00:04 / 02.10.2024
98

Конста кўчирмакаш ижодкорлар ва Ҳамдам Собировга эргашаётганларни танқид қилди

Конста кўчирмакаш ижодкорлар ва Ҳамдам Собировга эргашаётганларни танқид қилди
Фото: “Дарё”
Ўзбек рэпери Конста YouTube’даги “Daryo lifestyle” каналига берган интервьюсида Озода Нурсаидова ижро этган “Кўк Жигули” таронаси ва Ҳамдам Собиров ижодига ўз муносабатини билдириб ўтди.

— Ижодкор сифатида “Кўк Жигули” таронасини паст баҳолайман. Ҳамдам Собировнинг ўзи ижро этганида бошқа гап эди. Лекин бир неча йиллик кучли образдаги овоз ампуласига эга бўлган Озода Нурсаидованинг буни ижро этгани яхши эмас. Чунки ижодкор бу тоифадаги қўшиқларга нисбатан анча кучли овозга эга. Ўйлашимча, бу қўшиқ Озода Нурсаидованинг минуси бўлди. Орқасидан чиқарган “Лада”си ҳам худди шундай. Наҳотки шуларсиз уни ҳеч қаерга айтишмаётган бўлса? Бундай қўшиқларсиз ҳам унинг санъатдаги ўрни бор эди ва керакли санъаткор эди. Менимча, бу қандайдир пойганинг оқибатлари бўлса керак. “Мен ҳам трендда бўлишим керак. Ким ҳит тарона яратаётган бўлса у билан ҳамкорлик қилишим керак”, дейишнинг оқибати шундай бўлади.

Конста санъатда Ҳамдам Собировнинг нусхадошлари кўпайиб бораётганига ҳам муносабат билдирди.

— Ҳамдам Собировнинг ижодини таг-туги билан кўчиришмоқда. Мусиқаси жуда ўхшаш, клипида эса албатта қишлоқ атмосферасини кўрсатишади. Қўлдан келганча бачкана ва майнавозчилик қилишади, худдики қишлоқдаги одамлар шундай деб кўрсатмоқчи бўлишади. Ўзим ҳам Гулистонданман, аммо бирорта одамни клипларда кўрсатилаётгандек кийинганини кўрмаганман. Кейин клипда кўрсатилганидек қишлоқ одамлари бачкана эмас.

Назаримда, Ҳамдам Собировнинг йўналишини кўчириб бекор қилишяпти. Эртага Ўзбекистонда катта концерт қилинадиган бўлса, Ҳамдам Собировни чақиришади, аммо унга ўхшаганларга қизиқишмайди. “Оригинали борку, буниси нимага керак”, дейишади. Ўзбек санъатига турли йўналишларда ижод қиладиган санъаткорлар керак, Ҳамдам Собиров кўтарилди дегани энди бошқалар у эришган даражага чиқолмайди дегани эмас.

Санъатда биринчи рақамли хонанда деган тушунча йўқ. Ҳар бир санъаткор ўз йўлида ижод қилавериши керак. Ҳамдам Собиров ижод йўлини ўзи топди, бу кунга етиш учун ҳаракат қилди. У неча йил деганда ўз йўналишини топди, лекин бу унинг ортидан келаётганлар осон йўлни танлаб, осонликча эргашишлари керак дегани эмас, дейди Конста.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Конста кўчирмакаш ижодкорлар ва Ҳамдам Собировга эргашаётганларни танқид қилди