“VIA Marokand” продюсери Жавлон Шодмонов ва хонанда Рашид Асал Зокирова гуруҳни тарк этгани, бу ҳолатга нима сабаб бўлгани ва гуруҳнинг кейинги фаолияти ҳақида гапириб берди.
“Премьерага бир кун қолганда қўнғироқ бўлди ва Асал гуруҳдан кетишини айтди — ҳаммамиз шокка тушиб қолдик”
“Рашиднинг олдидаги партнёри Асал. Жавлон Шодмоновнинг бу гуруҳга нима алоқаси бор, деб ўйлашлари мумкин. “VIA Marokand” гуруҳини мен ўйлаб топганман. Жасур Шодмонов билан бирга пул тикиб, шу гуруҳни 2015 йилда кастинг асосида яратганмиз. Рашид — жияним, Асални кастинг орқали топганмиз. Бу гуруҳ фарзандимдек бўлиб қолганди. Нолдан олиб чиққанман, ҳозир қизимни турмушга бериб юборгандек бўлиб турибман.
Яқинда янги қўшиққа клип суратга олдик. Бу ҳолат февраль ойининг охирларида бўлди. Қўшиқ ёздик, унга клип суратга олишни режалаштирдик ва 8 мартда тақдим этиш ниятимиз бор эди. Яхшиликка бўлди. Бу иш чўзилиб мен Қирғизистонга сафарга кетиб қолдим. У ердан келганимдан кейин клипнинг сценарийси ёқмади ва бу иш чўзилди.
Қўшиқ ёзилганди, 7 март куни клип суратга олдик. Асалда ҳам, Рашидда ҳам кайфият зўр эди. Ухламасдан клип монтажини бир кунда битирдим, чунки тезроқ чиқаришимиз керак эди. Клип ҳаммага ёқди: радиога, телевидениега премьера санасини бердик. Премьерага бир кун қолганда қўнғироқ бўлди ва Асал гуруҳдан кетишини айтди, ҳаммамиз шокка тушиб қолдик”, — дейди Жавлон Шодмонов.
“Асал гуруҳдан кетяпти, дейишганда ҳам умидим бор эди”
“Асалга ҳеч нарса қилмади, бироқ тўсатдан бир соатда ҳаммаси ҳал бўлиб кетди. Жавлон акам менга қўнғироқ қилди. Асал билан бундай ҳолатлар олдин ҳам бўлган, бироқ учинчисида ҳақиқатан ҳам кетди. “Асал, тўхтанг, партнёримсиз, ҳали қиладиган ишларимиз бор”, деб айтдим. Жавлон акам ҳам тушунтирди. Ҳаттоки учинчисида Жавлон акам қўнғироқ қилиб, Асал гуруҳдан кетяпти, дейишганда ҳам умидим бор эди.
Агар унда пул билан боғлиқ муаммо бўлганида мен билардим, чунки иккаламиз ҳам бир хил пул оламиз. Шу вақтга қадар бизда пул билан боғлиқ муаммо бўлмаган. Машина ҳам, уй ҳам олдик. Асал ҳам кам бўлмади — иккита уй, машина олди. Унда умуман пул билан боғлиқ муаммо бўлмади. Бари бир аёл кишининг дардини тушунмас экансиз. У билан гаплашганимда бўлди, энди у қайтмайди деган нарса бўлди. Тенг ярмимни қирқиб ташлагандек бўлишди.
“VIA Marokand” гуруҳлар ичида рекорд қўйган. Мен бундай гуруҳни кўрмаганман. Жуда катта меҳнат кетган. Асал билан қадрдон бўлиб, шу гуруҳни кўтардик. Асал кетди, агар мен ҳам кетсам номардлик бўлади. Асалга мен гуруҳни давом эттираман, деб айтдим”, — дейди гуруҳ аъзоси Рашид.
