08:22 / 08.03.2025
9 321

Томошабинлар “Калмар ўйини”да яна бир нечта хатоликларни аниқлашди (фото)

Томошабинлар “Калмар ўйини”да яна бир нечта хатоликларни аниқлашди (фото)
Биринчи марта 2021 йилда Netflix платформасида намойиш этилган “Калмар ўйини” сериали дунё бўйлаб катта шов-шувга сабаб бўлган Жанубий Корея лойиҳаларидан. Хван Дон Хёк режиссёрлигида суратга олинган мазкур лойиҳа жамиятдаги ижтимоий тенгсизлик, инсоннинг ҳаёт-мамот аҳамиятга эга қарорлари ва пулга бўлган муносабатини ўзгача услубда ёритиб беради.

Сериал сюжетига кўра, молиявий инқирозга тушиб қолган юзлаб одамлар катта миқдордаги мукофотни ютиш учун сирли ўйинда иштирок этади. У болаликдаги оддий ўйинларга асосланган бўлса-да, мағлублар ўлим жазосига ҳукм қилинади. Ҳар бир босқичда иштирокчилар нафақат ўз маҳоратини, балки инсонийлик чегараларини ҳам синовдан ўтказадилар.

Бугун биз “Калмар ўйини” сериалида томошабинлар эътиборига тушган бир нечта хатоликлар ҳақида маълумот берамиз.

Соябон

Фото: Liferbc.ru
“Далгона печенеси” (эритилган шакардан тайёрланган болаларнинг севимли ширинлиги) ўйинида соябон билан боғлиқ бир хатолик бор.

Иккинчи ўйин бошланишидан аввал иштирокчилар шакллар: думалоқ, учбурчак, юлдуз ва соябондан бирини танлаши керак бўлади. Вазифа шартларига кўра, ўйинчилар игна ёрдамида уларга берилган шаклни ширинликдан синдирмай ажратиб олиши керак бўлади. Буни бажариш учун 10 дақиқа муҳлат берилган. Бош қаҳрамон Сон Ги Хунга энг қийин шакл — соябон тушади.

Фото: Liferbc.ru
Аввалига девордаги соябон тасвири эгри контурларга эга бўлади. Кейинги кадрларда унинг тасвири текис чизиқли соябонга ўзгариб қолади.

Смартфон

Фото: Liferbc.ru
Биринчи мавсумнинг тўққизинчи қисмида Сон Ки Хун телефони билан боғлиқ қизиқарли тафсилот бор. Қаҳрамон қўнғироқлашганда турли хил смартфонлар орқали сўзлашганини пайқаш мумкин. Аввалига у метрода Samsung Galaxy С7 да гаплашади, аэропортда эса қўлида Samsung Galaxy С3 ни ушлаб туради. Иккала смартфон ўзининг орқа панели, шакли ва камераларнинг жойлашуви билан ажралиб туради.

Фото: Liferbc.ru
Таққослаш учун:

Samsung Galaxy С7 ва Samsung Galaxy С3
Фото: Liferbc.ru

Кадрга тушиб қолган оператор

Аммо “Калмар ўйини” сериалининг иккинчи мавсумида операторлардан бири жанг тасвирида тушиб қолган. Бундай хато эса томошабинлар эътиборидан четда қолмаган.

Фото: Liferbc.ru
Иккинчи мавсумнинг еттинчи қисмида қуролланган ўйин иштирокчилари ташкилотчиларга қарши ўқ узаётган саҳнада жараёнларни тасвирга олаётган эркак объективга тушиб қолган. Ушбу эпизод ўйин майдончасида содир бўлади. Жанг саҳнаси одатда бир нечта камералардан суратга олинади, шу сабабли режиссёрлар операторлардан бирини кўздан қочирган.

Бўш қошиқ

Фото: Liferbc.ru
Биринчи мавсумнинг учинчи қисмида 16-дақиқада бош қаҳрамон овқат совуқлигидан шикоят қилади.

“Ҳеч бўлмаса гуручни иситиб беришса бўлар эди”, дейди қаҳрамон.
Сўнг суҳбатини давом эттирар экан, актёр овқатланишни бошлайди. Ушбу кадрга эътибор билан қарасангиз, ўйин иштирокчилари бўш қошиқни оғзига олиб бораётганини кўришингиз мумкин. Суратда бу ҳолат унчалик сезилмайди, лекин эпизодни томоша қилганда яққол кўринади.

“Калмар ўйини”нинг учинчи мавсуми — финал премераси 2025 йил 27 июнь куни бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият