Ҳалима Ибрагимованинг опаси синглисидан қолган мерос ва эрининг уйланиши ҳақида гапирди

2024 йилнинг 7 декабрь санасида таниқли комик актриса Ҳалима Ибрагимова 45 ёшида ҳаётдан кўз юмган эди. Санъаткорнинг вафотига қарийб бир ярим йил бўлган бир пайтда марҳуманинг опаси Умида Ҳожимуҳаммедова билан суҳбат уюштирди. Суҳбат давомида у куёвининг кейинги ҳаёти, Ҳалимадан қолган мерос, ижтимоий тармоқлардаги турли гап-сўзлар ва синглисининг вафотидан кейин юз берган мўъжизали воқеа ҳақида фикр билдирди.
“Ҳалиманинг вафотидан кейин мўъжиза бўлди”

Суҳбат вақтида Умида Ҳожимуҳаммедова синглиси билан боғлиқ мўъжизали воқеани ҳам эслади.
— Ҳалима Умрага боришни жуда хоҳларди. “Тезроқ паспорт олинглар, тўрт опа-сингил бирга ибодат қилиб келамиз”, дерди. Аммо бу насиб қилмади. Вафотидан кейин эса жияним таксига чиққан экан. Ҳайдовчи уни танимасдан “Ҳалимахон ҳам ўтибди”, деб гап очибди. Кейин онаси Маккада эканини, у ерда Ҳалимани Каъба ёнида кўрганини айтган. Буни эшитиб, биз жуда таъсирландик. Балки Аллоҳ унга умра бадал насиб қилгандир, — дея хотирлади у.
“Ҳалимадан қолган бойлик — болалариники”

Суҳбат давомида марҳуманинг тиллалари бўлиб олингани ҳақидаги миш-мишларга ҳам ойдинлик киритилди.
— Одамлар “тилласини бўлишиб олибсизлар” деб ёзишди. Лекин биз ҳеч нарсасига тегмадик. Ҳалима тириклигидаёқ тақинчоқларини фарзандларига атаб қўйган экан. Ҳаммаси куёвимизда турибди. Ҳатто эсдалик учун кичкина зирагини ҳам олмадик, — деди Умида Ҳожимуҳаммедова.
Унинг сўзларига кўра, куёвлари Ҳалиманинг ишларига ҳам яқиндан ёрдам берган.
— У Ҳалиманинг администратори эди, реклама ва ишларини ўзи юритарди. Бундан ташқари тухум бизнеси ҳам бор. Ижтимоий тармоқларда турли фикрлар ёзилади. Биз ота ҳовлига борсак ҳам гап, бормасак ҳам гап. Аммо у ерга борганда ҳам куёвимизга оғирлигимиз тушмаслигига ҳаракат қиламиз, — дейди у.
“Куёвимиз уйланиши мумкин, лекин ота ҳовлида эмас”

Умиданинг айтишича, Ҳалима оиласи билан ота ҳовлисида яшаган ва бу уй энди фарзандларига мерос бўлиб қолган.
—Энди ўша ҳовлида ўғли уйланади. Куёвимиз ҳам шу ерда яшаб турибди, ҳеч ким уни уйдан чиқаргани йўқ. Унинг уйланишига келсак, биз қарши эмасмиз, аксинча, хоҳлаймиз ҳам. Фақат бошқа жойда яшаса дедик. Аммо Жалол “Ҳали бунга тайёр эмасман. Аввало болаларимни ўқитиб, жойли қилишим керак. Кейин ўз ҳаётим ҳақида ўйлайман”, деди, — дейди у.
Унинг таъкидлашича, фарзандлар учун она ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Болалар ҳам улғайиб қолгани учун янги инсонни қабул қилиши осон бўлмаслиги мумкин.
— Ҳалиманинг қизи Гулноза онаси тириклигидаёқ рўзғор ишларига ёрдам берарди. 8 ёшида овқат қилишни, уй йиғиштиришни биларди. Ҳалима раҳматли фарзандларини ҳаётга эрта тайёрлади, — дейди опаси.
Санъаткор дўстлари билан муносабатлар ўзгарганми?

Марҳуманинг опаси айтишича, Ҳалима тирик вақтида санъаткорлар билан кўпроқ борди-келди бўлган.
— Ҳозир ҳам давраларда кўришиб қолсак, саломимиз, ҳурматимиз жойида. Ҳаёт давом этаверади, ҳар ким ўз йўли билан яшайди, — деди у.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!