23:48 / 06.11.2022
2 376

«Қўрқут ота» халқаро кинофестивалида ўзбек киноижодкорлари 4 та мукофотни қўлга киритди

«Қўрқут ота» халқаро кинофестивалида ўзбек киноижодкорлари 4 та мукофотни қўлга киритди
Фото: Қўрқут ота
1-5 ноябрь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида «Қўрқут ота» туркий халқлар кинофестивали бўлиб ўтди. Фестиваль доирасида туркий тилда сўзлашувчи 17 давлатдан ташриф буюрган киноижодкорлар саммити ташкил этилди. Унда келажакдаги истиқболли лойиҳалар, мақсадлар ҳақида сўз юритилди.

Киноижодкорлар ҳамкорлик учун таклиф этилаётган ўз лойиҳалари питчингини тақдим этишди. Фестиваль доирасида Тошкент шаҳридаги БДКИ (С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти) филиали Bahcesehir University, Istanbul Film Academy ва Istanbul Nisantasi University билан халқаро алоқалар ўрнатилди.

Аҳамиятли жиҳати 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб филиалнинг “Драматургия” таълим йўналишида Netflix Series Script махсус фани киритилади.

Яна бир эътиборли жиҳати, Россия кинематографлари туркий тилли халқларнинг миллий қаҳрамони Хўжа Насриддин ҳақидаги 16 қисмдан иборат анимацион фильм ҳақида тақдимот қилишди. Лойиҳа продюссери, муаллиф ва режиссёр Тимур Бекманбетов ҳам саммитда иштирок этиб, бу фильм Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишланаётганини, айни вақтда Ўзбекистонда анимация мактаби ижодкорлари билан биргаликда ишлаш мароқли бўлаётганини билдирди.

«Қўрқут ота» туркий халқлар кинофестивали доирасида 4 ноябрь куни «Ўзбекистон киноси кунлари» ўтказилди. Тадбирда ўзбек киноижодкорлари билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ва ўзбек фильмлари намойиши ташкил этилди.

Бурса кинотеатрларида Дилмурод Масаидовнинг «Аёл қисмати», Акром Шоҳназаровнинг «101 рейс», Иброҳим Расуловнинг «Муҳаббат баҳори» ва Фурқат Усмоновнинг «Инсон» кўп қисмли ҳужжатли фильмлари намойиш этилди.

Ушбу фестивалга 17 та давлатдан 400 дан ортиқ киноижодкорлар ташриф буюрдилар. Халқаро анжуманда Туркиядан ташқари Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбойжон, Туркманистон, Венгрия ва Шимолий Кипр каби давлатлардан кино усталари иштирок этишди.

57 та фильм икки йўналишда ғолиблик учун рақобатлашди. Улар орасида ўзбек киноижодкорларининг иккита картинаси ҳам танлаб олиниб, фильмларимиз юртимизга соврин билан қайтишди.

Кинорежиссёр Дилмурод Масаидовнинг «Аёл қисмати» бадиий фильми ҳамда Фурқат Усмоновнинг «Инсон» кўп қисмли ҳужжатли фильми Гран-прига лойиқ деб топилди.

«Энг яхши ҳужжатли фильм» номинацияси бўйича «Инсон» ҳужжатли фильми Гран-при билан мукофотланди. Соврин фильм режиссёри Фурқат Усмоновга топширилди.

Мазкур кинокартина Кинематография агентлиги ҳамда «Spectre» студияси томонидан суратга олинган.

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Dilshoh media» киностудияси томонидан ишлаб чиқарилган, режиссёр Дилмурод Масаидовнинг адашиб Сурияга кетган ватандошларимизни юртимизга қайтариш юзасидан амалга оширилган махсус операция ҳақида ҳикоя қилувчи «Аёл қисмати» бадиий фильми эса кинофестивалнинг энг нуфузли бош соврини «Энг яхши бадиий фильм» номинациясида ғолибликни қўлга киритди.

Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиевага фестивалнинг “Туркий халқлар кинематографиясига қўшган хизматлари учун” ҳамда киноактриса Юлдуз Ражабовага «Туркий халқлар бирдамлиги ҳамда ҳамдўстлигига қўшган хизматлари учун», «Турксой» халқаро мукофоти топширилди.

Фестиваль доирасида «Энг креатив қисқа метражли фильм суратга олгани учун» БДКИ талабалари Акмал Абиджанов ва Саидаълохон Маъсудхоновлар фестивалнинг эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирланишди.

Маълумот учун «Қўрқут ота» учинчи халқаро кинофестивали эстафетаси Озарбойжонга топширилди. 2023 йил айни шу пайтда Озарбойжоннинг Шуша шаҳрида ушбу фестиваль яна туркий давлат киноижодкорларига ўз эшикларини очади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Қўрқут ота» халқаро кинофестивалида ўзбек киноижодкорлари 4 та мукофотни қўлга киритди