18:55 / 20.05.2022
2 125

Истанбулда «Мендирман Жалолиддин» сериалининг съёмкаси бошланди

Истанбулда «Мендирман Жалолиддин» сериалининг съёмкаси бошланди
Фото: Instagram / @alikhanofficial
Айни кунларда бир гуруҳ ўзбек актёрлари «Мендирман Жалолиддин» сериалининг иккинчи мавсумида суратга тушиш учун Туркияга жўнаб кетди. Лекин улар орасида Туркон хотуннинг канизи — Ойгул ролини ижро этган актриса Саида Раметова ва Ўтрор ҳокими Инолчихоннинг қизи — Ширин ролини ижро этган Феруза Норматова кўринмади. Улар иккинчи мавсумда суратга тушмайдими? Ушбу саволга ойдинлик киритиш мақсадида «Дарё» мухбири сериал ижодкорлари билан боғланди.

Маданият вазирлиги маълумотига кўра, «Мендирман Жалолиддин» сериалининг иккинчи мавсумида Маҳлиёхон Асқаралиева, Жўрабек Арзиев, Жавоҳир Хўжаев ва қатор турк актёр, актрисаларидан иборат янги чеҳраларни ҳам кўриш мумкин. Жавоҳир Хўжаев Сариқ бола тахаллуси билан кўпчиликка таниш бўлган Жаҳонгир Хўжаевнинг укаси ҳисобланади.

Маҳлиё Асқаралиева
Фото: Instagram / @mahliyoaskaraliyeva

Саида Раметованинг айтишича, унинг роли сериалнинг иккинчи мавсумида ҳам давом этади.

— Насиб қилса, сериалдаги ролим давом этади. Ҳозирча жанг саҳналарини суратга оламиз, сизни кейинроқ чақирамиз, дейишди. Қачон чақиришса ҳам, тайёрман, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова.

Фото: Instagram / @mendirmantvdizi
Феруза Норматова интервьюларидан бирида ҳижобга киргани туфайли сериалда рол ижро этмасликка қарор қилгани ҳақида сўзлаб берган эди.

«Шаҳзод Султонов билан ижодий ҳамкорлик қиламиз, шартномаларимиз бор. Унга рўмол ўраш фикрим борлигини айтганимда қўллаб-қувватлаган. Мен сентябрда, туғилган кунимда ўранмоқчи эдим. Шаҳзод яхши қабул қилди. Шундан бироз вақт ўтиб, ‘Мендирман Жалолиддин’ сериалининг иккинчи фасли суратга олиниши маълум бўлди. Мени чақиришди. Августда кетиб, ноябрда қайтилади, дейишди. Мен сериалнинг давомида ҳам суратга тушишга рози бўлдим. Бу ҳақда Шаҳзодга айтганимда, у ‘Рўмол ўрамоқчи эдингиз-ку, сериалда суратга тушиш ҳижобдан ҳам муҳимроқ экан-да’, деди. Шу сўзлардан кейин ўйланиб қолдим ва сериалнинг давомида суратга тушмасликка қарор қилдим. Ўрнимга бошқа актриса суратга тушса, янаям яхшироқ бўлар, деган фикр пайдо бўлди», — деган актриса ушбу саволга жавобан.

Фото: Instagram / @alikhanofficial
Маълумки, пандемия сабаб сериалнинг суратга олиш ишлари узоқ вақт давом этди ва актёрлар Туркияда узоқ вақт қолиб кетишларига тўғри келганди. Сериал продюсерлари томонидан иккинчи мавсумни суратга олиш учун маълум муддат белгиланганми? Ушбу саволга айни кунларда Туркияда бўлиб турган актёр Жавоҳир Зокиров жавоб берди.

Фото: Instagram / @mendirmantvdizi
— Албатта, муҳлат берилган. Сентябрь ойида иккинчи мавсумнинг суратга олиш ишлари якунланиши керак, — дейди Чингизхон роли ижрочиси Жавоҳир Зокиров.

Жавоҳир Зокиров шунингдек сериал продюсерлари билан гонорар масаласида ҳам келишувга эришганини айтиб ўтди.

— Ҳақиқатан ҳам шундай бўлганди. Муаммо ҳал қилинди, ҳаммаси яхши. Сериалнинг иккинчи мавсуми аввалгисидан зўрроқ бўлади. Ҳозирда сериалнинг 14-қисм сценарийсини ўқиб чиқдик. Унда томошабинни ўзига жалб қиладиган эпизодлар жуда кўп, — дейди актёр Жавоҳир Зокиров.

Маълумотларга кўра, Раъно Шодиева, Райҳон Уласенова ва Юлдуз Ражабова айни пайтда Истанбулда съёмка жараёнларига тайёрланмоқда. Феруза Норматова яратган образга эса бошқа актриса танланиши кутилмоқда.

Фото: Instagram / @mendirmantvdizi
«Сериалнинг биринчи фасли 13 сериядан иборат. Иккинчи фаслда яна 13 серия суратга олинади. Келажакда умумий жиҳатдан 52 қисмдан иборат сериал олиш режалаштирилган», — деганди матбуот анжуманида «Жалолиддин Мангуберди» сериали бош маслаҳатчиси Бобохон Муҳаммад Шариф.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буюртмасига кўра Туркиянинг «Боздағ фильм» компанияси томонидан «Мендирман Жалолиддин» сериали суратга олинган. Сериал учун Туркияда 30 гектар майдонда Ўзбекистоннинг XIII асрга оид муҳити жонлантирилган. 1200 нафар ишчи-хизматчининг меҳнати билан 3500 квадрат метр майдонда баландлиги 5,5 метр бўлган икки қаватли Хоразмшоҳ саройи қад кўтарганди.

Фото: Instagram / @mendirmantvdizi
Сериалнинг илк мавсумида Жавоҳир Зокиров — Чингизхон, Эмре Кивилжим — Жалолиддин Мангуберди, Юлдуз Ражабова — Қутлибека, Гуленай Калкан — Туркон Хотун, Каан Ялчин — Султон Аловуддин Муҳаммад, Сезгин Эрдемир — Темур Малик, Саида Раметова — Туркон хотуннинг канизи Ойгул, Раъно Шодиева — Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммаднинг хотини Ойчечак, Райҳон Уласенова — Аловуддин Муҳаммаднинг хотини, Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳнинг онаси, Акбархўжа Расулов — Ўзлоқшоҳ, Феруза Норматова — Ўтрор ҳокими Инолчихоннинг қизи, актёрлар Жамшид Сагатов ва Акмал Мирзо — моғул саркардалари, Алихан — Чингизхоннинг ўғли Жўжи, Бойир Холмирзаев — Нажмиддин Кубро, Тоҳир Саидов — бош вазир Низомул мулк, Жаҳонгир Абдумаликов — Жалолиддин Мангубердингинг муҳофизи ролларини ижро этишганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Истанбулда «Мендирман Жалолиддин» сериалининг съёмкаси бошланди