Мусулмон Юнусовнинг сўзлари муҳокама бўлди: "Карьерам чўққисида бўлса ҳам оилани танлайман"

Актёр Мусулмон Юнусов "Даракчи" нашрига берган интервюсида оила ва санъат ўртасида танлов қилишга тўғри келса, ҳеч иккиланмасдан оилани танлашини айтди. Унинг самимий фикрлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Актёрнинг таъкидлашича, инсон оғир кунларни бошидан кечираётганида унинг ёнида энг аввало оиласи қолади.
"Инсон касал бўлиб қолганида, мана-ман деган одамлар ҳам ёнида бўлмайди. Оиласидан бошқа ҳеч ким қолмайди. Агар мендан 'Оилани танлайсизми ёки санъатни?' деб сўрашса, ҳеч иккиланмай оилани танлайман. Карьерам энг юқори чўққида бўлса ҳам, санъатдаги ўрним жуда мустаҳкам бўлса ҳам оиламни танлайман. Чунки санъатда сизнинг ўрнингизни бир кун келиб бошқаси эгаллайди. Аммо оилада фарзандларингиз, яқинларингиз сизга суянч бўлади.", — деди у.
Мусулмон Юнусов фикрини онаси мисолида ҳам изоҳлаб, бугунги ҳаётда инсоннинг асл қадри оғир дамларда билиниши ҳақида гапирди.
"Масалан, онам бетоблар. Биз, фарзандлар, қараяпмиз. Олдин атрофида жуда кўп одамлар бор эди, дугоналари ҳам, танишлари ҳам ёнида эди. Ҳозир эса уларнинг деярли ҳеч бири йўқ," — дея сўзларини давом эттирди актёр.
Интервюдан олинган ушбу парча ижтимоий тармоқларда катта қизиқиш уйғотди. Изоҳларда кўплаб фойдаланувчилар Мусулмон Юнусовнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, инсон учун энг катта бойлик ва таянч айнан оила эканини таъкидлаб ўтишмоқда.






























Изоҳлар 0
…