
Дилдора Ниёзованинг турмуш ўртоғи Латифжон Юнусов 4 май куни Instagram саҳифасига видео жойлаб, рафиқасининг тўлиқ ислом йўлини танлагани, эндиликда тўй хизматларида иштирок этмаслигини маълум қилди. Шунингдек, у келгуси ойларга режалаштирилган тўйлар учун олинган «заклад»лар ҳам қайтариб берилишини қўшимча қилди.
«Ассалому алайкум, Дилдора Ниёзованинг кузатувчилари. Бугундан бошлаб, аёлим ҳақиқий ислом йўлини танлагани учун тўйларга чиқмасликка қарор қилди. Илтимос, ким биз билан боғланиб, тўй кунини белгилаган бўлса, алоқага чиқсин ‘заклад’ пулларини қайтариб беришга мажбурмиз. Бугундан бошлаб Дилдорахоним Ниёзова тўйларга чиқмайди. Уйда бола-чақа тарбияси билан шуғулланишга қарор қилди»,— дейди Латифжон Юнусов.
Орадан бир кун ўтиб, яъни 5 май куни Дилдора Ниёзованинг ўзи Instagram саҳифасида алоқага чиқиб, турмуш ўртоғининг сўзларини инкор қилди ҳамда «заклад» олинган тўйларга хизматга боришини маълум қилди.
«Бир кунда бунчалик машҳур бўлиб кетаман, деб ўйламагандим. Авваламбор, барчадан узр сўрайман. Мени ният қилиб тўйларига таклиф этган инсонлар бор.
Эрталаб туриб телефонимга қарасам, ҳамма ерда ‘Дилдора Ниёзова санъатдан кетибди’, деган шов-шув тарқалибди. Ҳар бир оиланинг ўзига яраша сири, синови бўлади. Аллоҳ суйган бандасига синов беради. Алҳамдулиллаҳ, суйган бандаси эканмизки, бошимизга озгина синов тушди. Яратган синовни ҳам бандасининг яхши кўргани билан берар экан. Турмуш ўртоғим билан бироз келишмовчиликка бордик. Ўзи бундай ҳол ҳар бир оилада бўлиб туради. Камчиликларни уйнинг тўрт девори беркитиб туради. Бундай иш бўлади деб ўйламагандим. Чунки орамиздан озгина гап қочганди холос.
Эркакларга ҳамиша айтаман, рашкни ҳам ўз ўрни бор. Бу беш кунлик дунёда бир-биримизни қадрлайлик. Инсон яхши кўриб ҳам кимгадир озор бериб қўйиши мумкин. Турмуш ўртоғим қаттиққўл, айтганини қилдирадиган яхши инсон. Ҳақ йўлини танлаганимдан кейин турмуш ўртоғимга янада итоат қилишга ҳаракат қиляпман.
Тўғриси видеони кўриб, ҳайрон қолдим. Жаҳлда чиқиб кетиб, Instagram’га шу видеони қўйибди. ‘Бу ишни бекор қилибсиз’, деганимдан кейин янада кўпроқ жаҳли чиқди. Майли, ҳаммаси хайрли якун топсин.
Турмуш ўртоғим ҳар доим ‘Рўмол ўрадинг, бу йўлимиз хато эмасмикан? Аллоҳдан ниманики сўраган бўлсак, ҳаммасини берди’ , деб тушунтирарди. Ҳақиқатан ҳам турмуш ўртоғим уйимни уй қилган.
Яхши эр — хотиннинг омади, ёки аксинча. Болаларимнинг отасига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайман. Нима бўлишидан қатъи назар турмуш ўртоғимни ҳурмат қиламан. Шу билан бирга уни яхши кўраман. У инсон мени ва санъатимни ҳурмат қилади. Видеони рашк туфайли қўйдими билмадим, ҳайратдаман.
Худо хоҳласа олинган хизматларга бориш кераклигини турмуш ўртоғимга тушунтираман. Ҳаммаси хайрли якун топишини сўрайман. Ҳар бир аёл ўз жуфти билан бахтли бўлсин. Битта оилага дарз кетса, Арши Аъло зириллар экан. У ерга Аллоҳнинг қаҳри ёғилар экан. Шунинг учун оилаларимиз тинч бўлиши учун ҳаракат қилайлик.
Ҳаммамиз бандамиз, гоҳида биз аёллар ҳам тилимизни тиёлмай қоламиз. Мен санъатимни жуда ҳам яхши кўраман, мухлисларим йўллаётган фикрлардан куч оламан. Илоҳим ҳамиша керакли инсон қилсин. Нашидалар куйлаш насиб қилсин. Турмуш ўртоғим ‘Аллоҳ сени севарканки, халқ сени қадрлайди’, деб кўп таъкидлайди. Нега бу видеони чиқарганликларини эса ҳалигача тушунмаяпман.
Фақат нотўғри хаёлга бормасликларингизни сўрайман. Ҳаётда куннинг туни, оқнинг қораси бор. Аллоҳ ҳаётимизга яхшиликларни зиёдаси билан берсин. Насиб қилса, олинган хизматларга боришга ҳаракат қиламиз. Мен ҳаммадан узр сўрайман», — дейди Дилдора Ниёзова ўз мурожаатида.
Орадан кўп вақт ўтмай, Латифжон Юсуповнинг ҳамда Дилдора Ниёзованинг видеомурожаатлари Instagram’дан ўчирилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар