14:16 / 14.08.2023
1 494

Етимликда улғайиб, ички ишлар ходими бўлишни истамаган Ёрқинхўжа Умаров 31 ёшда

Фото: Instagram / @yorkinumarov  

Ўзгача йўналишдаги қўшиқлари билан тингловчилар эътиборига тушган Ёрқинхўжа Умаров бу йил 31 ёшни қаршилади. У ижодда баъзи ҳамкасбларига нисбатан тезда машҳурликка эришган бўлса-да, шахсий ҳаётида кўпгина қийинчиликларга учраган. Отасининг эрта вафоти сабаб, нафақат у, балки оиланинг барча аъзолари моддий ва маънавий жиҳатдан қийналишган. Шу боис у болаликдан онаси ва синглисига суянчиқ бўлишга уринган.

“Дадаси ўлган кун...”

Ёш хонанда Ёрқинхўжа Умаровнинг онаси Зоҳида Умарова ҳам бир пайтлар машҳур хонанда бўлган. Афсуски, турмуш ўртоғининг вафоти сабаб санъатдан кетишга қарор қилган. Ўғли Ёрқинхўжа Умаров эса онасининг армонларини рўёбга чиқаришга аҳд қилган.

— 1998 йилнинг 8 сентябрь куни тушдан кейин қаттиқ шамол бўлди. Мен ошхонада дадамиз яхши кўрадиган бақлажонли икра тайёрлаётгандим. Бирдан кўтарилган кучли шамол ҳамма ерни алғов-далғов қилиб юборди. Қайнонамга қараб “Яхши одам ўлди, шекилли”, дедим. Қайнонам гапимга ҳайрон бўлди. “Сентябрда бундай шамол бўлмасди-да”, дедим. Ёрқинхўжа 5 ёшда эди, боғчага кетганди.

Орадан кўп вақт ўтмай, дадамиз автоҳалокатга учраб вафот этгани ҳақида хабар келди. Бир зумда уйимизга тумонат одам тўпланди. Фарзандларим у пайтда анча ёш эди, улар отасининг вафот этганини билгани ҳам йўқ. Мен эса кўп ўтмай ёлғиз аёлга қанчалар қийин бўлишини англаганман. Турмуш ўртоғим вафот этган кун менинг бахтсизлик даврим бошланган.
Энг алам қиладигани — ёлғиз аёлга бошқача муносабатда бўлишади. Ҳатто қариндош-уруғларнинг ҳам муносабати ўзгарди. Ҳатто эрларини қизғанадиганлар ҳам бўлди. “Бу санъаткор-да”, деб ёвқараш қилганларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Фарзандларимни бировдан кам қилмаслик учун ҳаётда икки ролни ўйнадим. Яъни улар учун ҳам она, ҳам ота бўлдим, — дейди Зоҳида Умарова.

“Танаффус пайтида йўқолиб қолардим”

Ёрқинхўжа Умаровга отасининг йўқлиги ҳар қадамда сезиларди. Боиси, кичик оила кўплаб моддий қийинчиликларга учрар, онаси санъатдан кетганидан сўнг оиланинг тирикчилик манбаи ҳам узилганди.

Фото: Instagram / @yorkinumarov

— Онамдан бирон марта пул сўраган бола эмасдим. Берса олардим, бермаса пулим йўқлигини айтмасдим. Танаффус пайти яқинлашиши билан “йўқолиб” қолишга ҳаракат қилардим. Чунки синфдошларим ошхонага бориб нимадир харид қилишарди. Ҳатто уларга ҳам пулим йўқлигини билдиришни истамасдим. Жуда кўп молиявий қийинчиликка учраганмиз, шу боис 4-синфимдан бошлаб ишлашга қарор қилганман. Ўша пайтларда симёғоч ва кўп қаватли уй эшикларига эълонлар ёпиштириларди. Мен ҳам шундай ишга жойлашиб, пул ишлаганман. Пиёда юравериб оёқларим оғриб кетарди, — дейди хонанда.

“Ички ишлар ходими бўлишни истамадим”

Зоҳида Умарова санъаткор бўлса-да, ўғлининг ҳам шу касбни эгаллашини истамайди. У отаси каби ички ишлар ходими бўлишини орзу қиларди.

Фото: Instagram / @yorkinumarov

— Онам ички ишлар ходими бўлишим учун роса ҳаракат қилган. Аввалига онамнинг қарори тўғридир деб билганман, аммо барибир ички хоҳишимга қарши чиқолмаганман, — дейди хонанда Ёрқинхўжа Умаров.

“Рус ва инглиз тилини биламан”

Хонанда хориж тилларидаги қўшиқларни ҳам ижро этади. У хориж тилларини биладими ёки...

Фото: Instagram / @yorkinumarov

— Болалигимда ўзбек мактабда ўқиганман, аммо рус миллатига мансуб дўстларим кўп бўлган. Кейин институтнинг рус гуруҳида ўқидим. Болаликдан эса инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қилганман. Ҳозирги кунда рус ва инглиз тилларида эркин мулоқот қила оламан, — дейди хонанда Ёрқинхўжа Умаров.

“The cover up”да иштирок этишни истамагандим

“The cover up” лойиҳаси ғолиби бўлган Ёрқинхўжа Умаров аслида унда иштирок этишни истамагани ҳақида сўзлаб берди.

Фото: Instagram / @yorkinumarov

— “Сулола” жамоасини ташкил этгандан кейин хорижда, хусусан Хитойда ўтказиладиган фестиваллар ҳақида маълумот тўплашни бошлаганман. “Хориж фестивалларида тажриба орттириб қайтамиз”, деб ният қилгандим. Аммо жамоамиз аъзоси Нодир ака “The cover up” лойиҳаси ҳақида эшитиб, унда қатнашишни таклиф қилган. “Нима кераги бор, кетайлик”, деганман. Хуллас, у бир амаллаб кўндирган ва илк кўрсатувдан кейин қизиқишим кучайиб кетган. Кейин фақат ғолиб бўлиш фикри билан яшаганман, — дейди хонанда Ёрқинхўжа Умаров.

Уйланмаслигининг сабаби нимада?

Хонанда шу кунгача оила қурмаётганининг сабаблари ва ҳамкасби Афрўза билан муносабатларига ҳам ойдинлик киритиб ўтган.

— Оиламиздаги ёлғиз эркак, ота ўрнидаги масъул шахсман. Яқиндагина синглимни узатдик. Ундан аввал уйланишни истамадим. Насиб қилса, энди онамга яхши ҳамсуҳбат бўладиган, хизматларини қилиб, дуосини оладиган қизга уйланаман. 

Афрўза билан ишқий муносабатимиз йўқ. Одамлар бизни ишқий жуфтлик сифатида кўришади. Бу ҳақда бир неча марта сўрашган, йўқ деган жавоб ҳам берганман, барибир яна ва яна шу савол такрорланмоқда. Тўғрисини айтаман, Афрўза билан, умуман, ишқий муносабатимиз йўқ. Афрўза ҳамкасбим, уни синглимдек кўраман, — дейди хонанда Ёрқинхўжа Умаров.

У нимадан қўрқади?

Хонанданинг фобияси борми? Бу савол кўпчиликни ўйлантирса керак. У нимадан кўпроқ қўрқиши ҳақида ҳам айтиб ўтган.

Фото: Instagram / @yorkinumarov

— Ёшлигимда томга чиққанимда баланд панжарали жой турган экан. Баландликдан яхшигина қўрққанман. Нима сабабдан бундан қўрқишимни билмайман, баландликдан пастга қараган пайтим юрагим орқага тортиб кетади”, — дейди хонанда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Етимликда улғайиб, ички ишлар ходими бўлишни истамаган Ёрқинхўжа Умаров 31 ёшда