12:45 / 11.04.2022
2 053

Бозорлардаги гўштлар қанчалик ишончли, эшак гўштини аҳоли ажрата оладими?

Бозорлардаги гўштлар қанчалик ишончли, эшак гўштини аҳоли ажрата оладими?
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда гўшти истеъмол учун рухсат этилган ва тақиқланган ҳайвонларнинг уй шароитида, жумладан, санитария талабларига тўлиқ амал қилмаган ҳолда сўйилаётгани ёки тарқатилаётган билан боғлиқ хабарлар учрамоқда. Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ташхис ишлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўлими бошлиғи Ўткир Отабоев ЎзАга берган интервьюсида гўшт маҳсулотлари ички бозорга кириб келгунга қадар неча босқичда текширилиши ва қайси соҳа мутахассислари назоратидан ўтказилиши ҳақида маълумот берди.

Унинг билдиришича, Тошкент шаҳрига гўшт маҳсулотлари асосан вилоятлардан кириб келади. Вилоятларда ҳайвонларни сўйиш учун махсус кушхоналар ташкил этилган. У ерда моллар сўйилиб, бирламчи ветеринария врачи кўригидан ўтказилади. Шунингдек, қонунда белгиланган ҳужжатлар тўлдирилиб, шу асосида муҳрланади ва пойтахтга юборилади.

«Шаҳримизга кириб келгач, албатта барча бозорларимизда жойлашган ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари орқали иккиламчи кўрикдан ўтказилади ва сотиш учун хулоса берилади. Мазкур лабораториялар гўштни текшириш учун кимёвий реактивлар ва тегишли асбоб-анжомлар билан таъминланган», — деб қайд этган Ўткир Отабоев.

У, шунингдек, гўшт маҳсулотларини вилоятлардан айланма йўллар орқали ноқонуний тарзда олиб келиниши ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

«Бу гўшт маҳсулотлари асосан умумий овқатланиш масканларига, ноқонуний ишлайдиган овқатланиш шохобчалари ва ошхоналарига тарқатилади. Бунақанги гўштлар бозорларга сотиш учун киритилмайди, чунки бозорда назорат бор», — деган Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ташхис ишлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўлими бошлиғи.

ЎзАда таъкидланишича, эшак гўшти билан бошқа ҳалол ҳисобланган гўштларнинг фарқини мутахассислар кўриб аниқлай олади, оддий аҳоли буни ажрата олмайди.

«Эски жўва» бозори ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси мутахассиси Ойбек Нурмаматовнинг сўзларига кўра, истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулоти ёки эшак гўшти бўлса, суяклари, олд оёқ туёқларидан билинади, лекин 10 йиллик иш тажрибаси давомида ҳали бундай ҳолатга дуч келинмаган.

«Лабораториямизга вилоятлардан кунига 15-20 тонна гўшт маҳсулотини қабул қилиб оламиз. Иш икки навбатчиликда амалга оширилади. Келтирилган гўшт маҳсулотларининг бирламчи текширув ҳужжатларини кўздан кечирамиз, ундан сўнг ўзимиз ҳам лаборатория текширувларидан ўтказамиз. Истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулоти ёки эшак гўшти бўлса, суяклари, олд оёқ туёқларидан билинади. Лекин 10 йиллик иш тажрибам давомида ҳали бундай ҳолатга дуч келганимиз йўқ», — деб таъкидлаган мутахассис.

Мақолада келтирилишича, 2022 йилнинг I чораги давомида Ўзбекистон деҳқон бозорларига келтирилган 2 минг тоннадан ортиқ қорамол, 9 минг тоннадан ортиқ майда шохли мол ва 3 минг тоннадан ортиқ бошқа ҳайвонлар, жумладан, от, парранда гўштлари ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилган. Шундан 2014 килограмм гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 3583 килограмм ички органлар истеъмолга яроқсиз деб топилган ва йўқ қилинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бозорлардаги гўштлар қанчалик ишончли, эшак гўштини аҳоли ажрата оладими?