Муқаддас Холиқова: Қизларни оилага тайёрлаймиз, йигитларни-чи? (видео)

Муқаддас Холиқова — Ўзбек Миллий академик драма театри устоз санъаткори ва Ўзбекистон халқ артисти — “Мирсодиқова билан” дастурида берган интервюсида бугунги ёшлар тарбияси ва оила қуриш масаласи ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Суҳбат давомида актриса жамиятда кўп учрайдиган бир масалага эътибор қаратди. Унинг айтишича, қизлар кичиклигидан оила ҳаётига тайёрлаб тарбияланади, аммо йигитлар тарбиясига ҳам шу даражада жиддий эътибор қаратиш зарур.
«Қизларни: “Сув келса — симирасан, тош келса — кемирасан”, дея оилага тайёрлаймиз. Аммо йигитларни ҳам оиланинг таъминловчиси, боқувчиси бўлишга ўргатиш керак», — деди Муқаддас Холиқова.
Актрисанинг таъкидлашича, бугунги кунда айрим ёш йигитлар оила қуришга етарлича тайёр бўлмасдан туриб турмуш қурмоқда. Натижада эса улар рўзғор юритиш ва оила масъулиятини зиммасига олишда қийналишмоқда.
Суҳбат давомида Муқаддас Холиқова фарзанд тарбияси ҳаётдаги энг мураккаб ва масъулиятли жараёнлардан бири эканини ҳам таъкидлади.
«Менимча, ҳаётдаги энг мураккаб жараён — бу фарзанд тарбияси. Чунки фарзандлар ортидан қудачилик деган нозик ришта келади. Оилани обод қилиш бир тараф бўлса, қудачилик риштасига доғ туширмаслик иккинчи тараф. Агар фарзандларимиз рўзғорда бизни уялтириб қўймаса, қудачилик албатта минг йилчилик бўлади», — деди актриса.
Унинг мазкур фикрлари дастур томошабинлари томонидан ҳам қизғин муҳокама қилинди. Кўпчилик ижтимоий тармоқларда актрисанинг гаплари ҳаётий ва тўғри эканини таъкидлаб, унинг фикрларини қўллаб-қувватлади.