
Тожикистондан Ўзбекистон орқали Россияга чиқиб кетмоқчи бўлган гиёҳвандлик воситалари ортилган юк машинаси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 21 тоннадан ортиқ пахта ортилган юк машинасини Тошкент вилояти «Ойбек» чегара постида инспексион кўрикдан ўтказиш давомида божхона ходимларида жиддий шубҳа уйғонган. Текширув жараёнида юк автомашинасининг тиркамасига гиёҳвандлик воситалари яширилгани маълум бўлган.
Аниқланишича, гиёҳвандлик воситалари 232 дона ўрамда бўлиб, уларнинг умумий оғирлиги 229 килограмм 719 граммни ташкил этган. Тўхтатиб қолинган гиёҳванд моддаларнинг Европа қора бозорларидаги нархи ҳозирда ўртача 12-14 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.