18:00 / 18.07.2022
5 029

Шаҳзод Султонов Феруза Норматовага уйланаётгани ростми? Актёр Озода Нурсаидованинг клипидан сўнг авж олган миш-мишларга изоҳ берди

Шаҳзод Султонов Феруза Норматовага уйланаётгани ростми? Актёр Озода Нурсаидованинг клипидан сўнг авж олган миш-мишларга изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Шаҳзод Султонов ва Феруза Норматова иштирокидаги видеолар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бир уришиб, 3-4 кундан кейин ярашиб оладиган партнёрлар билан боғлиқ миш-мишлар ҳам талайгина. Баъзи саволларга жавоб олиш мақсадида «Дарё» мухбири Наргизахон Муродова актёр Шаҳзод Султонов билан суҳбатлашди.

«Режиссёрликка қайтмоқчиман, аммо актёрликдан ортмаяпман»

Фото: Instagram / @shakkhzod_sultonov
— Институтни битирган йилим «Бегуноҳ» номли 67 қисмдан иборат сериал суратга олганман. Сериалнинг икки мавсуми катта шов-шувларга сабаб бўлган. Афсуски, учинчи мавсумда суратга оламиз, деганимда кучайтирилган карантин даври бошланди. Шундан кейин ҳамма ишлар ортга сурилди. «Сериалдан фойда ололмади, пулдан қийналди», деган гаплар мутлақо ёлғон. Тўғри, пулдан қийналган пайтларим бўлган, аммо тезда ҳаммаси изига тушиб кетган. 2019 йил мен суратга олган «Бегуноҳ» сериали реклама бўйича катта янгилик қилган. Яъни унинг баннерлари Тошкент шаҳрининг кўплаб кўчаларига илинган. Реклама зўр бўлганидан билиш мумкинки, даромад ҳам шунга яраша бўлган. Албатта, режиссёрлик фаолиятимни давом эттиришни истайман. Аммо актёрликдан ортиб, унга вақт ажратолмай қолдим.


«Илк ҳазил видеога Сариқ бола сабабчи бўлган»

Фото: Instagram / @shakkhzod_sultonov
— Бундан роппа-роса бир йил аввал бир гуруҳ ижодкорлар билан Туркиянинг Бодрум шаҳрига саёҳат қилганмиз. Жаҳонгир Хўжаев, блогер Хонзода, Феруза Норматова ва яна кўплаб вайнерчилар бирга кетишимиз керак эди. Аммо Жаҳонгир Хўжаев икки кундан кейин ўзи бошқа рейсда борадиган бўлиб қолди. У Бодрумга биздан кейин келганини кўрсатиш учун ҳазил видео суратга олганмиз. Уни Instagram’га жойлаганимда кўпчиликка маъқул келди. «Кайфиятим кўтарилди, янгиси қачон чиқади?» деган фикрлардан сўнг ҳазил видеолар олишга қизиқиб кетдик. Феруза билан илк видеомиз ҳам айнан Бодрумда тасвирга олинган. Одамларнинг фикри ижобий бўлгани учун Тошкентга келгандан сўнг ҳам уни давом эттиришга қарор қилдик.

«Феруза Норматова билан яхши партнёрсиз», деган гапни кўп эшитаман. Халқнинг фикри ҳамиша ҳақ. Билдирилаётган фикрларда деярли негатив гаплар йўқ. Бу ҳам бизнинг ютуғимиз. Самимий, халқона ва замон талабидан келиб чиққан ҳолда видеолар оламиз.

«Феруза Норматова билан оила қурдик, фақат клипда»

Фото: Instagram
— Феруза Норматова билан оила қуришимиз, унга узук тақишим аслида Озода Нурсаидованинг «Хуш келдинг» қўшиғининг тарғиботи билан боғлиқ эди. У оддий клип, биз унда рол ижро этганмиз. Клип ғояси қўшиқнинг сўзларидан келиб чиққан ҳолда яратилган. Қўшиқ сўзлари «Хуш келдинг ҳаётимга» деган мазмунда бўлгани учун «Маrry me» тарзида клип олдик.

У ҳар доимгидек клип. Билмадим, нега бунчалик шов-шув бўлиб кетди. Онам ҳам кулиб, «Сен ҳақингда энди бунақа деб ёзишибди», деди. Оила аъзоларим ҳам бундай гап-сўзларни ижобий қабул қилишади. Ўртамизда ҳеч қандай конфликт келиб чиқмайди. Феруза иккимизнинг муносабатларимиз ҳақида жуда кўп гап-сўзлар тарқалган. Ҳаммаси миш-миш. Биз дўст ва яхши партнёрмиз, холос.

«Instagram’дан яхши даромад топилади»

Фото: Instagram / @shakkhzod_sultonov
— Ижтимоий тармоқлардаги роликлар орқали актёрлик маҳоратини тўлиқ очиб бериш қийин. Аммо ундан зўр кайфият ва энергия оламиз. Жаҳондаги кўплаб юлдузлар, хусусан машҳур Уилл Смит ҳам ҳам ижтимоий тармоқларда жуда фаол. Аввало ўзи завқланиши учун, ундан кейин бошқаларнинг кайфиятини кўтариш учун видеолар олади. Кейин реклама орқали яхши даромад ҳам топилади. Лекин ижтимоий тармоқлардаги фаоллик ҳам ижодни талаб этади. Одамларга нима ёқишини ўрганиш ва ҳамиша нима билан эътибор торта оламан, деб бош қотириш керак.

«Блогер ҳеч кимнинг ризқини юлиб олаётгани йўқ»

Фото: Instagram / @shakkhzod_sultonov
— Ижтимоий тармоқдаги ёшларнинг фаоллиги борасида турлича фикрлар бор. Айнан машҳур блогерларнинг ҳеч қаерда таҳсил олмай, трендга чиқиши ҳам кўплаб танқидларга сабаб бўлади. Аввало, ўша инсонларнинг ризқи қўшилган экан, блогер ёки вайнер бўлди. Агар Аллоҳ пешанасига ёзмаганида, минг уриниб ҳам бу даражага эришмаган бўларди. Тўртта мутахассиснинг «бўлмайди» деган гапи ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Энди чиқиб келаётган ижодкорлар ўзи ҳурмат қилган, машҳур санъаткорнинг олдига бориб маслаҳат олмоқчи бўлса, кескин фикр билдириб, унинг руҳиятини чўктириб қўйиши мумкин.

Ўзим ҳам худди шу жараённи бошдан ўтказганим учун яхши биламан. Одамзод ўзига 5 дақиқадан сўнг нима бўлишини билмайди. Қандай қилиб бутун бошли одамни келажакда нима кутаётганини айтиб бериш мумкин. Яқинда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ҳужжат топширган бола олдимга келиб, гапириб берди. Институтга ҳужжат топширгани борса, ўша ерда ишлайдиган устозлардан бири «Сендан актёр чиқмайди, ташқи кўринишинг тўғри келмайди. Сенинг бўй-бастинг, кўринишинг Шаҳзод Султоновга ўхшаган бўлиши керак», дебди. Ҳалиги бола билан гаплашиб сездим-у, унинг иштиёқи буткул синиб бўлган.

2020 йили Ўзбекистонда вайнер ва блогерлик соҳаси ривожланишни бошлаган бўлса, ўшанда чиққанларга қарата жуда кўп тош отилганди. Тўғри, уларда камчилик бўлиши мумкин, аммо уни йўқоца бўлади-ку. Бачкана видео олаётган бола ҳам улғаяди, қилаётган иши нотўғри эканлигини тушунади. Ҳар доим ҳам шундай қолиб кетмайди-ку.

Блогерлар кўп пул топади, дейишади. Ҳақиқатан ҳам уларнинг даромади яхши. Аммо бир ҳақиқатни англаш керак, улар ҳеч кимнинг ризқини юлиб олаётгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, актёр Шаҳзод Султонов 1996 йилнинг 27 январь санасида таваллуд топган. Отаси «Зилола» қўшиғи билан машҳур бўлган хонанда Ойбек Султонов ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Шаҳзод Султонов Феруза Норматовага уйланаётгани ростми? Актёр Озода Нурсаидованинг клипидан сўнг авж олган миш-мишларга изоҳ берди