Солиқ қўмитаси концерт-томоша соҳаси вакиллари учун жорий этилган янги электрон хизматнинг дастлабки кўрсаткичларини эълон қилди. Мазкур хизмат 30 июндан ишга туширилган бўлиб, у хонанда ва ижрочиларга ўз йиллик умумий даромадлари ҳақидаги декларацияни анча соддалаштирилган усулда тақдим этиш имкониятини яратди.
Маълумки, ҳар бир фуқаро конституциявий бурчи сифатида даромад солиғини тўлашга мажбур. Мазкур жараённи янада қулай қилиш мақсадида «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг маълумотлар базаси солиқ органларининг ахборот тизими билан интеграция қилинди.
Эндиликда «Концерт-томоша фаолияти» лицензиясига эга бўлган хонанда ва ижрочилар «Солиқ» мобил иловаси орқали ўз шахсини тасдиқлаб ва Face ID орқали киришдан ўтгач, автоматик равишда ушбу хизматдан фойдаланишлари мумкин.
Қўмита маълумотларига кўра, 18 август ҳолатига қадар 1954 нафар лицензия эгаси янги тизимдан фойдаланиб, декларациясини топширишга улгурган.
Энг кўп декларация тақдим этилган ҳудудлар рўйхати қуйидагича шаклланди:
-
Хоразм вилояти — 294 та;
-
Тошкент шаҳри — 291 та;
-
Бухоро вилояти — 212 та;
-
Самарқанд вилояти — 207 та;
-
Тошкент вилояти — 157 та.
Мутасаддилар таъкидлашича, мазкур янги хизмат нафақат хонанда ва ижрочилар учун катта қулайлик яратади, балки солиқ ҳисоботини шаффоф ва самарали юритишга ҳам хизмат қилади.
Шу орқали давлат органлари ва ижод аҳли ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, қонунчилик талабларига амал қилиш янада осонлашиши кўзда тутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!