мижознинг уйига бориб, ўйлаб олишига, танишлари билан маслаҳатлашишига ва интернетдан текшириб олишига вақт бермай, тезроқ қарор қабул қилиши кераклиги айтилган таклифлар шубҳаланишга етарли сабаб бўлади.
Шубҳали фоизлар қандай бўлади?
Пирамиданинг асосий мақсадларидан бири — янги мижозларни доимий кўпайтириш. Шунинг ҳисобидан аввалги мижозларга улуш — фоиз тўланади. Демак, улар 50, 60, ҳатто 100 фоиз даромад ҳам таклиф қилишга тайёр бўлади.
Умуман олганда, бу жуда индивидуал масала. Аслида иқтисодиётда ҳаммаси осон — фоиз қанчалик катта бўлса, риск шунчалик баланд. Энг яхшиси, ўртача фоизлардан кескин ошмаслиги инобатга олиниши керак.
Масалан, бугун банкларда йиллик 21-25 фоиз даромадли депозитлар бор. Таклиф қилинаётган фоизлар шундан қанча катта бўлса, хавф шунча баланд.
Аммо бугун пирамидалар турли шаклда бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, 70 фоиз даромад — пирамида, 50 фоиз — пирамида эмас, дейиш тўғри бўлмайди. Яхшиси, мутахассис билан маслаҳатлашиш ва лицензияларини текшириш — энг тўғри йўл саналади, дейди Дарё билан суҳбатлашган мутахассис.
Пирамиданинг асосида турган ёки шундай қурувчиларга ҳавас қилаётганлар учун эса эслатма — Ўзбекистонда пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларни жалб қилиш бўйича ноқонуний фаолият олиб борганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Муаллиф: Муқаддас Мусаева “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар