Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитовага, аслида, Наврўзой деб исм қўйилиши керак эди. Чунки у 22 март санасида дунёга келган. Бу йил 43 ёшни қаршилайдиган хонанда ижодда ҳам, ҳаётда ҳам муваффақиятга эришгани билан кўпчиликка ўрнак бўлади. Хўш, севимли хонанда муваффақиятга эришиш учун қандай қийинчиликларни енгиб ўтган?
“Онам бизни ёлғиз катта қилган”
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
Гулсанам Мамазоитованинг санъаткор бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Чунки у фарғоналик ҳофиз Мамадали Мамазоитов хонадонида дунёга келган. У оиланинг кенжа фарзанди бўлиб, Отабек исмли акаси ва Гўзалхон исмли опаси бор. Гулсанам отаси ҳақида интервьюларида деярли гапирмайди. Бунинг боиси унинг болалик йиллари ота меҳридан айро ўтганлигида бўлса керак. Гулсанам Мамазоитованинг онаси ўз даврининг энг талабчан раҳбарларидан бири бўлган. Хонанда санъатга қизиқишига айнан онасининг раҳбар бўлгани ҳам сабаб бўлгани ҳақида сўзлаб берган:
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
— Раҳбар инсоннинг иши кўп бўлади. Шунинг учун сингилларга қараш вазифаси акамга юклатилганди. У пайтларда акам мусиқа мактабига ҳам қатнарди. Кўпинча мени ўзи билан мактабга олиб кетарди. У ердаги муҳит менга ҳам таъсир этиб, санъатга меҳрим янада ортган. Илк устозим акам бўлган. У овозимдаги ўзига хосликни аниқлаб, қўшиқ айтишга меҳр уйғотган.
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
Бизни онамизнинг ёлғиз ўзи ўстириб, катта қилган. Ота меҳрини деярли кўрмаганмиз. Лекин, шундай бўлса ҳам, онам бизни кам қилмаган. Қўлдан келганча тарбия қилиб, ўқитиб, керак бўлса, кўчада эркак, уйда аёл бўлиб ўстирган. Шу нарсанинг таъсири бор. Онамнинг лафзи кучли, “Болам, бир нарсани кучинг етса, қиламан дегин. Кучинг етмаган нарсага ваъда берма!” деб, ҳалигача ўргатади Тарбиямда шу нарса бор. Мен йиллар ўтиб шаклланмаганман, бу нарса қон-қонимга сингиб кетган, — дейди хонанда Гулсанам Мамазоитова.
“Қўшиқ айтмай, рақс билан шуғулланганман”
Гулсанам Мамазоитова бир муддат профессионал рақс билан ҳам шуғулланган. У Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева ва Суғдиёна Исроиловага шогирдликка тушиб, кейинчалик ўз ансамблини ҳам ташкил этган.
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
— Қўшиқ куйлашни эрта бошлаганим учун ўсмирликка ўтиш вақтида овоз ўзгариши — мутация вақти бўлган. Бу даврда вақтинча қўшиқ куйламаслик керак. “Бўш қолмасин”, деган мақсадда онам мени рақс тўгарагига берганлар. Уч-тўрт йил рақс билан шуғулландим, устоз кўрдим. Рақс билан профессионал шуғулланиш истаги бўлмаган, бўш вақтни тўлдириш учун хизмат қилган, холос, — дейди хонанда.
Гулсанамга акаси қандай шарт қўйган?
Гулсанам Мамазоитованинг санъаткор бўлишига онаси қарши бўлмаган. Аммо акаси Отабек Муҳаммадзоҳид унга бир нечта жиддий чекловларни қўйгани кўпчиликка сир эмас. Хусусан, Отабек Муҳаммадзоҳиднинг ўзи интервьюсида чекловлар ҳақида қуйидагиларни маълум қилган.
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
— Аввало, синглимнинг миллий қўшиқлар ижро этишини сўраганман. Чунки ўша пайтда санъатда ҳар томонга йўрғалаш, “оҳанги тушса, қўшиқ бўлади-да”, қабилида иш қилиш урфга айланганди. Кейин либосларига эътиборли бўлишини тайинлаганман. Бу менинг ҳам акалик, ҳам устозлик талабим эди, — дейди хонанда Отабек Муҳаммадзоҳид.
Танловларсиз тасаввур этиб бўлмайдиган биографияси
Гулсанам Мамазоитова 2000 йили Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Шарқ мусиқаси” факультетига ўқишга киради. 2006 йили эса магистрлик даражасини ёқлаб, шундан кейин бор эътиборини ижодга қаратади.
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
Гулсанам Мамазоитова деганда кўз олдимизда давлат тадбирларида фаол ва турли кўрик-танловларда иштирок этадиган хонанда келади. Ҳақиқатан ҳам, унинг биографиясини танловларсиз тасаввур этиш қийин. У илк ғалабасини коллежда ўқиб юрган кезлари қўлга киритган. Яъни 1999 йил ўтказилган Юнус Ражабий номидаги кўрик-танловда иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритган. “Ниҳол” мукофотини эса Ўзбекистон давлат консерваториясининг 4-босқичида ўқиётганида олган.
Тўйдаги созандага қўйилган кўнгил
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
Гулсанам Мамазоитова созанда Санжар Аҳмедов билан оила қурган. Санжар Аҳмедов Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов билан тўй-хизматлари ва концертларида қатнашарди. У тўйда Гулсанам билан танишгач, бир олийгоҳда ўқишларини билишган.
Санжар Аҳмедов Ўзбекистон давлат консерваториясининг зарбли чолғулар факультетида таҳсил олган. У бир муддат ижод билан шуғулланган, хонанда билан оила қургач, бор эътиборини унинг ижодига қаратган. У айни кунда турмуш ўртоғининг иш бошқарувчиси ҳисобланади.
“Қийинчиликлар ҳаммада бор”
Бир қарашда Гулсанам Мамазоитова ҳаммасига осонлик билан эришгандек туюлади. Аммо у ҳам кўплаб қийинчиликларни бошидан ўтказган. Жумладан, икки ёш оила қургач, моддий жиҳатдан қийналишган. Чунки ўша вақтда иккиси ҳам талаба эди.
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
— Ҳаммада ҳам бундай қийинчиликлар бўлади. Балки ҳаёт шуниси билан ҳам қизиқдир. Муҳими, кўнгил хотиржам бўлса бўлди. Бирор ишни бошлаётган инсон моддий эҳтиёжини бирламчи деб ҳисобламаслиги керак. Агар шундай деб билса, у мақсадидан чалғийди, — дейди хонанда.
“20 кунлик чақалоғим билан концертга борганман”
Хонанданинг Моҳижаҳонбегим ва Абдуғаффор исмли фарзандлари бор. Аммо унинг илк ҳомиласи нобуд бўлган ва бундан руҳий тушкунликка тушган. Гулсанам Мамазоитова икки фарзандини дунёга келтиргандан кейин ҳам тезда саҳнага қайтишга мажбур бўлган. Хусусан, ўғли Абдуғаффор билан чиллалик давридан бошлаб гастрол сафарларига борганини кулиб эслайди.
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
— Ўғлим 20 кунлик чақалоқлик пайтида “Универсиада” спорт мусобақалари ўтказиладиган бўлди. Ташкилотчилар болам кичиклигини инобатга олиб, шифокор, ҳамшира ва ҳайдовчиларни тайёрлаб қўйишган. Хуллас, болаларим жуда кичиклигидан бошлаб менга ҳамроҳ бўлишган, — дейди хонанда интервьюларининг бирида.
“Аллани айтолмай, йиғлаганман”
Гулсанам Мамазоитовага омад олиб келган қўшиқлар кўп. Аммо уни руҳий тушкунликка туширганлари ҳам йўқ эмас. Хонанда бу борада қуйидагиларни маълум қилган.
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
— “Алла” қўшиғимнинг ёзилиш жараёни жуда оғир кечган. Чунки бу қўшиқда фарзандини якка ўзи ўстирган ёлғиз аёл дардини куйлаш керак бўлган. Бу дард ўз ҳаётимга бегона эмасди. Ўша дардни кўнглимдан ўтказиб куйлаганман. Ҳолатимни кўриб, овоз операторимиз ҳам йиғлаб юборган. Йиғласангиз, овозингиз ўзингизга бўйсунмайди, ҳаттоки гапиролмай қоласиз. Қийинчилик билан яратилган қўшиқ кўпчиликка маъқул келган, — дейди хонанда.
“Мен омадлиман”
Кўпчилик бу хонандани фақатгина давлат тадбирлари учун ижод қиладиган хонанда дея танқид қилади. Бундай танқидларга хонанда ўз муносабатини билдирди.
Фото: Гулсанам Мамазоитова архивидан
— Танқид ўринли бўлса, эътибор бераман. Давлат тадбирларида иштирок этиш бахт. Тўй хизматларига ҳам бораман. Аммо ижодимнинг асосини концертлар ташкил этади. Бу бахт ҳамма хонандага ҳам насиб этмайди. Демак, мен омадлиман, — дейди хонанда.
Гулсанам унвон олиш борасида ҳамкасбларидан анча ўзиб кетган. У 2006 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2013 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонларини қўлга киритган. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди