09:06 / 13.09.2017
6 251

Омонат ғор сири (2-қисм)

Омонат ғор сири (2-қисм)
Машиналар турадиган жойга етиб Хосият биби тўхтади ва ортига бурилиб Лолага: “Қани?” дегандек бош силкиди. Қиз атрофига аланглади, бироқ бояги оппоқ “Нексия” жойида йўқ эди. “Худога шукр-э”, — хаёлидан ўтказди қиз ва елкасини қисди.

— Нумири неччи? Қараганмидинг нумирига?! — дағдаға қилди Хосият биби.

Лола каловланиб унинг юзига термилди, “Ҳозиргина шу ерда эди, кетиб қолибди”, демоқчи бўлди-ю, айтолмади, “қулт” этиб ютинди. Хосият бибининг кўзлари чақчайди. Бир қадам олдинга ташлаб, паншахадай қўллари билан Лоланинг нозик юзига қарсиллатиб тарсаки тортди. Қиз шундай бўлишини билар, бунга ҳатто тайёр ҳам эди. Аммо тарсакининг зарбидан оёқлари чалкашиб кетиб, ёнига қулади. Рўмоли бошидан тушиб, сочлари ёйилиб кетди. Хосият биби эса, баттар тутақди.

— Ҳали сан сочингни ёйиб юрибмисан?! — дея қичқириб қизнинг биқинига икки тепди. Лекин учинчи бор тепишга улгурмади, узоқдан можарони кузатиб турган милиционер югуриб келиб, «лўлибоши»нинг қўлидан ушлаб қолди.

— Ако, команди-ир, — илжайди Хосият, — мани танимабсиз-да.

— Танийман, — деди милиционер қовоғини уйиб, — лекин тартибни бузманг. Нима гап бўлса уйларингга бориб олиб, кейин орани очиқ қилинглар.

— Хўп, ако командир, сиз боринг, биз гаплашиб олаверамиз, — дея Хосият биби тупроққа беланиб ётган қизни ўзининг эркакча сўкишлари билан яна бироз сийлади-да, бозордаги жойига қараб кетди.

* * *

— Кимни кўриб қолдинг? — қўлида иккита елим халтача кўтариб олган Дониёр Бобурнинг ёнига келиб сўради.

— Ҳеч кимни, — дея нигоҳини лўли қиздан узди Бобур ва секин машинасига ўтирди, — битта лўли тиланиб келди, чўнтагимни кавласам, вообше майда пулим йўқ. Тирғалаверганидан кейин эй, бор-эй, деб битта мингталикни башарасига отиб юборгандим, ранги бўзариб, қайтариб ўзимга отса бўладими? Духи баланд экан.

— Шунга боядан бери қоққан қозиқдай серрайиб термилиб турганмидинг? Ундан кўра шефнинг буйруғини нима қиламиз, ўйладингми? — дея Дониёр чўнтагидан сигарета олиб лабига қистирди.

Бобур ён-атрофга қараб олиб, орада башараси тиришиб сигарет тутатаётган Дониёрга кўз ташлади-да, машинани юргизди.

— Нима қилишгаям ҳайронман, — деди у паришон ҳолатда.

— Менда битта зўр фикр бор, балки шуни қилармиз? — Дониёр машина ойнасини тушириб, сигарета ушлаган қўлини букиб, тирсагини ташқарига чиқариб олди.

— Айт-чи, — деди Бобур йўлдан кўзини узмай.

— Шефнинг кичик қизи — Лазокат какраз эртага Чимкентга кетади. Биз ундан олдинроқ борамиз-да, молни у ўтирган мошинага яшириб қўямиз. Унинг ўзи бу ёққа ўтказиб берганини билмай қолади. Қарабсанки, иш битди — эшак сувдан ўтди.

— Миянг жойидами сенинг? Шеф билиб қолса, теримизни шилади-ку! Кейин чегарада шефингми, бошқангми — қараб ўтирмайди.

— Мен…

— Қўй, бунақа гапни бир айтдинг, бошқа оғзингга олма, — дея унинг гапини чўрт кесди Бобур.

Шундан сўнг орага жимлик тушди. Иккиси ҳам ўз хаёллари билан банд бўлишди. Бобурнинг миясида лўли қизнинг: “Пулингиз бошингиздан қолсин”, деган гапи айланарди. “Қарғаб кетган бўлса-я, йўғ-э, лўлининг қарғиши ўтмайди, дейишади-ку… Ўтса-чи? Лекин қомати келишган экан. Кўкраклари жонингни суғуриб оламан, дейди. Қизиқ, лўлиларнинг бунақасини ҳеч кўрмагандим. Оппоққина, кийимлариям тоза, тишлари ялтирайди, атирнинг ҳиди келадими-ей… Йўқ, аниқ, у лўли эмас, ўзини лўлиликка солиб юрибди, шекилли…”. Хаёл олиб қочиб, йигит рулдалигини буткул унутган эди. Аксига олгандай, Дониёр ҳам йўл ёқасидаги қизлардан кўзини узмас, бири-биридан сулув қизларга ютоқиб қарар, ширин энтикиб қўяр, машинанинг эса йўлдан чиқиб кетаётганини сезмаётганди.

Бир маҳал Бобур ўтирган ўриндиқ тагидан чийиллаган товуш чиқди. У чўчиб кетди ва бирдан кўзи рўпарасидаги “КамАЗ”га тушди.

— Ўлдик!!! — дея бақирганча рулни ўнг томонга бурди. Бахтга қарши, рўпарадан елдай учиб “Тико” келарди… Кейин нима бўлганини Бобур англаёлмайди. «Қасир-қусур» товушларни, кимларнингдир бақиргани-ю машинанинг бир ёнбошга оғаётганини элас-элас эслайди. Кўз олдини туман қоплади, сўнгра бутун борлиқ зулмат қўйнига сингиб кетди…

У йиғи товушидан уйғониб кетди. Кўзини очмоқчи бўлди, очолмади. “Нима бўлаяпти?” деган фикр ўтди хаёлидан. Кўзини босиб турган нарсани олиб ташламоқчи бўлиб қўлини кўтаришга уринди, бироқ қўли қимирламади. Сўнг оёғида ҳам жон йўқлигини сезди. “Ўлиб қолган бўлсам-а!” деган ўйдан қўрқиб кетди ва бақирмоқчи бўлди, бироқ овози чиқмади. Хаёлида қулоғидан бошқа биронта ҳам аъзоси ишламаётгандай. “Ҳақиқатан ҳам ўлибман. Ўлганлар фақат эшитса керак… Тўхта, нега ўлар эканман? Ким мени ўлдирди? Қандай қилиб?” Кейин бошида қаттиқ оғриқ турди. Бобур беихтиёр ўкириб юборди. Бўғзидан бу сафар товуш чиқди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Омонат ғор сири (2-қисм)