date

Алишер Узоқов ҳаётидаги энг катта синов ҳақида сўзлаб берди

Алишер Узоқов ҳаётидаги энг катта синов ҳақида сўзлаб берди

Актёр ва хонанда Алишер Узоқов “Ўзбекистон” телеканалининг “Ҳаёт ва хаёл йўллари” кўрсатувига меҳмон бўлиб, ҳаётида юз берган оғир синовлар, энг катта орзулари ва онаси томонидан бирор марта мақтов эшитмагани ҳақида очиқ сўзлади.

“Ҳаётимда қаттиқ синов юз берди”

Алишер Узоқов бир ой аввал хориж саёҳатида бўлганида саломатлиги билан боғлиқ жиддий қийинчиликка дуч келганини маълум қилди.

— Яқинда ҳаётимда жуда оғир синов юз берди. Бу ҳақда деярли ҳеч ким билмайди. Сафарда, ватандан узоқда эдим. Соғлигимда жиддий муаммо пайдо бўлди. Ҳатто ногиронлар аравачасига ўтиришга мажбур бўлдим. Ҳолатимни деярли ҳеч кимга айтмадим. Лекин саноқли яқинларим қаердандир хабар олишди.

“Ҳар бир санъаткор орзу қилади – мукофотланишни”

Актёр кўп йиллик фаолиятдан сўнг давлат мукофоти олмоқни кутиб келганини айтиб ўтди. Бироқ оғир кунларда мухлисларнинг меҳри ва қўллаб-қувватлаши унинг учун энг қимматли мукофот эканини англаб етганини таъкидлади.

— Шу пайтгача санъат дунёсида юрибмиз. Ҳамма санъаткорда мукофот олиш орзуси бор, деб ўйлайман. Қилинаётган меҳнатига муносиб баҳо олиш ҳақиқий ижодкор учун энг катта қиммат, деб ҳисоблайман. Келгусида халқимиз учун ижод қилиб, меҳнатим эътироф этилса яхши бўлади, деб ўйлайман. Шу пайтгача мен ҳам мукофотланишни жиддий кутиб келдим.

— Бир ой аввалги оғир синовда шундай бир вазият юз берди: хориж сафарида ҳолатим оғир бўлганида бир ҳамюртимиз келиб, мендан ҳол-аҳвол сўради. Самарқандлик йигит эди. Оиласини кузатиб, сўнг фақат мен билан шуғулланди. У мен ижодимни яхши кўриб, катта қизиқиш билан кузатганини айтди. Ўша лаҳзада менга, эҳтимол, энг қимматли мукофот шу экан, деган фикр келди. Мухлисларнинг эътирофи ҳам керак экан, деди Алишер Узоқов.

“Онам мени ҳеч қачон мақтамаган”

— Мақтовларни ёмон кўраман. Мени мақташмагани яхши. Ҳаттоки совға олишни ҳам ёқтирмайман. Чунки мақтов инсонни кўпинча бузади. Мақтовларга ишониб ўзлигимни йўқотмаслик керак.

“Танқидни асосига қараб қабул қиламан”

— Агар танқид асосли бўлса, қабул қиламан. Чунки бу соҳада анча вақтдан бери фаолият қиламан. Кимнинг фикри ўринли, кимнинг танқиди жоиз эмас, ажратиш мумкин. Ҳозир эса барчада микрофон бор, фикр билдириш имконияти кўпайган. Бу ҳолатни тўхтатиб бўлмайди, лекин унга қарши ҳаракат қилиш мумкин.

“Ҳаётдаги ягона орзум – отамни кўриш”

— Отасизлик туфайли тез улғайдим. Отам вафот этганда 20 ёшда эдим. Сафарда бўлганим учун уларни охирги манзилга кузатиб юбора олмадим. Шунинг учун ҳаётдаги ягона арзум шу, бошқа орзуларим йўқ.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » Алишер Узоқов ҳаётидаги энг катта синов ҳақида сўзлаб берди