21:33 / 28.06.2023
221

«Уч оғайни» – йўқотилган авлод туйғулари акс этган асар

«Уч оғайни» – йўқотилган авлод туйғулари акс этган асар

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Уруш шундай жирканчки, у инсоннинг жисми, моддиятинигина эмас, руҳи, маънавиятини ҳам ҳалокатга учратади. Ўз асоратлари билан узоқ йиллар бутун бошли авлодларнинг келажаги, яшаш тарзи, руҳиятига рахна солиб туради. Бундай авлодлар эса «йўқотилган авлод» дейилади.

Эрих Мария Ремарк ўзининг уруш руҳидаги асарлари билан машҳурликка эришган. Унинг «Уч оғайни» асарида ҳам урушнинг жамият, одамлар турмуш тарзидаги сиёсий-иқтисодий, руҳий ва ижтимоий таъсири маҳорат билан акс эттирилган.

Роман 1938 йили Швейцарияда ёзилган бўлиб, унда чин муҳаббат ва ҳақиқий дўстлик тасвирланган. Биринчи жаҳон урушидан кейинги жамият, одамлардаги ёқимсиз кайфият, ишсиз қолиш қўрқуви ва аламзадалик акс этган. Чунки мамлакатда ишсизлик авж олиб кетганди. Ишсизлик эса тирикликдан маҳрум бўлишдек гап.

Сюжет:

Роберт, Кестер, Готфрид – қалин дўстлар. Бу дўстлар узилмас ришталар билан боғланган. Урушга бирга қатнашиб, уруш орқали ҳаёт нима эканини яхши англаб олган қаҳрамонлар урушдан сўнг ҳам айрилишмайди. Бежиримгина устахона очишиб, у ерда машиналарни тузатиш, олиб-сотиш орқали тирикчилик қилишади.

Кундан кунга ишсизлик, иқтисодий инқироз, қашшоқлик кучайиб бораётган шароитда улар шунчаки тирик эканликларидан мамнун ва ҳиссиз ҳолатда яшайверади. Уруш уларни шундай ҳиссиз ва ҳаётга бепарво, ичкиликка ўч қилиб қўйганди. Кунлардан бир кун улар Патрица Ҳолманни учратишади, Роберт эса уни севиб қолади.

Асар ҳам айнан шу Роберт Локамп тилидан ҳикоя қилинади. Патрица билан бирга Робертнинг ҳаётига янги ҳислар, янги ҳодисалар кириб келгандек бўлади. Муҳаббатга лиммо-лим юраклар учун ҳар дақиқа мазмунли ўта бошлайди. Икки ёш бир қанча ишқий саргузаштларни бошдан кечиришади. Аммо тез кунда Патрица Ҳолманнинг ўпкаси жиддий касал эканлигини билиб Роберт қаттиқ хафа бўлади.

Қизнинг бу касаллигига ҳам лаънати уруш сабабчи эди. Ёшлигида узоқ вақт очлик сабабли Пат шундай дардга йўлиққанди. Уч оғайни бирлашиб қизни даволатишга, умрини узайтиришга ҳаракат қилишади. Бирдек тиришади. Аммо барибир касаллик ўз ишини қилди. Қиз дунёдан кўз юмади. Аммо унинг гўзал муҳаббати, чиройли ва ўчмас хотираси Робертнинг юрагида қолди.

Бу орада 3 дўстнинг бири, энг қувноқ ва ҳазилкаш, бироз қув, аммо беғубор Готфрид ҳам бир гуруҳ безорилар томонидан отиб ўлдирилди. Готфриднинг ўлимидан мутаасир бўлган икки дўст қотилларнинг изидан тушади ва ўч олади. Бу ўч орқали ҳовурлари сал босилгандек бўлади.

Адиб асардаги Хосселар оиласи орқали ҳам жамиятнинг оғриқли нуқталарини яққолроқ очиб беришга уринади. Жаноб Хоссе ўта меҳнаткаш, доимо ишсиз қолишдан қўрқиб қаттиқ тиришадиган ходим, вафодор ва меҳрибон эр. Аммо унинг хотинига нимадир етишмайди. У эрининг бой эмаслигидан, ҳашаматли яшамаслигидан нолийверади. Эр-хотин орасидан деярли ҳар вақт оламушук ўтиб турарди. Албатта, бунга даврнинг, замоннинг, ижтимоий ҳолатнинг иқтисодий танглиги катта сабаб бўларди.

Охири Хоссе хоним эрини ташлаб кетди. Бой, пулдор эркак кетидан эргашди. Бунга чидолмаган эр ўзини осади. Аммо бу вақтда жаноб Хоссенинг ишхонада амали ошган, шу билан бирга, маоши ҳам кўтарилган, Хоссе хоним истаган кунлар келганди. У ишсиз қолсам кунимизга ярайди, деб анча-мунча пул ҳам жамғарганди. Ўзгалар қўлида қўғирчоқ бўлиш жонига теккан, эри билан ўтказган муҳаббатли дамларини қўмсаган аёл эрининг вафотидан тушкунликка тушади. Бой-бадавлат яшаш ҳам вақти келса, инсонга бахт беролмаслигини, ҳақиқий муҳаббат ўрнини босолмаслигини тушуниб етади. Аммо энди кечлигидан ўкинади.

Таҳлил:

Асардаги асосий ғоя шуки, муҳаббат, дўстлик, меҳр-муҳаббат, садоқат, фидокорлик сингари улуғ туйғулар ҳеч қачон ўзгармайди, сийқаси чиқмайди. Инсон қалби бу сингари олийжаноб туйғуларга ҳамиша эҳтиёж сезади. Уларсиз инсоннинг инсонлиги қолмайди.

Романдаги фоҳишалар гуруҳи олийжаноб туйғуларинг ўрнини кўрсатиб беришга хизмат қилади. Улар фоҳиша бўлишига қарамай ўз фикри, туйғулари, ҳисларига эга. Уларнинг беғуборлиги, қадриятлари унча-мунча «тоза киши»ларда йўқ. Улар шунчаки замондаги парокандалик, тирикчилик юки сабаб бу йўлга қадам қўйган. Фоҳишалик улар учун шунчаки бир иш, жисмини маҳв этаётган юмуш. Аммо қалблари бу ифлос юмушдан мутлақо фориғ. Орзу-умидларга, меҳр-муруватга лиммо-лим. Руҳлари тетик. Ҳеч қандай ғаразли ниятлари йўқ.

Кастернинг ўз қўли билан ясаган, кўринишидан харобгина бўлса-да, унча-мунча машинани ортда қолдирувчи «Карл» лақабли машинаси бор. Ўз вақтида Кастер «Қўлимни кесиб ташласам ташлайман, аммо Карлни сотмайман», деганди. Аммо шундай кун келдики, у дўсти Робертнинг бошига иш тушиб турганда фарзандидек бўлиб қолган Карлдан ҳам воз кечолади. Бу ҳам ҳозирги кунда камдан кам учраётган дўстликка садоқатнинг бир кўриниши эди.

Дўстининг, севгилисининг ғамини ўз ғамидек кўриш, ёрдам учун амалий ҳаракатда бўлиш, соф туйғуларни чинакамига ардоқлаш, қадрга лойиқ бўлишга уриниш – олийжаноблик. «Уч оғайни» қаҳрамонлари ана шундай олийжаноб инсонлар. Улар оғир дамда бирлашиб, бир-бирини қўллай, қадрлай олдилар. Жамиятда ҳеч бири катта ўринни тутишмаса-да, сиёсий аҳамиятга молик бўлишмаса-да, уларнинг юраклари, қалблари, садоқат ва муҳаббатлари буюк эди.

Уларнинг қайноқ дўстликларига қаҳратон; жипсликларига жамиятдаги тарқоқлик таъсир кўрсатолмасди. Бундай туйғуларни, дўст-у ёрларни қадрлаш керак. Инсон ҳаётга бир бора келади. Шундай экан, ёниб, чақнаб, муҳаббатга тошиб яшаши, ўзидан чиройли амалларни қолдириши лозим. Бу гўзал туйғулар акс этган асар Низом Комил томонидан таржима қилинган.

Гуласал Қодирова

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назаридан фарқ қилиши мумкин.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Уч оғайни» – йўқотилган авлод туйғулари акс этган асар