date

Тейлор Свифт янги альбомига берилган танқидларга жавоб берди

Тейлор Свифт янги альбомига берилган танқидларга жавоб берди

Таниқли қўшиқчи Тейлор Свифт ўзининг навбатдаги “Life of a Showgirl” номли студия альбоми ҳақидаги турли фикрларга изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, альбом номи атрофидаги ҳар қандай муҳокама — ижодини янада кенгроқ тарғиб қилишга хизмат қилади.

Зейн Лоунинг шоу дастурида иштирок этган Свифт, янги альбомига билдирилган танқидларга муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай муносабат — ижобий ёки салбий бўлишидан қатъи назар — унинг учун қимматли тажриба ҳисобланади.

“Мен шов-шувни ёқтираман. Шоу-бизнеснинг қоидаси шундай: агар альбом чиққанига ҳали бир ҳафта бўлмаган бўлса ва сиз менинг исмим ёки альбомим номини тилга олсангиз, демак, менга ёрдам беряпсиз”, — деди хонанда кулимсираб.

Тейлор Свифт, шунингдек, мусиқа ва санъат ҳақидаги барча фикрларни ҳурмат қилишини таъкидлади:

“Санъатда ҳар кимнинг ўз нуқтаи назари бўлиши табиий. Мен бу каби фикрларни қадрлайман. Ҳар бир инсон ижод ҳақида ўз ҳисси ва қарашларига эга бўлиш ҳуқуқига эга”, — деди у.

Свифтнинг айтишича, кўплаб мухлислар вақт ўтиши билан унинг асарларига бўлган муносабатини ўзгартиради.

“Фанатларим кўпинча шундай дейишади: ‘Илгари Reputation менга ёқмаган, аммо ҳаётимдаги ўзгаришлардан кейин у менинг энг севимли альбомимга айланди’. Бу мен учун катта илҳом манбаи”, — деди қўшиқчи.

Тейлор Свифт янгилик билан фахрланишини яширмади: “Мен яратган ишимни яхши биламан ва уни чин дилдан севаман”, — дея қўшимча қилди у.

Маълумот учун, 3 октябрь куни Тейлор Свифт ўзининг 12-студия альбоми — “Life of a Showgirl” ни тақдим этди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Тейлор Свифт янги альбомига берилган танқидларга жавоб берди