“Ҳозирги ақлим бўлганида ажрашмасдим”. Хонанда Ирода Искандарова Даврон Ғойипов билан турмуши ҳақида
Хонанда Ирода Искандарова журналист Жасур Ҳамроевга берган интервьюсида ўғлининг ўлимидан сўнг қаттиқ тушкунликка тушгани ҳақида сўзлаб берди.
“2000 йилда туғилган ўғлимнинг кўричаги ёрилиб кетиб, улгурмай қолганмиз сақлаб қолишга. Ҳаёт бўлганида 12 декабрь куни 23 ёшга тўларди.
Фарзандим вафот этганидан сўнг уч ой жойимдан тура олмай ётдим. Шу пайтда шу даражада тушкунликка тушиб қолдимки, ҳатто ўзимни ўлдиришга ҳам уриндим. Хаёлимда фақат ўғлим, ўғлимнинг ёнига боришим керак, деган ўй бор эди. Умуман ухлай олмай қолдим. Ҳозиргача шу аҳвол, туни билан ухламай ўғлим учун ибодат қилиб, бизни жаннатларда учраштиришини сўрайман. Ҳозиргача тинчлантирувчи дорилар ичиб юраман. Бир нарсани айта оламан, мен ўлимдан қўрқмайман, фақат уёққа борганда бўладиган савол-жавоблардан қўрқаман. Ўғлимнинг ўлимидан сўнг кўп нарсани ўргандим.
Ўғлим вафот этганидан сўнг санъатга қайтиш ниятим йўқ эди. Лекин дўстларим бундай вазиятда мени қўллаб-қувватлади. Қизидан айрилган Фотима Режаметова олдимга келиб, “Нима ётиш бу, тур ўрнингдан! Бир-иккита мухлисинг бўлса ҳам улар учун ижод қилишинг керак”, деб менга таскин берувчи сўзларни айтиб, кўнглимни кўтарди”, — дейди хонанда.
Шунингдек, хонанда марҳум санъаткор Даврон Ғойипов билан турмуши ҳақида ҳам сўзлаб берди.
“Даврон билан турмуш қурганимда жуда ёш, қишлоқнинг содда қизи эдим, кўчани кўрмаганман. Ўшанда катта ҳаётга тайёр бўлмаганман. Даврон Ғойипов билан турмуш қурганимиздан сўнг улар менга кўп нарсани ўргатди. Мени катта саҳналарга олиб чиқди. Бундан жуда миннатдорман. Илоҳим жойлари жаннатдан бўлсин. Мен улар билан яшаганимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Биз ажрашиб кетганимиздан сўнг ҳам гаплашиб турардик.
Бизнинг характеримиз тўғри келмадими, мен ёшлик қилдимми, билмадим нимадир бўлиб, ажрашиб кетдик. У пайтда дунёқарашим ҳозиргидек бўлмаган. Агар ҳозирги ақлим бўлганида ажрашмасдим. Иккаламиз дуэт куйлаб, вилоятлардаги катта-катта саҳналарда концерт қўйганмиз. Бу мен учун катта тарбия, санъат борасидаги катта мактаб бўлган. У мендан 11 ёш катта бўлган. 1995 йилда турмуш қурганмиз, беш йил бирга яшаб икки нафар фарзанд кўрганмиз”, — дейди хонанда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг