20:14 / 26.01.2018
10 098

Илҳом Фармоновнинг 8 қалтис саволга жавоби

Илҳом Фармоновнинг 8 қалтис саволга жавоби
1. Сиз ҳақингизда гап кетганида, навоийлик­лар “Илҳом Фармонов ўзимиздан”, дейишади. Бироқ Хатирчига борганингизда ўзингиз бу фикрни тасдиқламаган экансиз?
— Бу воқеани эслолмадим. Хатирчиликлар қаерданлигимни сўрашса, “ўзингизданман”, дейман. Отам навоийлик, Тошкентга келиб, таҳсил олиб, пойтахтда қолган. Онам андижондан, биз фарзандлар Тошкентда туғилганмиз. Кўпчилик мени қаерда туғилганим устида баҳс бойлашганига кўп бор гувоҳ бўлганман (кулади). Навоийда амакиларим, Андижонда тоғаларим бор, тез-тез бориб тураман. Шундай экан, Илҳом Фармонов ҳам навоий­лик, ҳам андижонлик, хуллас, ўзбекистонликман.

2. Илҳом Фармоновнинг даври ўтдими ё бугун рақобатга дош беролмаяптими?
— Нафақат санъат соҳасида, балки бошқа касбларда ҳам ўйланган натижа доим бўй кўрсатавермайди. Янги ҳамкорлар билан ишлаб, халқнинг назарига тушадиган, олқиш олиб келадиган қўшиқлар ёзиб, тинимсиз ҳаракатдаман. Давр масаласига тўхталсак, шукр ҳар куни халқ хизматидаман. Ҳар бир даврада меҳр-муҳаббат билан кутиб олиб, худди шу ҳурмат билан кузатиб қўйишади. Бундай эътибордан ҳатто ойлар, йиллар қандай ўтиб кетаётганини сезмай ҳам қоляпман.

3. Илҳом Фармонов “тўйчивой” хонандами ё санъаткор?

— Санъаткор! Отам болалигимдан “Ўз соҳангнинг етакчи мутахассиси бўлгин. Ҳеч қачон пулнинг ортидан қувмагин”, деб уқтирган. Халқ хизматларига борсам ҳам “фалон вақтдан фалон вақтгача бўшман”, дея шошма-шошарлик қилмайман. Сидқидилдан хизмат қилиб, хонадоннинг катталаридан дуо олиб, рози қилиб, сўнг кетаман.

4. Ижодингизда сон устунлик қиладими ё сифат?
— Қай бир қўшиқ оммалашишини билиб бўлмайди. Лекин доим ҳар бир қўшиғимга профессионал даражада ёндашаман. Аниқроғи, сифат учун ишлайман. Сира концерт ва альбомлар рўйхатини тўлдириш мақсадида сон учунгина қўшиқ ёзган эмасман.

5. Нега аввалгидек “хит” қўшиқлар репертуарингизни бойитмай қўйди?
— Тўғри, кетма-кет қўшиқларни тақдим қиляпмиз, лекин кутилганидек оммалашмаяпти. “Хит” қўшиқ ёзиш, бу аниқ фан эмас-да, ҳисоб-китоб қилиб, кўзланган натижага эришилса. Балки рекламага у қадар эътибор қаратмаганим учун натижа ўзини узоқ куттираётгандир?! Лекин доимий ижод “уммон”идаман, бир неч­та янги қўшиқлар ҳозирлаб қўйганман. "Ҳаракатда баракат", дейди-ку.

6. “Яшанг” қўшиғингизнинг клипи ғояси сизга манзур келганми? Клипмейкерга кўчирмакашлиги учун ҳақ тўлаганингиздан хабарингиз борми?

— Клип мавзуси ғоясини клипмейкерга ўзим берганман. Хонандалар ҳар куни халқ хизматида, тўй эгаларининг яқинлари биз санъаткорларни тўёна қилишади. Айнан шу кундалик ҳаётимизни клипга кўчиришни истагандим. Лекин клипмейкернинг кўчирмакашлик қилганидан хабарим йўқ эди. Аслида кўчирмакаш, демаган бўлардим. Балки ғоям ўша хориж клипига мос келиб қолган ва ундан илҳомлангандир, бундан ранжимадим.

7. Сўнгги беш йилликда сиз куйлашни истаган қўшиқ чиқдими?

— (Ўйланиб) Ўзбекис­тон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Мендирман ўша” қўшиғини эъти­роф этаман. Ватан ҳақида айнан шундай ёндашув, жиддий тайёргарлик билан қўшиқ куйлашни ният қилиб юргандим.

8. Ўғлингиз Ислом Фармонов “Илҳом Фармоновнинг ўғли” деган номдан бошқа нима орттирди? Ўғлингиз соянгизда қолиб кетишидан қўрқмайсизми?
— Болалигидан “Томоша” гуруҳида таҳсил олди, давлат тадбирларида иштирок этди. Сўнг мустақил ижод бошлади. Ҳозир овози ўзгарадиган пайтда бўлгани учун қўшиқ куйламаяпти. Орадаги танаффусда Исломни илмга йўналтирганман. Гитара, ғижжак, рубоб, фортепиа­но чалишни мукаммал ўрганяпти. Соямда қолиб кетмаслигига ишонаман. Боиси фарзандларимни мустақил қилиб тарбиялайман. Мени номимдан фойдаланиб, иш битиришига рухсат йўқ! Ҳаётни оғир-енги­лини татиб кўриши учун ҳам ўзи оёққа туриши лозим.

Суратда: Илҳом Фармонов ўғли билан.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Илҳом Фармоновнинг 8 қалтис саволга жавоби