09:50 / 13.10.2023
373

Сербиялик дунёга машҳур режиссёр Тошкентга илк бор келиб, ҳайратлангани ҳақида гапирди(видео)

Сербиялик дунёга машҳур режиссёр Тошкентга илк бор келиб, ҳайратлангани ҳақида гапирди(видео)

Режиссёр Музаффар Эркинов Facebook’даги саҳифаси орқали Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Тошкент халқаро кинофестивали ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Ўзбекистонга илк марта ташриф буюрган сербиялик машҳур режиссёр Эмир Кустурицанинг Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари ҳақидаги таассуротларини ҳам ёзиб қолдирди.

“Мен унинг продюсери Мирко Радинович билан уларнинг Тошкентга келиши тўғрисида бир неча бор суҳбатлашганимда Ўзбекистонга келсангиз, бизда у бор, бу бор деб роса мақтамоқчи бўлсам, у менга Музаффар, азизим, менинг ёшим 62 да, Эмирники 69 да, бизни ҳайратга сололмайсан, биз ҳамма нарсани кўриб бўлганмиз, деб кўп гапирди. Лекин Аллоҳнинг қудратини қарангки, кеча тунги сайрда у ва Эмир ўз ҳайратини яширишолмади”, — деб ёзади Музаффар Эркинов.

Режиссёрнинг таъкидлашича, Эмир Кустурица продюсери билан биргаликда Тошкентнинг “Париж ва Дубайдан ҳам зўрлигини” айтишган.

 
“Улар Тошкент Париждан, Дубайдан ҳам зўр-ку, деб роса такрорлайверишди. У кета- кетгунча шу гапни такрорлайверди. Ваҳоланки, Эмир Кустурица шахсини билган инсонлар яхши билишадики, у инсонни ёлғон ёхуд пахта қўйиб гапиришга дунёдаги ҳеч қанақа пул, ҳеч қандай илтифот ҳам мажбур қилолмайди”, — дейди режиссёр.

Музаффар Эркинов Эмир Кустурицанинг сўзларидан таъсирланиб, уларнинг нигоҳи билан Тошкентга назар ташлай бошлагани ҳамда ўзгалар англаган нарсани аввал англамагани ҳақида фикр билдирди.

“Мен бошида уларни оддий видеога олиб, бу гапларга унча эътибор бермадим. Бирдан ақл-у шууримга ярқ этиб ўйлар келишни бошлади. Энди мен уларнинг нигоҳи билан Тошкентимизга назар сола бошладим. Шунда мен уялдим, ўз-ўзимиздан уялдим… Наҳотки ўзгалар кўраётган, англаётган нарсаларни биз кўрмаяпмиз, биз англамаяпмиз.

Инсонлар, ватандошлар, кўзларимизни каттароқ очайлик, атрофимизда нималар бўлаётганини англайлик. Ахир ўзимиз йиллар давомида ҳавас қилаётган ўзга давлатлардан анча ўзиб кетибмиз-ку. Жаҳоннинг энг илғор шаҳарларидек кўрк берибмиз-ку. Нега шуни тушунгимиз келмаяпти, нега ўзгаришлар ҳақида бонг ураётган инсонларни маддоҳга чиқармоқдамиз?

Нега ҳақиқатни тан олгимиз келмаяпти? Нега ҳадеб нолийверамиз? Нега кечамизга ва бугунимизга боқмаймиз? Нега фақат ўз ватанидаги камчиликларни кўраётган кишиларни “ватанпарвар”га чиқариб, у билан, керак бўлса, қўшилиб айб излаяпмиз, нега, нега, нега?!

Наҳотки ичимизда яхшилик нури шунчалар камайиб кетган бўлса… Бу сўзларни кўзимда ёш, қалбимда оғриқ билан ёздим. Бу ўйларни ёзишга мени ҳеч ким мажбур қилмади. Балки шу ўйларимни ўқиган инсон виждонан атрофига бир назар ташлар, деган ўйда ёздим. Раҳмат сенга, Тошкент кинофестивали, раҳмат сизга, Эмир! Раҳмат сизга, Шавкат Миромонович!” — деб ёзади режиссёр.

Маълумот учун, Эмир Кустурица — келиб чиқиши босниялик Югославия ва серб кинорежиссёри ва кино актёри, Европанинг энг йирик кинофестиваллари, шу жумладан, Канн кинофестивалида икки марта “Олтин палма япроғи”ни қўлга киритган. Унинг “Яшамоқ — бир мўжиза”, “Аризона орзуси”, “Оқ мушук, қора мушук”, “Лўлилар соати” каби фильмлари машҳур.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар
Янгиликлар » Маданият » Сербиялик дунёга машҳур режиссёр Тошкентга илк бор келиб, ҳайратлангани ҳақида гапирди(видео)