13:01 / 17.03.2022
1 046

АКТ вазирлиги TikTok вакилларига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш таклифини билдирди

АКТ вазирлиги TikTok вакилларига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш таклифини билдирди
Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги
16 март куни ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов TikTok компанияси вице-президенти Тео Бертрам билан онлайн учрашув ўтказди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ва Давлат персоналлаштириш маркази масъул ходимлари ҳам иштирок этган.

Учрашувда TikTok бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида йирик лойиҳаларни амалга ошириб келаётгани таъкидланган. Компания вакиллари Ўзбекистонда ҳам шундай лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирган.

Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистонда платформадан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бажариш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги
Компания вакиллари платформа орқали тарқаладиган ҳар хил Ўзбекистон қонунларига зид материаллар тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳамкорликда ишлашга тайёр эканини билдирган.

Шу билан бирга, АКТ вазирлиги томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида компания вакилларига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш бўйича таклифлар берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июль ойида Ўзбекистонда TikTok ва Twitter’нинг очилиши секинлашди. 2 июль куни эса Ўзбекистонда айрим ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok’дан фойдаланиш расман чекланди. 2022 йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда TikTok’ни бутунлай блоклаш таклиф қилинганди. Бунга Адлия вазири муносабат билдириб, ахборот эркин тарқатилиши тарафдори эканини айтган ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш кераклигини таъкидлаган.

2022 йилнинг 16 март куни Ўзбекистонда Twitter ва TikTok VPN иловаларисиз ишлай бошлади. Бироқ кўп ўтмай ижтимоий тармоқларга кириш яна чекланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » АКТ вазирлиги TikTok вакилларига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш таклифини билдирди