
27 июн куни Нетфлих ўзининг энг машҳур лойиҳаларидан бири — Жанубий Корея сериали «Кальмар ўйини»нинг учинчи ва якуний мавсумини намойиш этди.

Сериал илк бор 2021 йилнинг кузида чиқди ва пандемиядан кейинги даврда глобал аудиторияга кучли таъсир қилди. Муаллиф Хван Дон-Хек инсониятдаги ахлоқий танлов, капитализмнинг шафқатсиз томони ва синфий тенгсизлик ҳақида кескин саволлар қўйди. Биринчи мавсум жуда муваффақиятли ўтиб, Нетфлих тарихидаги энг кўп кўрилган оригинал лойиҳа сифатида тарихга кирди. Гарчи муаллиф дастлаб фақат битта мавсумни режалаштирган бўлса-да, Нетфлих босими остида сериал яна икки мавсумга чўзилди.
Учинчи мавсум иккинчиси билан бир пайтда суратга олинган. Бош қаҳрамон Сонг Ги Хун яна ўйинга қайтади ва бу сафар ўзини ҳатто қурбонлик қилиш даражасида инсонийликни ҳимоя қилувчи образ сифатида намоён қилади. Сериал давомида у деярли диний қаҳрамонга айланиши — ўлиб, тирилиб, ёвузликка қарши курашади. Якунда янги туғилган чақалоқ — ҳали бу дунёнинг ёмонликларидан бегона — келажакка умид рамзига айланади.
Сериалнинг асосий драматик баҳси — инсон табиатида эзгулик ёки ёвузлик устунми — биринчи мавсумда аллақачон якунланган эди. Шу сабабдан иккинчи ва айниқса учинчи мавсумда ҳикоя бироз чўзилган, баъзида эса ўзини такрорлаётгандек туюлади. Ҳар мавсумда сериялар сони камайган (9 → 7 → 6).

Қаҳрамонлар энди унчалик оригинал эмас — ёвузлар ўта юзаки, чуқур эмас, содда тасвирланган, «яхшилар» эса аввалгидек идеалист. Курашлар аввалгидек шафқатсиз ва кутилмаган бурилишлар камроқ. Муаллифнинг ўзи ҳам интервюларда лойиҳадан чарчаганини яширмайди.
Финалнинг баҳолари ҳам икки хил: Metacritic сайтида 70% бўлса, Rotten Tomatoes’да фақат 42% аудитория мақтовига сазовор бўлди. Бу кўрсаткичлар сериалнинг сўнгига келиб чарчаганини кўрсатади. Аммо Netflix сўнги саҳнада Америкада бўлиб ўтиши мумкин бўлган спин-оффга ишора қилиб ўтган — кадрда Голливуд юлдузининг пайдо бўлиши бундан далолат беради.
Бу эса сериал ҳали тугамаган бўлиши мумкинлигини англатади. Бироқ танқидчилар фикрига кўра, Netflix асосий ғоя — инсон зўравон тизимни тўхтата олади — деган ғояга қарши ўзи боришни давом эттирмоқда. Охир-оқибат, сериалнинг асосий мазмуни — зўравонликка қарши кураш — ўз аҳамиятини йўқотмаслиги керак. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар