date

Ўзбек санъатида йўқотиш: Дилмурод Исломов 71 ёшида оламдан ўтди

Ўзбек санъатида йўқотиш: Дилмурод Исломов 71 ёшида оламдан ўтди

Ўзбек мусиқа санъати ва доира ижрочилигида ўзининг беқиёс ўрнини қолдирган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Ўзбекистон доирачилари» жамоат бирлашмаси раиси Дилмурод Исломов ҳаётдан кўз юмди. У 71 ёшда эди. Бу хабар нафақат ижод аҳлини, балки бутун мамлакат санъат ихлосмандларини ҳам қайғуга солди.

Дилмурод Исломов нафақат маҳоратли ижрочи, балки йирик ташкилотчи сифатида ҳам танилди. У республика миқёсида ўтказилиб келаётган «Зарб кўрик-танлови»нинг ҳамда доира ижрочилигига бағишланган «Доирачилар фестивали»нинг асосчиси ҳисобланади. Бу икки йирик тадбир орқали у кўплаб ёш истеъдодларга ўз маҳоратларини намойиш этиш имкониятини яратди.

Унинг илмий ва услубий мероси ҳам юртимиз маданий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. 2014 йилда нашр этилган «Устозлардан доира сабоқлари» тўплами, 2015 йилда чоп этилган «Махсус чолғу (доира усуллари: устозлар сабоқлари)» ўқув қўлланмаси, шунингдек, «Мозийдан садо» монографияси ва миллий ҳамда халқаро журналларда босилган кўплаб илмий мақолалари орқали у ёш авлодга устозлар меросини етказди.

Дилмурод Исломовнинг хизматлари нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг кўплаб бурчакларида ҳам эътироф этилди. У ўзининг бой ижодий дастурлари билан 100 дан зиёд хорижий мамлакатларда концертлар берди. Бу сафарлар орқали у ўзбек миллий мусиқаси ва доира ижрочилиги санъатини оламга кенг тарғиб қилди.

Унинг номини ва ижодий меросини ҳурмат билан эслаш, ёшлар онгида миллий мусиқага муҳаббат уйғотиш – бугунги куннинг ҳам муҳим вазифаси бўлиб қолмоқда. Дилмурод Исломов ўз ҳаёти ва фаолияти билан бу йўлда ўчмас из қолдирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ўзбек санъатида йўқотиш: Дилмурод Исломов 71 ёшида оламдан ўтди