«Реал» клубининг жонкуяр мухлислари учун янгича хабар: жамоанинг собиқ сардори ва афсонаси Серхио Рамос мусиқа соҳасида ҳам ўзини синаб кўриш ниятида. Унинг айтишича, асосий орзуси — Мадриднинг «Сантьяго Бернабеу» стадионида катта концерт бериб, мухлислар олдида саҳнада чиқиш.
Эслатиб ўтамиз, Серхио Рамос аввалроқ «Cibeles» номли қўшиғини тақдим этган эди. Ушбу қўшиқ матнида футболчи «Реал»га бўлган чексиз муҳаббатини ифода этиб, 2013/14 йилги мавсум Чемпионлар лигаси финалида 90+4-дақиқада киритган голини эслаб ўтган. У гол клуб тарихида бурилиш нуқтаси бўлган ва Рамоснинг абадий хотираси сифатида ёдга олинади.
Шу билан бирга, қўшиқ матнида у карьерасининг охирида клубдан кутган қўллаб-қувватлашни топмаганини очиқ танқид қилиб ўтди. Бу эса кўплаб мухлислар орасида баҳс ва муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
«Мен келажакда бир кун «Бернабеу»да концерт берсам, бу ҳақиқатан ҳам ажойиб воқеа бўлар эди. Лекин, албатта, биз қадамма-қадам ҳаракат қилишимиз лозим», — деди ҳозирги пайтда Мексиканинг «Монтеррей» клуби шарафини ҳимоя қилаётган испан футболчиси.
Рамоснинг бу орзуси спорт ва санъат оламини бирлаштириши мумкин. Мухлислар эса ўз севимли футболчисини нафaқат стадион газонида, балки катта саҳнада ҳам кўриш имкониятига эга бўлишларидан умидвор. Шу тариқа, Серхио Рамос нафақат футбол афсонаси, балки ижод майдонида ҳам ўз изини қолдириш ниятида экани аён бўлмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!