“Асал Instagram’даги 1 миллион 400 минг обуначиси бор саҳифасини ҳам Рашидга қолдириб кетди”
“Гуруҳга 8 йил меҳнатим кетди. Асал гуруҳдан уришиб кетгани йўқ, у шахсий ҳаётини қуриш мақсадида гуруҳни тарк этди. Мен ундан умуман хафа эмасман, ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли. У санъатни тарк этди, карьерасини тўхтатди. Битта нарсага қойил қолдим, у Instagram’даги 1 миллион 400 минг обуначиси бор саҳифасини ҳам Рашидга қолдириб кетди. Улар жуда кўп пул топишади, булардан кечиб кетиш эса мардлик. Биз бу лойиҳани тўхтатмоқчи эмасмиз. Асал кетишини айтганидан кейин ҳеч қаерга кастинг бермадик. Гуруҳимиз билан бу ишни давом эттириш ниятига келдик.
Бу ҳолат ўтган йили ҳам бўлган, бироқ Рашид кўндирганидан кейин Асал қолган. Гуруҳ очилганига 8 йил бўлган бўлса, Асал билан биринчи 3 йил учун контракт тузганмиз. Уч йил тугагандан 5 йилга тузганмиз, бу контракт ҳам тугаганди, биз яна давом эттираётгандик”, — дейди Жавлон Шодмонов.
“Лойиҳани давом эттирамиз, деб қиз қидирдик”
“Асал менга телефон қилиб, Instagram’имни сизга қолдирсам майлими, деб айтди. Кейин нимага у ерда мухлисларингиз бор, умуман йўқ бўлиб кетмоқчимисиз, деб сўрадим. У эса менга Instagram’нинг умуман қизиғи йўқ, бу ёғига шахсий ҳаётимда Instagram рол ўйнамайди деб айтди. Охирги марта кўришдик, йиғлади — гуруҳдан кетишни хоҳламаётганини сездим. Лекин бу шахсий ҳаётни қуришдаги энг тўғри қарор. Биринчи уч кун шок ҳолатида бўлдик. Лойиҳани давом эттирамиз деб қиз қидирдик.
Ҳали ҳам турмушга чиқмаган санъаткорлар бор, мен ҳам шунақа бўлиб қолишдан қўрқаман, менга оила керак деб айтганида қойил қолдим. Қайт дейишимга имконият қолдирмади. Асал мендан анча кичкина, бир-биримизни ҳурмат қилиб, узилиб кетмасин деб, уни сизлаганман. Шунинг учун ҳам мен айтсам йўқ дея олмасди, лекин ўртамизда бир-биримизга ёрдам бериш сақланиб қолди.
Жуда катта орзуларимиз бор эди, клипимиз айланган вақтда ҳаяжон бўларди. Ҳаммаси кечагидек эсимда. Асал билан ҳар кун бирга эдик. У пайтда Spark’им бор эди, Асални олиб-бориб келардим. Биз шунақа даражага келдик, “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концерт ҳам бердик. Ўшанда ҳам катта ҳаяжон билан бир-биримизни қўллаб-қувватлардик.
Асал билан уришиб кетган вақтларимиз ҳам бўлган, бир-биримизни жуда кўп кўрар эдик. Асал билан тез уришсак ҳам бир-биримизни тез тушуниб оладиган даражада бўлиб қолган эдик. Асалга бахт тилайман, биз бундан бу ёғига кучли ҳаракат қиламиз. Жуда катта янгилик қилиб мухлисларни ҳайратда қолдирамиз. Қиз ҳам тайёр”, — дейди гуруҳ хонандаси Рашид.
“‘VIA Marokand’ гуруҳи давом этади”
“Асал кетаман деганидан кейин 10 кун бутун республика бўйлаб қиз қидирдим. Жуда кўп қизларни кўрдик, ҳамма жойдан Асални қидирдик. Ҳозир сир бўлиб қолади, яқинда ўша қизни оммага кўрсатамиз. Тўғри, у қиз Асал бўла олмайди, лекин гуруҳдаги янги қизни Асални қандай қабул қилишган бўлса, шундай қабул қилишларини сўрардим. “VIA Marokand” гуруҳи давом этади”, — дейди Жавлон Шодмонов.
Асал Зокирова, VIA Marokand, Жавлон Шодмонов “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг