Дунёдаги энг таниқли рок қаҳрамонларидан бири — Оззи Осборн ҳақида ҳужжатли фильм тайёрланаётгани маълум қилинди. Британиянинг BBC телеканали "Оззи Осборн: Уйга қайтиш" (Ozzy Osbourne: Returning Home) номли лойиҳани амалга оширмоқда. Бу ҳақда Pravilamag нашри хабар берди.
Фильмда "қоронғулик қироли" ҳаётининг сўнгги йиллари ва шахсий фожиалари ҳақида сўз боради. Мазкур лойиҳада Осборннинг турмуш ўртоғи Шэрон, фарзандлари Жек ва Келли ҳам фаол иштирок этмоқда.
Фильмни тайёрлаш ғояси илк бор 2022 йили пайдо бўлган. Ўшанда бу лойиҳа MTV телеканалида 2002–2005 йилларда намойиш этилган машҳур "Осборнлар оиласи" реалити-шоусининг давоми сифатида 10 қисмли сериал кўринишида режалаштирилган эди. Аммо кейинчалик бу сериал ҳужжатли фильмга айлантирилди. Ҳозирча унинг аниқ премьера санаси эълон қилингани йўқ.
Ушбу ҳужжатли лентанинг ишлаб чиқарилиши билан Clarkson's Farm лойиҳаси билан танилган Expectation студияси ҳамда JOKS Productions Limited шуғулланмоқда. Фильмнинг финали Оззининг фаолиятидаги энг таъсирли воқеалардан бири — Black Sabbath гуруҳининг Бирмингемда Villa Park стадионида ўтказилган, ўн соатдан зиёд давом этган сўнгги концертига бағишланади.
Маълумки, Оззи Осборн 2025 йил 22 июль куни 76 ёшида юрак хуружи (миокард инфаркти) туфайли вафот этди. Унинг ватан шаҳри Бирмингемда ўтказилган видолашув маросимида оила аъзолари, дўстлари, юлдузлар ва минглаб мухлислар иштирок этди. Тантанали тадбир чоғида Black Sabbath гуруҳининг афсонавий тароналари янгради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!