Ёзги таътилнинг охирги кунлари секин-аста якунланиб, фарзандлар янги ўқув йилига тайёргарлик кўрмоқда. Бу пайтда ота-оналар учун энг асосий вазифа — болага нафақат қизиқарли, балки фойдали ва тарбиявий машғулот топиш. Китоб ўқиш, интерактив ўйинлар ва билим юклаб берадиган мультфильмлар бу жараёнда энг яхши восита ҳисобланади. Мазмунли анимацион фильмлар боланинг тасаввурини кенгайтиради, дунёқарашини бойитади ва мактаб ҳаётига руҳан тайёрлайди.
“Валл-И” (2008)
Бу анимацион фильмда инсоният Ерни тарк қилиб, космосга йўл олади. Кичкина Валл-И эса сайёрани ахлатдан тозалайдиган ягона роботдир. Роботнинг ҳаёти аввал оддий бўлиб кўринса-да, у янги дўстлар топади, космосга сайёҳат қилади ва инсонларнинг келажакдаги ҳаёти билан боғлиқ кутилмаган воқеаларга гувоҳ бўлади. Шунингдек, Валл-И Ерга инсонлар учун яроқлилигини текширишга юборилган Эвани севиб қолади. Мультфильм болаларга масъулият, меҳр-муҳаббат ва дўстлик қадриятларини ўргатади.
“Қалб” (2020)
Мусиқий анимацияда қаҳрамон Жо Гарднер ўзининг мусиқий карьерасига эришиш орзусида. Бироқ тасодифан у ўлимга дуч келади ва руҳини қайта олишга ҳаракат қилади. “Қалб” ҳаётнинг қанчалик қадрли эканини, касбни эгаллаш эмас, балки ҳақиқий яшашни ўргатади. Бу фильм болаларга ҳаёт қадриятларини тушунтириш ва ижодий имкониятларга интилишга илҳом беради.
“Бошқотирма” (2015)
11 ёшли Райли оиласи билан Миннесотадан Сан-Францискога кўчиб ўтади ва янги муҳитда қийинчиликка дуч келади. Фильмда Райлининг ҳис-туйғулари — қувонч, қайғу, ғазаб, нафрат ва қўрқув — унинг ҳаётини қандай бошқараётгани экранда намоён бўлади. Режиссёр Пит Доктер болалар психологияси ва ички ҳис-туйғуларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратган.
“Бошқотирма-2” (2024)
Райли эндиликда 13 ёшда ва ўсмирлик давридаги ҳис-туйғулари билан курашади. Унинг кундалик ҳаётида қувонч, қайғу, ғазаб, қўрқув ва жирканиш ҳислари ўзгариб туради. Энди ҳар бир кун янги тажриба ва ҳис-туйғулар олиб келади. Фильм болалар ва ўсмирлар учун ички дунё ва эмоционал барқарорлик ҳақида муҳим дарс ҳисобланади.
“Лео” (2023)
Бош қаҳрамон — ўрта мактаб биология хонасидаги кичик калтакесак. Лео озодликка интилади ва саҳрода яшашни орзу қилади. Бир кун у ўз ҳаётидаги охирги йил қолганини билиб, орзуларини амалга оширишга қарор қилади. Лео болалар билан мулоқот қилиб, атрофдагиларни тушунишга ёрдам беради ва ўзини биринчи марта бахтли ва керакли ҳис қилади.
Ушбу беш мультфильм нафақат қизиқарли, балки болаларнинг руҳий ва маънавий ривожланишига ёрдам беради. Мактабдан олдинги даврда уларни томоша қилиш фарзандларнинг тасаввурини кенгайтириш, эмоция ва фикрлаш қобилиятини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!