01:21 / 19.02.2023
930

Юлдуз Усмонованинг назарига тушган Малик уйсиз яшагани, пулсизликдан севимли қўшиғини сотгани ҳақида гапирди

Юлдуз Усмонованинг назарига тушган Малик уйсиз яшагани, пулсизликдан севимли қўшиғини сотгани ҳақида гапирди
Фото: Instagram
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова билан дуэт куйлаш ёш ўзбек хонандаларининг орзуси десак, муболаға бўлмайди. Малик исмли хонанда ўзбек санъати примадоннаси билан бир нечта дуэтларни куйлади ва шу орқали мухлислар назарига тушди. “Дарё” интернет нашрининг YouTube’даги каналида ёш хонанда билан суҳбат ташкил этилди.

Малик 10 йил аввал хонанда бўлиш умидида Тошкентга келгани ва ҳомий бўлмагани учун бошқа санъаткорларга қўшиқ ёзиш билан тирикчилик қилгани ҳақида сўзлаб берди.

Тошкентга хонанда бўлиш ниятида келганман. Ҳаёт мажбуриятлари сабаб қўшиқ ёзиб, бошқа ижодкорларга сотганман. Миллионер инсоннинг фарзанди эмасман, оиламиз камтарона ҳаёт кечирарди. Қишлоқда чорва молларини боқиб, тирикчилик қилардик. Ҳомий топилмагандан кейин ўзим учун ёзган қўшиқларни сотиб, тирикчилик қилишга мажбур бўлганман.

Шу кунгача жуда кўп машҳур хонандалар билан ҳамкорлик қилганман. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам номимни айтиб ўтишни эп кўрмаган. Балки бу ижодкорларнинг қизғониши билан боғлиқдир. Энг алам қилгани — ёзган қўшиғимни айтиб, тўйларни “гуллатиб” юрган пайтида ҳам кўришиб қолсак, ўзини кўрмаганга олиб ўтиб кетадиганлар ҳам бўлган
, — дейди Малик.

Хонанда ва бастакор Малик ўзи учун яратган қўшиғини мажбурликдан Имронга бергани, 100 АҚШ доллари учун талашиб-тортишадиган хонандалар кўплиги ҳақида гапириб ўтди.

Имрон ижро этган “Сени ҳеч кимга бермай севаман” қўшиғини ўзим учун ёзгандим. Чунки бу қўшиқ ўз муҳаббатимга аталган эди. Шеърини ҳам ўзим ёзганман. Аммо пул кераклиги учун уни Имронга сотишга мажбур бўлганман. Агар имконим бўлганда, бу қўшиқни ўзим ижро этган бўлардим. Аммо рози бўлиб берганман, шунинг учун ҳам қўшиқ жуда омадли чиқди.

Манзура, Мавлуда Асалхўжаева, Жасур Умиров, Ғайбулла Турсунов, Хадича каби кўплаб санъаткорлар билан ҳамкорлик қилганман. Бастакор ва шоирни қадрлайдиганлар жуда ҳам кўп. Аммо яратилган битта қўшиқ устида 100 АҚШ доллари учун талашиб, клипида камида 400-500 долларлик костюм-шим оладиганлар ҳам йўқ эмас. Агар қўшиқ муваффақиятли чиқмаса, энг зўр клип ҳам уни машҳур қилиб беролмайди. Шунинг учун, аввало, шоир ва бастакорни рози қилиш керак, деб ўйлайман.

Шу кунгача қўшиқ учун энг катта гонорарни Юлдуз Усмоновадан олганман. “Севги” қўшиғини сотиб олишганда, хонанданинг турмуш ўртоғи Мансур Агалиев қўлимга пулни бериб, “Розимисан?” деб сўраганди. Бу мен 10 йил ичида сотган энг қиммат қўшиғим бўлди
, — дейди хонанда Малик.

Бир неча йил бастакор Шоҳжаҳон Эргашев сифатида ижод қилиб, нега Малик тахаллусини танлаганига изоҳ берди.

Ростини айтсам, бу ҳақида гапиргим келмайди. Чунки бу исм яхши маъно англатмаслигини билганимдан кейин ўзгартиришга қарор қилганман. Малик исмини танлаганимни эшитиб, Юлдуз Усмонова ҳам хурсанд бўлди. Бу ҳозирда шунчаки тахаллусим эмас, асл исмимдир, — дейди хонанда Малик.

Хонанда пойтахтга келганида молиявий қийинчиликларга учрагани, бир неча ой уйсиз, студияда яшашга мажбур бўлгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Тошкентга келганимда бу қишлоғимиз эмаслигини ва ўзимизга таниш одамлар йўқлигини англаганман. Яъни Навоийда бирор маҳалладошга “Фалончи ака, сизнинг уйингизда ётиб қолай”, десангиз, ҳеч ким йўқ демайди.

Ижара билан боғлиқ муаммоларга жуда кўп учраганман. Ҳатто ижара пулини тўлолмаганим учун 7-8 ойлаб ўзим ишлайдиган кичик студияда яшашимга ҳам тўғри келган. Албатта, студия уй эмас, яшаш учун у ерда ҳеч қандай шароит йўқ. Йигитлар билан келишиб, кичикроқ уйни ижарага олганмиз. Пулни вақтида беролмаганимиз учун уй эгаси икки ойдан кейин ҳайдаб юборган. Машинам бор эди. Ҳатто ундан уй, гардероб сифатида фойдаланган кунларим ҳам кўп бўлган. Энг қизиғи, жуда кўп хит қўшиқлар ана шундай қийин шароитда яратилган
, — дейди хонанда Малик.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Юлдуз Усмонованинг назарига тушган Малик уйсиз яшагани, пулсизликдан севимли қўшиғини сотгани ҳақида гапирди