
6 июль куни Хитойнинг Чонгқинг шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги 2025 кинофестивалининг тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу нуфузли тадбирда ўзбекистонлик актриса Раъно Шодиева “Баҳорни қувиб” фильмидаги таъсирли роли учун “Энг яхши актриса” номинациясида ғолиб деб топилди.
Актрисанинг айтишича, унга берилган юксак баҳо уни чуқур ҳислар гирдобида қолдирган.
— “Хурсандчилигимни ифода этишга сўз топа олмаяпман. ШҲТ халқаро кинофестивалида мен ва фильмим мукофотга сазовор бўлдик. Бу ролга ишонган режиссёрим Аюб Шаҳобиддиновга алоҳида миннатдорлик билдираман”, — деб ёзди у ўзининг Instagram саҳифасидаги ҳикоясида.
“Баҳорни қувиб” фильмида ўзбек аёлининг қалб кечинмалари, руҳий ҳолати ва инсонлар ўртасидаги муносабатлар юракдан сўзланади. Кино асарга машҳур драматург ва ёзувчи Эркин Аъзам сценарий ёзган бўлиб, фильмни Аюб Шаҳобиддинов суратга олган.
Кинофестивалда Ўзбекистон фаол қатнашди. Асосий танлов дастурига мамлакатимиз номидан икки фильм — Дилшодбек Усмоновнинг “Узум” ва Аюб Шаҳобиддиновнинг “Баҳорни қувиб” фильмлари киритилган бўлиб, улар “Олтин камелия” мукофоти учун беллашди. Бундан ташқари, танловдан ташқари дастурда яна учта ўзбек фильми намойиш этилди.
Қайд этиш жоизки, кинофестиваль ҳакамлар ҳайъати таркибига ўзбекистонлик ҳужжатли фильм режиссёри Фурқат Усмонов ҳам киритилган.
Фестивалнинг асосий танловида 11 мамлакатдан 20 та фильм қатнашди. Улар орасида Ўзбекистон, Россия, Хитой, Эрон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон ва Мўғулистон каби давлатлар ҳам бор. Ғолиблар “Энг яхши фильм”, “Энг яхши режиссёр”, “Энг яхши сценарий”, “Энг яхши актёрлик ижроси” ва яна 10 та номинация бўйича эълон қилинди.
Раъно Шодиеванинг ғалабаси нафақат шахсий ютуқ, балки ўзбек киносаноати учун ҳам муҳим воқеа сифатида тарихга кирди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар