21:53 / 02.08.2022
1 730

Дилдора Ниёзова ёш хонандалар санъатга кириб келганида дуч келадиган қийинчиликлар ҳақида (видео)

Дилдора Ниёзова ёш хонандалар санъатга кириб келганида дуч келадиган қийинчиликлар ҳақида (видео)
Хонанда Дилдора Ниёзова «Дарё» интернет нашрига берган интервьюсида отаси аввалига санъаткор бўлишига жиддий қаршилик қилгани ва биргина инсоннинг фикри билан қарорини ўзгартиргани ҳақида сўзлаб берди.

— "Санъаткор бўлишим аввало қисмат. Аммо отам санъаткор бўлишимга жиддий қаршилик қилган. У инсон ўз даврида «Метрополитен» ва «Метроқурилиш»да юқори лавозимларда фаолият юритган. Ўзига яраша обрўси бўлгани ва учта ўғилдан кейин туғилган битта қиз бўлганим учун хонанда бўлишимга норози бўлган. «Қизим санъаткор бўлса, бахтсиз бўлади», деб ўйларди.

Бир куни Алишер Икромовни олдига олиб бориб: «Қизимда ҳақиқатан иқтидор борми, бир умр отарчи бўлиб юрмайди-ку», деган. Алишер ака овозимни эшитиб кўргач, дадамга «Қизингизда чиройли овоз бор экан. Ҳали анча йил халққа хизмат қилади», — деган. Ана шу гапдан кейин отамнинг санъатимга бўлган муносабати ўзгарган. У пайтларда байрам кунлари кўчаларда сайллар ўтказиларди. Ўша сайлларда қўшиқларимни эшитиб тўпланаётган халқни кўриб, ишончлари ортган. Ана шу воқеадан кейин «Тарона рекордс» студиясида бир нечта қўшиқларимни ёздириб, илк аудиокассетамни сотувга чиқаришган.

Кассета сотувчи эркак рус миллатига мансуб бўлган. Отам унинг олдига бориб кассеталарим қандай сотилаётганига қизиққан. Ўша пайтда Юлдуз Усмонова ва Озода Нурсаидованинг қўшиқлари трендда эди. Рус сотувчи кассетамни кўрсатиб, «Ўзи бу ким, ҳамма шунинг кассетасини сўраяпти», деган. Уйимизга тўй хизматларига айтиб, кўп келишарди. Аммо отам тўйларга чиқишимга қарши бўлган. «Қизим тўй учун қўшиқ айтмайди», деб рад жавобини берарди. Онам «Қизим ёлғиз концертларга бормайди», деб ҳамиша ёнимда юрарди.

Аммо бугунги даражага эришишим осон бўлмаган. Отам яхши жойда ишлаганлари билан бирор концертга қатнашгим келса, бориб илтимос қиларди. Чунки ҳозиргидек шарт-шароитлар осон эмасди. Ҳатто саҳнадан ҳайдаб юборган ёки пора бериб концертга чиққан кунларимиз ҳам бўлган.

Аниқ эсимда: бир марта Тошкентдан Сирдарёга концерт учун борганман. Таниқли инсонлардан Фаррух Зокиров ҳам иштирок этганди. Концерт тугади ҳамки, мени саҳнага таклиф этишмади. Шунда бошловчи қизнинг қўлидаги микрофонни юлиб олиб, залдан чиқиб кетаётган томошабинларга «Мен ҳали машҳур санъаткор бўламан», деб қўшиқ ижро этгандим. Томошабинлар ҳам ортига қайтиб, қўшиғимни тинглаганди
", — дейди хонанда Дилдора Ниёзова.

Бундан ташқари, хонанда 2002—2003 йиллари телевидениеда қўшиқлар фақат таниш-билиш орқали айлантирилганлигини ҳам эслаб ўтди.

— "Илгари пулини бериб, йўлини қилсангиз, ярим соатдан кейин қўшиғингиз телевидениеда бериларди. Биз ҳам қўшнимиз ишлайдиган телеканалда таниш-билиш қилиб, қўшиғимни айлантирганимизни яхши эслайман. Бундан бошқа илож йўқ эди. Ундан кейин шартнома тизими йўлга қўйилди. Пулини тўлаб, истаганда телевизорда чиқиш мумкин. Аммо унинг нархи жуда қиммат. Охирги марта клипимни айлантирганимда битта қўшиқнинг эфири 100 АҚШ доллари эди. Бу нарх ёш хонандалар учун жуда қимматлик қилади. Охирги пайтларда телевизор кўрмаётганим ва рўмолда бўлганим учун телевидениега қизиқаётганим йўқ", — дейди хонанда Дилдора Ниёзова.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Дилдора Ниёзова ёш хонандалар санъатга кириб келганида дуч келадиган қийинчиликлар ҳақида (видео)