4 093
Масжидда фаррош, ётоқхонада қоровул, Россияда идиш ювувчи, «Қалпоқ»да Соҳиба бўлган профессионал актриса ҳақида
Фото: «Дарё»
Актёр, актрисалар, умуман шоу-бизнес вакиллари жуда ҳам зўр иқсодий шароитларда яшашади, уларда дард йўқ, ҳасрат, муаммо йўқ, давраларнинг тўри, муносабатнинг зўри ҳамиша уларга бўлади, улар қийинчилик нима, билмайди деб ҳисоблайдиган одамлар жуда кўп.
Асосан «Қалпоқ» ҳажвий кўрсатувидаги Соҳиба образи орқали, эпизодик роллари билан машҳурликка эришган, профессионал таълим олган актриса Фотима Назарованинг ҳаёти бир фильм учун сценарий бўла олади, дейиш мумкин. Кулгили ролларни ўйнайдиган актрисанинг машаққатларга тўла ҳаёти ҳақидаги йиғлатадиган фильм.
«Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад актриса Фотима Назарова яшайдиган ижодкорларнинг ижара ётоқхонасида меҳмон бўлди ва актрисанинг сўнгги ўн йилликдаги фаолияти ҳақида суҳбатлашди.
- "Фарзандларим туғилиб, уч-тўрт ёш бўлганидан сўнг, «санъатим ўхшамади, болалар учун Тошкентдан нима қилиб бўлса ҳам уй олишим керак», деб, Россияга кетдим. Ишонасизми, Россияга бориб 10 кун турдим. Уч кун идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишладим. Оёқ қўлим шишиб кетди. Биринчидан менга эмас экан бу иш, санъат соҳасида енгил-елпи юриб ишлардан чиқиб қолган эканман. Кейин болаларимсиз менга ҳаёт йўқ экан. Ҳаттоки болаларимни қизғониб, боғчага бермаганман. Боғча опалар билиб ё билмай чертиб қўймасин, деганман. 36 ёшимда қизимни, 38 ёшимда ўғлимни дунёга келтирдим. Хуллас, шундай қилиб, Россияда ишлай олмай, 10 кун ичида Ўзбекистонга қайтганман.
Театрларга ҳаракат қилиб кўрдим. Жуда кўп ҳаракат қилдим. «Ёшингиз ўтган, жой йўқ», дейишди, ҳозир театрга асосан ёшларни ишга олишар экан. Ахири Мирза ака Муқумий театрига ишга олдилар. «Мен ҳам мусофирман, мусофирларни яхши тушунаман, эшитдим ижодкорлар уйида ижарада яшаркансиз, болаларингиз бор экан, ҳозирча «пажарний»га ишга олиб тураман, кейин актрисаликка жой бўшаса, ишга оламан», дедилар. Кейин ўзлари оламдан ўтдилар, Аллоҳ раҳматига олсин, илоҳим.
Кейин ўша театрда назоратчи бўлиб ишладим. Ишимиз асосан томошабин билан, уларнинг билетига қараб, жойини топишига ёрдам берамиз. Кўп томошабинлар менинг ишлаётганимни тушунмасдида, мен билан расмга тушишарди. «Йўқ мен ишлаяпман, менга иш вақтида расмга тушиш мумкин эмас», дея олмасдим. «Расмга тушмайман», десангиз хафа бўлади. Улар билан иш вақтида расмга тушишим раҳбарларга ёқмади. Тепадан, камерадан қараб туришарди. «Ишингни қилсангчи», деяверишди. Кейин ишдан бўшашга мажбур бўлдим.
Ҳозир Бектемир туманидаги маданият уйида ўқитувчиман. У ерда тўгарак раҳбариман, болажонларга саҳна нутқи ва актёрлик маҳоратидан дарс бераман. Ойлигим 600 минг сўм, бу ижара ётоқхонага эса бир ойда 642 минг сўм тўлайман.
Ўзимиз яшаётган ижара ётоқхонада қоровул бўлиб ишлаганман. Театрларга ишга олишмаганидан сўнг, мажбурликдан қоровул бўлиб ишга кирдим. Кечаси тонггача қоровуллик қилиб чиқардим. Қийин бўларкан. Бу ерда санъаткорлар яшагани учун улар то тонггача тўй хизматидан, сафарлардан, съёмкалардан келишади. Улар учун эшикни очасиз. Ундан ташқари бегоналар, кўчада ичиб, маст бўлиб қолиб кетган алкашлар келади. Қўрқиб-қўрқиб, бир чораларни кўриб, олти ой ишладим, кечаси ухламаслик керак эди. Ойлигим 400 минг сўм эди.
Қоровулчиликдан ташқари Ат-Термизий масжидида фаррош бўлиб бир йилча ишладим. Баъзида ўзлари, чин кўнгилдан пул беришарди. Аслида Аллоҳ учун, Аллоҳнинг уйида хизмат қилишни ният қилганим учун ишлагандим. Ҳозир ҳам масжид ҳовлисини супургани боришни жуда хоҳлаяпман, аммо бора олмаяпман.
Масжидда тозалик ишлари эрта саҳардан бошланади. Ўғлим ҳам бирга ёрдамга боради. Шундай кунларнинг бирида ўғлимга «мен ҳовлини супураман, сен сув сеп», дедим. Ўғлим ёшлик қилдими, биллмадим, хуллас, бир Matiz’нинг болонига озроқ сув сачраб кетди. Унақа даражада мошинаси сув бўлиб кетмади. Matiz’нинг эгаси, ўзимдан ёш бола келиб, мени шунақа бўралатиб сўкиб кетди. «Ука ҳеч нима қилмади-ку, чангимасин, мошинангизга чанг тегмасин, деб, сув сепган жойимиз эди, ёш бола-ку, ука», десак ҳам сўкинишдан, ҳақорот қилишдан тўхтамади. Узоқдан бир бола кузатиб турганди, «ҳозир у ҳам келиб мени фаросатсизликда айбламасин», деб турганимда, у бола келиб Matiz’ли болага шунақа «понятка» бериб қўйди. Аллоҳнинг меҳрибонлигидан айланай, Аллоҳга шукрлар бўлсин, илоҳим. Яҳайверсангиз ҳар хил характерли, ҳар хил кайфиятдаги одамларни кўраверар экансиз", - дейди Фотима Назарова.
Маълумот учун, Фотима Назарова 1971 йил таваллуд топган. 1991 йили ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Мусиқали драма театри актёрлиги» бўлимида таҳсил олган. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин